Қандай қилиб СҚҚСдан ҚҚСга ўтиш мумкин

preview

2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ҳисоб-китобининг соддалаштирилган тартиби (СҚҚС) бекор қилинди.

СҚҚС 2019 йилда солиқ даври давомида ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар, шу жумладан ЯСТ тўловчилари учун вақтинча жорий этилган. Тартиб солиқни фаолият турига боғлиқ ҳолда табақалаштирилган ставкалар бўйича, ҳисобга олиш механизмини қўлламаган ҳолда ҳисоблашни назарда тутган.

ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш ҳисобига қўйиш (шу жумладан – СҚҚСдан ҚҚСга ўтиш), шунингдек ҚҚС тўлашни рад этиш тартибини ДСҚ белгилаши лозим. Бироқ, бугунги кунда бундай тартиб ҳали ишлаб чиқилмаган.

“Норма” экспертлари томонидан Молия вазирлигидан олинган оғзаки ахборотга кўра, кейинчалик ҳам ҚҚСни тўлашни кўзлаган СҚҚС тўловчилар автоматик тарзда унинг тўловчиси бўлади. Бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиш шарт эмас.

Агар сиз 2019 йилда ЯСТ тўловчиси бўлган ҳолда СҚҚСни ихтиёрий равишда тўлаган бўлсангиз, 2020 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ва ҚҚСни тўлашга ўтасиз. 2019 йил учун 1 млрд сўм миқдоридаги жами даромадларнинг энг юқори қийматига риоя қилинган тақдирда сиз айланмадан солиқ тўлашда қолишга ҳақлисиз, бироқ ҚҚС тўламаган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўлашни рад этиш учун 2020 йил 1 февралга қадар бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилинг.

Агар 2019 йилда сиз умумбелгиланган солиқларни, жумладан СҚҚСни тўлаган бўлсангиз, 2020 йил 1 январдан сиз автоматик тарзда ҚҚС тўловчи бўласиз.

Эътибор беринг
Яна бир бор такрорлаймиз: юқорида келтирилган муддатлар ва тартиб Молия вазирлиги вакили томонидан оғзаки равишда айтилган, норматив тасдиғи – йўқ, сиз бундай тавсиядан таваккал қилиб фойдаланишингиз мумкин.

Қандай қилиб ТМҚ қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин

2020 йил 1 январдан бошлаб СҚҚСдан ҚҚС тўлашга ўтаётганда қуйидагилар бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олинг:

  • 2019 йилда, яъни охирги 12 ойда ҚҚС билан харид қилинган ТМЗ қолдиқлари;
  • 2019 йилда ҚҚС билан харид қилинган узоқ муддатли активлар.

Эслатиб ўтамиз: қуйидагилар ТМЗга киради :

  • хом ашё ва материаллар;
  • харид қилинадиган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар;
  • ёқилғи;
  • идиш ва идишбоп материаллар;
  • эҳтиёт қисмлар;
  • инвентарь ва хўжалик анжомлари;
  • бошқа материаллар;
  • тайёр маҳсулот;
  • товарлар;
  • деталлар, узеллар, буюмларнинг тугалланмаган ишлов берилиши ва йиғилиши ҳамда тугалланмаган технологик жараёнлар кўринишида тугалланмаган ишлаб чиқариш;
  • боқувдаги ва яйловдаги ёш ҳайвонлар ва катта ёшдаги ҳайвонлар; паррандалар; асалари оилалари; сотиш учун асосий подадан яроқсиз қилинган (боқувга қўйилмасдан) катта ёшдаги қорамоллар, сотиш учун четдан қабул қилинган қорамоллар.

Узоқ муддатли активлар деганда қуйидагилар тушунилади:

  • асосий воситалар, шу жумладан молиявий ижара шартномаси асосида олинган асосий воситалар;
  • номоддий активлар;
  • ўрнатиладиган асбоб-ускуналар;
  • капитал қўйилмалар, шу жумладан - қурилиши тугалланмаган объектлар.

Тайёр маҳсулотлар қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш чоғида 2019 йилда ҚҚС билан харид қилинган ва ушбу маҳсулот таннархига киритилган товарлар ва хизматларни инобатга олинг.

Қурилиши тугалланмаган объект бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш чоғида 2019 йилда ҚҚС билан харид қилинган ва мазкур объектнинг баланс қийматига киритилган товарлар ва хизматларни инобатга олинг.

Узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш чоғида қайта баҳолашни инобатга олмаган ҳолда уларнинг баланс (қолдиқ) қийматини инобатга олинг.

