Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қайси чет эл компаниялари Ўзбекистонда солиқ тўлаши лозим
Buxgalter.uz да «Гуглга солиқ» тўлаш учун «Интернет-компания ҚҚС-офиси»дан қандай фойдаланиш ҳақида айтиб ўтилди. Бу ҳақда ДСҚ солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бошқармасининг бўлим бошлиғи Азиз УМИРЗОҚОВ батафсил тушунтириш берди:
- Кимлар «Интернет-компания ҚҚС-офиси» орқали солиқ тўлаши лозим?
- Ўзбекистонда жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатадиган чет эл компаниялари. Шунингдек уларнинг воситачилари – Ўзбекистонда жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларда топшириқ, воситачилик, агентлик ёки бундай хизматларни кўрсатадиган чет эл юридик шахслари билан тузилган шунга ўхшаш шартномалар асосида бевосита иштирок этадиган чет эл юридик шахслари.
- Ҳисоб-китоблар занжирида бир нечта чет эл юридик шахслари – воситачилар кетма-кет иштирок этган ҳолда хизматлар кўрсатилганда, ким солиқ тўлаши лозим?
- Бевосита жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларда иштирок этадиган компания, бундай хизматларни кўрсатадиган чет эл юридик шахслари билан шартномалар тузган-тузмаганлигидан қатъи назар, солиқ агентлари деб эътироф этилади .
- «Электрон шаклдаги хизматлар» деганда нималар тушунилади?
- Уларга Интернет тармоғидан автоматик усулда фойдаланиш орқали кўрсатилган хизматлар киради :
1) дастурий таъминотдан (шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан фойдаланиш, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш ҳуқуқларни тақдим этиш;
2) электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини, шу жумладан кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;
3) Интернет тармоғида, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек Интернет тармоғида реклама учун майдон (жой) ва вақт ажратиш;
4) Интернет тармоғида товарларни (хизматларни) харид қилиш ва реализация қилиш, мулкий ҳуқуқларни олиш тўғрисида таклифларни жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;
5) сотувчилар ва харидорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва битимлар тузиш учун ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган техник, ташкилий, ахборот имкониятларини ҳамда бошқа имкониятларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш. Бундай хизматлар сирасига жумладан онлайн режимида ишлайдиган савдо майдончасини бериш киради, бу майдонда потенциал харидорлар автоматлаштирилган тартиб-таомил воситасида ўз нархини таклиф этади ҳамда тарафлар автоматик тарзда яратиладиган хабар орқали сотув тўғрисида хабардор қилинади;
6) ўз мақсадлари учун ёки иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадида Интернет тармоғида ҳозир бўлишни таъминлаш ва (ёки) сақлаб туриш, фойдаланувчиларнинг электрон ресурсларини (сайтларини ва (ёки) сайтлари саҳифаларини) сақлаб туриш, улардан бошқа фойдаланувчиларнинг фойдаланишини таъминлаш, модификациялаш имконини тақдим этиш;
7) дастурнинг масофадан ва онлайн режимида ишлашини автоматик тарзда сақлаб туриш, ахборот тизимларини, сайтларни ва (ёки) саҳифаларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш;
8) ахборотни тақдим этган шахс ундан Интернет тармоғи орқали фойдаланиш имконига эга бўлса, ушбу ахборотни сақлаш ва унга ишлов бериш;
9) ахборот тизимида ахборотни жойлаштириш учун реал вақт режимида ҳисоблаш қувватини тақдим этиш;
10) домен номлар бериш, хостинг хизматларини кўрсатиш;
11) Интернет тармоғи орқали харидор томонидан маълумотлар киритилаётганда автоматик усулда юзага келадиган ахборотни етказиб бериш, маълумотларни қидириш, сўровларга кўра уларни саралаш ва ажратиш, ахборот-коммуникация тармоқлари орқали мазкур маълумотларни фойдаланувчиларга тақдим этиш бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатиш. Бундай етказиб беришлар жумласига,хусусан, реал вақт режимида фонд биржасининг маълумотларини етказиш ва матнларнинг автоматлаштирилган таржимасини амалга ошириш киради;
12) потенциал харидорлар тўғрисидаги ахборотни қидириш ва (ёки) буюртмачига тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;
13) Интернет тармоғидаги қидирув тизимларидан фойдаланиш имконини бериш;
14) сайтларда статистикани юритиш.
12 февралда tax.uz да фойда солиғини тўлашга оид ахборот жойлаштирилган. Ўзбекистонда доимий муассасани ташкил этмаган ҳолда электрон хизматлар кўрсатадиган чет эл компаниялари қандай солиқларни тўлаши кераклигини аниқлаштириб олинг.
- Фақат ҚҚС – 15%. Сайтдаги бутун функционал шунга мосланган. Сайтда «Саволларга жавоблар» бўлимидаги материалларга тузатиш киритилиши кўзда тутилган.
- Бундай солиқ тўловчилар учун ҚҚС қандай ҳисобланади?
- Чет эл юридик шахслари солиқни мустақил ҳисоблайдилар. Солиқ ҳар чоракда ҳисобланади ва тўланади. Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни реализация қилишдан олинган суммага солиқ солинади.
«Интернет-компания ҚҚС-офиси» шахсий кабинетида бунинг учун зарур функционал мавжуд.
Чет эл компанияси чет эл валютасида кўрсатилган электрон хизматлар суммасини ва 15%лик миқдордаги солиқ ставкасини кўрсатган ҳолда солиқни тўлайдилар. Тегишли валютада ҳисоб-китоблар учун мўлжалланган Ўзбекистон солиқ органлари счётига пуллар келиб тушади. Бундан кейин чет эл валютаси конвертация қилинади ва солиқ тўловчининг тегишли шахсий карточкасига ўтказилиб ҳисобга киритилади.
- Солиқ тўловчи қандай ҳисобот топширади?
- Яқин кунларда «Интернет-компания ҚҚС-офиси» сайтида шахсий кабинетда фойдаланиш мумкин бўладиган соддалаштирилган декларация шакли жойлаштирилиши назарда тутилган.
- Солиқ органлари чет эл компаниялари томонидан солиқ ҳисобланиши ва тўланишининг тўғрилигини қандай назорат қиладилар?
- Бизда чет эл компаниялари томонидан кўрсатиладиган электрон хизматлар Ўзбекистонда талабгирлиги ҳақидаги ахборот мавжуд. Бундай хизматлар Президентнинг 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон қарорига асосан ваколатли ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Биздаги ва солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган маълумотлар ўртасида фарқ мавжудлиги аниқланса, «ҚҚС-офис» орқали солиқ тўловчига солиқ суммасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида хабарнома юборилади.
Олег ГАЕВОЙ.