Солиқ органлари ҚҚС ҳисоб-китобида янги сатрларни тўлдиришни қандай тавсия қиладилар

preview

ҚҚС бўйича электрон ҳисоботга икки ой олдин янги сатрлар - 01083 «Товарлар (ишлар, хизматлар)ни қоплаш суммалари» ва  01084 «Комитент ёки топшириқ берувчи номидан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) суммалари» қўшилди. Бухгалтерларнинг ҳеч бири уларни қандай тўғри тўлдириш, қайси кўрсаткичларни кўрсатишни билишмаган ва ҳозиргача билишмаяпти.

buxgalter.uz портали қуйидаги саволларга тушунтириш беришни сўраб Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасига мурожаат қилди:

1. Солиқ тўловчилар янгидан киритилган сатрларни ҳисобот шаклларидаги ўзгаришлар Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилгунга қадар тўлдиришлари керакми?

2. Солиқ тўловчиларнинг қайси контингенти янги жорий этилган сатр – 01083ни тўлдириши керак:

  • воситачилар (агентлар, ишончли вакиллар, субагентлар, субвоситачилар);
  • ижарага берувчилар;
  • давал хом ашёсини қайта ишловчилар;

3. Солиқ тўловчиларнинг қайси контингенти янги жорий этилган сатр – 01084ни тўлдириши керак:

  • Ўзбекистон резидентларига товарлар (хизматлар)ни сотиб олиш бўйича хизмат кўрсатувчи воситачилар;
  • Ўзбекистон резидентларига товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи воситачилар;
  • Ўзбекистон норезидентларига товарлар (хизматлар)ни сотиб олиш бўйича хизмат кўрсатувчи воситачилар;
  • Ўзбекистон норезидентларига товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи воситачилар.

4. 01083-сатр кўрсаткичларида айнан нимани кўрсатиш лозим:

  • қоплаш турининг номи, масалан, сотиб олинадиган товар (хизмат)нинг қиймати, конвертация бўйича харажатлар, банк хизматлари, коммунал тўловлари ва бошқалар;
  • ёки товар (хизмат)нинг ҳақиқий етказиб берувчиларидан олинган ҳисобварақ-фактуралар рақамларини?

5. 01083-сатрда ҚҚС солинмайдиган қоплаш суммаларини кўрсатиш лозимми?

6. 01084-сатр кўрсаткичларида нимани кўрсатиш керак:

  • хизмат тури номи, масалан, хизматларни реализация қилиш, товарларни реализация қилиш ва б.;
  • товар (хизмат)лар харидорларига тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар рақамлари. Тўлов жисмоний шахсларга нақд шаклда амалга оширилган ҳолда қандай йўл тутиш лозим?

ДСБ мутахассислари бизнинг мурожаатимизни кўриб чиқиб, қуйидагича жавоб беришди (02.10.2019 йилдаги 17-37149-сон хатга қаранг).

Камерал назорат ўтказишни оптималлаштириш (Солиқ кодексининг 70-моддаси) ва солиқ органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича солиқ ҳисоботига, ҚҚС бўйича электрон ҳисоботга тузатишлар киритиш ҳақида асосланмаган талабномалар юборилишининг олдини олиш мақсадида ҚҚС бўйича ҳисоб-китобга 1-иловага қўшимча равишда 01083 ва 01084-сатрлари киритилди.

Ушбу сатрларни тўғри тўлдириш учун қуйидагилар тавсия этилади:

Комиссионерлар (воситачилар)га

Топшириқ (воситачилик) шартномаси асосида товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишни амалга оширадиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар 4-илова “Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри”да қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • комитентдан  харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар ва 6,7-графаларда кўрсатилган суммалар;
  • уларни реестрнинг 16, 17-графаларида такрорлайдилар.

Шу солиқ тўловчилар 5-илова “Реализация қилинган товарлар (ишлар,хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри”да қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • комитент номидан реализация қилинган барча товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар.

Бундан ташқари, 1-илова “Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар”нинг 01084 (010841 – 010845-сатрлар) сатрида улар қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • топшириқ берувчи (комитент)нинг номи, шунингдек топшириқ берувчи (комитент)нинг номидан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг умумий қиймати (ҚҚСсиз).

Ижарага берувчиларга

Кўчмас мулкни ижарага бериш доирасида қоплашни назарда тутувчи товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишда, ижарага берувчилар 4-илова “Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри”да қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • ушбу товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчисидан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар ва қопланиши лозим бўлган 6,7-графаларда кўрсатилган сумма;
  • уларни ушбу реестрнинг 16, 17-графаларида такрорлайдилар.

5-илова “Реализация қилинган товарлар (ишлар,хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри”да ижарага берувчилар қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • кўчмас мулкни ижарага бериш бўйича харажатларни қоплаш доирасида ижарачига ёзилган ҳисобварақ-фактуралар.

1-илова “Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар”нинг 01083 (010831 – 010835-сатрлар) сатрида улар қуйидагиларни кўрсатадилар:

  • ижарачининг номи, шунингдек кўчмас мулкни ижарага бериш доирасида харажатларни қоплаш бўйича ижарачига ёзилган ҳисобварақ-фактуралар суммаси (ҚҚСсиз).
ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text154531_soliq_organlari_qqs_hisob-kitobida_yangi_satrlarni_tuldirishni_qanday_tavsiya_qiladilar