Офис учун ичимлик суви харид қилиш харажатларига қандай солиқлар солинади

preview

Ташкилот ходимлари учун ичимлик суви ва унинг истеъмоли учун ускуна (кулер) сотиб олади. Солиқ текширувлари амалиётининг кўрсатишича, ушбу операцияда турли солиқ хатарлари мавжуд бўлади. Солиқларни ҳисоблашда ичимлик суви ва кулер аппаратини сотиб олиш харажатларини қандай тўғри ҳисобга олиш ва хатарлар даражасини камайтиришни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:


– Текширувчилар идишлардаги ичимлик сувини харид қилиш харажатларига солиқ солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқаётганда, кўпинча солиқ тўловчини «ушбу харажатларга фойда солиғи ёки ЖШДС ва ижтимоий солиқ солиниши, улар ҚҚСни ҳисоблашда чегириб ташланмаслиги лозим» деб ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Бунда солиқ тўловчилар кўп ҳолатларда қонун ҳужжатлари тафсилотларига тўхталмасдан, бундай ёндашувга рози бўладилар. Келинг ҳаммасини тартиб бўйича кўриб чиқамиз.


1. Ичимлик суви харажатлари фойда солиғини камайтиради

Текширувчилар ўз нуқтаи назарларига асосланиб, бунинг аксини, яъни ичимлик сувини сотиб олиш харажатлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган харажатлар деб айтишлари мумкин. Ахир ушбу харажатлар нормал меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган харажатлар сифатида СК ва МКда қайд этилмаган.

Мазкур ҳолатда СКнинг 305-моддаси мазмуни нотўғри талқин қилинади. Ундан ходимлар учун ичимлик сувини сотиб олиш нормал меҳнат шароитларини таъминлаш харажатлари тоифасига киритилиши ва фойда солиғи солинадиган базадан чегириб ташланиши келиб чиқади.

МКнинг 16-моддасига мувофиқ ходим хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш ҳуқуқига эгадир.

МКнинг 74-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

  • иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);
  • ходимнинг меҳнат вазифаси - мутахассислиги, малакаси,
  • у ишлайдиган лавозим;
  • ишнинг бошланиш куни;
  • меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;
  • меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

МКнинг 88-моддасига мувофиқ меҳнат шартлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан белгиланади.

МКнинг 177-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, Меҳнат кодексига мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шарт.

Кўпинча компаниялар раҳбарияти томонидан бундай эҳтиёжлар деганда фақат ходимларнинг иш жойини ташкил қилиш ҳамда уларга маблағлар ва меҳнат буюмлари берилишини тушунилади, бунда мазкур талабга санитария-гигиена нормаларига мос келадиган шарт-шароитларни яратиш зарурати ҳам киритилиши ёддан чиқарилади. Шунга эътиборни қаратмоқчиманки, МКнинг 88 ва 177-моддасида иш берувчига ходимларнинг маиший эҳтиёжларини таъминлаш мажбурияти, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ санитария-маиший ва даволаш-профилактика хизматлари кўрсатилиши юклатилганлиги қайд этилган.

Нормал меҳнат шароитларини таъминлаш харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади. Ушбу харажатлар жисмоний шахсларнинг даромадлари жумласига киритилмайди .

Бундан ташқари, қонун чиқарувчи томонидан бундай харажатлар рўйхати тугалланмаган ҳолатда қолдирилган .

МКнинг 18-моддасида айтилишича, айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши мумкин, булар қуйидаги омиллар билан белгиланади:

  • ходим билан корхона ўртасидаги меҳнат алоқасининг хусусияти;
  • ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусияти;
  • табиий иқлим шароитлари;
  • ходим меҳнат қилаётган жойнинг алоҳида ҳуқуқий тартиби;
  • бошқа объектив омиллар.

Ичимлик суви (шу жумладан кулер ва барча зарур ускуналар) сотиб олиш харажатларининг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш-оқламаслиги масаласига келадиган бўлсак, солиқ тўловчилар ҳам, солиқ органлари ҳам СКнинг 305-моддаси ва Меҳнат кодексига амал қилишлари лозим.

Даромад олишга қаратилган фаолиятни юритиш мақсадида амалга оширилган чиқимлар харажатлар деб эътироф этилади .

5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚда назарда тутилган солиқ тўловчининг нормал меҳнат шароитлари ва техника хавфсизлиги нормаларини таъминлашга доир харажатлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар жумласига киритилади  .