Эътибор беринг
ТМҚ ва хизматлар қийматига тўғри келадиган ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаларини етказиб берувчилар уларни харид қилишга доир ҳужжатларда кўрсатган ставкаларга асосланиб ҳисоблаб чиқаринг.
Мисол
ТМЗ ва узоқ муддатли активлар қолдиқлари бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаларини аниқлаш.
2019 йилда СҚҚС тўлаган корхона 2020 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчи бўлади. 2020 йил 1 январь ҳолатига унинг балансида қуйидагилар ҳисобга олинган:
  • 100 млн сўмга ҚҚС билан харид қилинган материаллар ва товарлар. Улардан охирги 12 ой, яъни 2019 йил 1 январдан 31 декабргача 80 млн сўмга, шу жумладан 20% ставка бўйича ҚҚС билан – 23,4 млн сўмга;15% ставка бўйича – 46 млн сўмга; 6% ставка бўйича – 10,6 млн сўмга материаллар ва товарлар харид қилинган; таннархи 100 млн сўм бўлган тайёр маҳсулотлар. 2019 йилда харид қилинган ва таннархга киритилган товарлар ва хизматлар 80 млн сўмни ташкил этади, шу жумладан – 20% ставка бўйича ҚҚС билан -29,4 млн сўм; 15% ставка бўйича – 50,6 млн сўм;
  • ҚҚС билан харид қилинган, қолдиқ қиймати 200 млн сўм бўлган ишлаб чиқариш ускуналари. Улардан 2019 йилда 20% ҚҚС билан харид қилинган ускуналарнинг қолдиқ қиймати 50 млн сўмни ташкил этади;
  • қиймати 300 млн сўм бўлган қурилиши тугалланмаган объект, шу жумладан – шу қийматга киритилган ва 2019 йилда 20% ҚҚС билан харид қилинган суммаси 150 млн сўм бўлган товарлар ва хизматлар. 2020 йил 1 январь ҳолатига корхона ТМЗ ва узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСнинг қуйидаги суммаларини ҳисобга олишга ҳақли:
  • харид қилинган материаллар ва товарлар бўйича – 10,5 млн сўм (23,4 / 120 х 20 + 46 / 115 х 15 + 10,6 / 106 х 6);
  • - тайёр маҳсулотлар таннархига киритилган товарлар ва хизматлар бўйича – 11,5 млн сўм (29,4 : 120 х 20 + 50,6 : 115 х 15);
  • - ускуна бўйича - 8,3 млн сўм (50 : 120 х 20);
  • - қурилиши тугалланмаган объект қийматига киритилган товарлар ва хизматлар бўйича - 25 млн сўм (150 : 120 х 20).
Бухгалтерия ҳисобида 2020 йил 1 январь ҳолатига ТМЗ ва узоқ муддатли активлар қолдиқларига тўғри келадиган ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Хўжалик операцияси мазмуни

Сумма,
млн с
ўм

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

ТМЗ қолдиқларига тўғри келадиган ва илгари уларнинг таннархига киритилган ҚҚС суммаси ҳисобга олинди  (10,5 + 11,5)

22

4410

1000,

2800,

2900

2019 йилда харид қилинган, илгари уларнинг бошланғич қийматига киритилган асосий воситалар (ускуналар) бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинди.

8,3

4410

 

0100

2019 йилда харид қилинган, илгари қурилиши тугалланмаган объект қийматига киритилган  товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинди

25

4410

 

0810

ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш чоғида, қуйидаги шартларга риоя қилинганлигига ишонч ҳосил қилинг :

  • ТМЗ ва узоқ муддатли активлардан ҚҚС солинадиган, шу жумладан – ноль ставка бўйича солиқ солинадиган тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилиши керак;
  • ҚҚС суммаси ажратилган ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ва сотиб олинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат мавжуд;
  • етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган;
  • импорт қилинган товар бўйича ҚҚС бюджетга тўланган;
  • чет эллик шахслар томонидан кўрсатилган хизматларни харид қилиш билан боғлиқ ҚҚС бюджетга тўланган.

Шунингдек, қуйидаги ҳолларда харид қилиш (олиб кириш) чоғида тўланган ҚҚС ҳисобга олинмаслигини ёдда тутинг :

  • ТМЗ солиқ солинмайдиган фаолиятда фойдаланиладиган асосий воситаларни, кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун сотиб олинганда;
  • сотиб олинган ТМЗ вакиллик харажатлари учун ишлатилса;
  • ТМЗ, хизматлар ва узоқ муддатли активлар бепул олинганда. Бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ сиз улар бўйича ҚҚС тўлашингиз шарт бўлган ҳоллар мустасно. Масалан -  сотиш жойи Ўзбекистон бўлганда хорижий юридик шахслардан импорт бўйича товарлар ва хизматлар бепул олинганда;
  • шахсий эҳтиёжларингиз учун фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатлар чегириб ташланмайдиган ТМЗ сотиб олинганда .

Шунингдек, қуйидаги ТМЗ ва узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди, агар уларни сотиб олиш ёки олиб кириш амалга оширилаётган фаолият турига боғлиқ бўлмаса:

  • енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётлар, моторли қайиқлар, самолётлар, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турлари ва улар учун ёқилғи;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари.

Ирина АХМЕТОВА,
«Норма» эксперти