ҚҚС бўйича имтиёз гўшт, балиқ ва картошкага қандай қўлланилади

preview

2021 йил 10 октябрдан 31 декабрга қадар гўшт (мол, қўй, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ва музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланмалар ва мамлакатга олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган . Бироқ мазкур имтиёзни қўллаш осон бўлмайди, деб ҳисоблайди солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА. Молия вазирлиги, Божхона ва Солиқ қўмиталарининг ёрдами зарур:

 

- Имтиёз 2021 йил 10 октябрдан ўрнатилган.   ЎРҚ-725-сон Қонунига асосан СКга киритилган қўшимчалар 25 октябрда кучга кирди. Энди солиқ тўловчилар ҳам мазкур имтиёзни ретроспектив тарзда қўллаш бўйича талай саволлар беришмоқда. Норматив-ҳуқуқий базада уларга жавоб йўқ.

Молия вазирлиги, ДСҚ ва ДБҚнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти иштирокчилари учун ижро қилиш мажбурий бўладиган  расмий тушунтиришлари зарур. Акс ҳолда кўп тадбиркорларга вазиятдан қонунчиликни бузмасдан ва зарарсиз чиқиш жуда мураккаб бўлади.

10-25 октябрда тадбиркорлар ушбу давр учун уларга солиқ имтиёзи тақдим этилишидан бехабар ҳолда ишладилар.

ҚҚС бўйича имтиёз - ўзига хос хусусиятга эга. У мавжуд бўлган тақдирда сиз уни қўллашингиз шарт. Солиқ тўловчида ҚҚС бўйича имтиёзни қўллашни рад этиш ёки тўхтатиб туриш ҳуқуқи йўқ .

Бундан ташқари, ҚҚСдан озод қилинган товарларни (хизматларни) реализация қилишда ва ҚҚСни тўловчилар бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (хизматларни) реализация қилишда солиқни ЭҲФда акс эттирганлик жарима солишга сабаб бўлади .

Имтиёзни қўллаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам бор:

 

1. Товарлар 10 дан 25 октябргача бўлган даврда импорт қилинган ва “божхона” ҚҚС тўланган бўлса, солиқ қайтариладими?

Импортёрлар учун бу жуда оғриқли масала, сабаби уларнинг харидорлари ҳозир шартномаларга қўшимча келишувлар тузишни талаб қилишни бошлашади, уларда нарх ҚҚСсиз ҳисоблаб чиқарилади. Давлат божхонада тўланган солиқни уларга қайтармаса, улар зарар кўришади, чунки харидорларига уни ўз маблағлари ҳисобидан қайтаришга мажбур бўлишади.

2.  Товар ҚҚС билан чакана ва шартномалар асосида нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича сотилган бўлса, нима қилиш керак?

Нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича сотилган товарларга нисбатан, албатта, тузилган қўшимча келишувлардан келиб чиқадиган ўзаро ҳисоб-китобларни ҳали амалга ошириш мумкин.

Бироқ, чакана сотилган товар билан қандай йўл тутиш умуман тушунарсиз. Бу вазиятда солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бўйича маълумот” интерактив хизматининг “Чекка тузатиш киритиш” ва “Имтиёзлар” функционалларининг ишлаши номаълумдир. Мазкур вазиятда улардан қайси бирини қўллаш тўғрироқ бўлади?

Ушбу масалани ДСҚ техник жиҳатдан тартибга солади, деб фараз қилайлик, бироқ харидорга ҚҚСни қайтаришда қандай йўл тутиш лозим, ахир у солиқни аллақачон тўлаган? Пулни қайтариш учун харидорни қандай топиш мумкин?

Умуман, ҳозирча жавоблардан кўра саволлар кўп.

 

Нима қилиш керак

Тушунтиришларни ишлаб чиқишда мен қуйидаги тамойилларни киритган бўлардим:

  1. 10 дан 25 октябргача бўлган даврда етказиб бериш амалга оширилган бўлса, солиқ тўловчи шу давр учун ҚҚСни қайтариш тўғрисида ариза билан Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилиши керак. Божхона декларацияларига тузатиш киритилиши лозим.
  2. Имтиёзнинг амал қилиш даврида кўрсатилган товарлар учун нарх ҚҚСсиз ҳисоблаб чиқарилиши муносабати билан, сотувчилар қўшимча келишувлар тузишлари ва қийматни ҚҚСсиз қайта  ҳисобга олган ҳолда шартномаларга ўзгартиришлар киритишлари керак.
  3. Сотувчилар 10-25 октябргача бўлган даврда амалга оширилган етказиб бериш бўйича ўз харидорларига қўшимча ЭҲФ тақдим этишлари керак. Онлайн-НКТ маълумотлари бўйича тушумларга имтиёзни қўллаш имкониятини тақдим этиш зарур, харидорларга ҚҚС суммаларини қайтаришни эса сотувчи ихтиёрида қолдириш лозим. Умуман, ўйлайманки, ушбу жиҳатни ҳар бир тадбиркорнинг ўзи мустақил ўйлаб кўриши керак.

Бугун бухгалтерлар тез-тез бераётган яна бир саволга эътиборни қаратишни истардим: омборлардаги 2021 йил 10 октябрь ҳолатига бўлган қолдиқларни нима қилиш керак? Товар ҚҚС билан харид қилинган бўлса, солиқни товарнинг қийматига киритиш вазиятдан чиқишнинг энг содда йўлидир.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text174232_qqs_buyicha_imtiez_gusht_baliq_va_kartoshkaga_qanday_qullaniladi