Ичимлик суви сотиб олиниши нафақат нормал меҳнат шароитларини, балки техника хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам зарурдир, кўпчилик иш берувчилар буни унутиб қўядилар ва фақат ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли деб ҳисоблайдилар.

Ходимлар учун ичимлик суви сотиб олиш харажатлари ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлаганлиги ҳамда харажатларнинг даромад келтирадиган фаолиятни амалга оширишга йўналтирилганлиги ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд, буни айрим текширувчилар эътиборга олишни хоҳламайдилар.

Нормал меҳнат шароитларини таъминлаш ва санитария-гигиена нормаларига риоя этиш ходимларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга ва уларнинг меҳнат унумдорлигини оширишга, бинобарин, ташкилот даромадларининг ошишига имконият яратади.

«Сув» харажатларини ишлаб чиқариш, бошқарув, вакиллик харажатлари таркибига киритиш мумкин.

Қоидага кўра, сув солинган идишлар (кулерлар) умумий фойдаланиш мумкин бўлган жойларга жойлаштирилади ва ҳар бир ходим улардан фойдаланиши мумкин бўлади, бундай ҳолат сайёр текширув ёки солиқ назорати бўйича қўшимча тадбирларни ўтказиш чоғида аниқланиши мумкин.


2. Ичимлик сувига ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинмайди

Солиқчилар ходимлар учун сотиб олинадиган ичимлик сувига ЖШДС ва ижтимоий солиқ солиниши керак деб ишонтиришга ҳаракат қилган ҳолатларда солиқ тўловчиларга маслаҳатлар берганман. Бундай ёндашув меҳнат шартномаларида ходимларни ичимлик суви билан таъминлаш мажбурияти қайд этилганлиги ва сўзсиз улар томонидан сув истеъмол қилинишини англатиши билан асосланади.

Бироқ меҳнат шартномасидаги бундай бандда ходим даромад олганлиги қайд этилмаган. Ходим мазкур хизматдан фойдаланганлиги ёки қандай ҳажмда фойдаланганлигини исботлаб беришнинг имкони бўлмаганлиги сабабли масъулияти маълум шахсга юклатилмаган хизматлар учун тўлов ЖШДС бўйича солиқ базасига киритилмайди. Ишончим комилки, ҳеч бир ташкилотда ходимларнинг ичимлик суви учун идиш кўтариб кулернинг ёнига неча марта борганлиги назорат қилинмайди.

Шу тариқа ичимлик сувининг берилиши моддий наф деб ҳисобланмайди. Бу – нормал меҳнат шароитларини яратиш мақсадида қилинган харажатларнинг бир тури бўлиб, СКнинг 369-моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайди. Демак, ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳам солинмайди.


3. Ходимларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатлари – чегириладиган харажатлар

Йирик солиқ хатарлари «ҚҚС солинадиган операциялар» тушунчасида мавжуд. Солиқчилар ходимлар учун ичимлик сувини сотиб олиш уни кейинчалик реализация қилиш билан боғлиқ эмас деб ҳисоблашлари мумкин. Яъни ушбу ҳолатда ҚҚС солинадиган операциялар амалга оширилмайди, демак, солиқни чегириб ташлаш ва қоплаш ҳуқуқи ҳам мавжуд бўлмайди.

Албатта, инспекторлар бюджет харажатларини камайтиришга ҳаракат қиладилар, бироқ қонун ҳужжатлари нормаларини ҳам ёддан чиқармаслик керак, уларга мувофиқ ҳисобварақ-фактуралар мавжуд бўлганда товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчига тўланган ҚҚС суммаси бундай товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб бериш чоғида чегириб ташланиши лозим .

Бинобарин, ичимлик сувини харид қилиш товарни сотиб олишга оид операция ҳисобланади, яъни бу операцияда ҚҚС чегириб ташланиши лозим.

Қуйидагиларни кўрсатиб ўтган ҳолда ҚҚС нотўғри ҳисобланганлиги ва қопланганлиги юзасидан даъволар билдирилиши хатарини камайтириш мумкин:

  • етказиб бериш шартномаларида –сув солинган идишлар эмас, балки «қайтариладиган тара» деб номланадиган айнан ичимлик суви харид қилинаётганлиги ва қабул қилиш-топшириш далолатномасига асосан белгиланган муддатларда ичимлик сувини етказиб берувчига қайтарилиши лозимлиги кўрсатилади;
  • ҳисобварақ-фактураларда – айнан ичимлик суви етказиб берилганлиги кўрсатилади. 


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text170314_ofis_uchun_ichimlik_suvi_harid_qilish_harajatlariga_qanday_soliqlar_solinadi