Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Автоматлаштирилган солиқ ҳисоботлари мажбурийми ёки ихтиёрий?
Солиқ Қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС, АОС, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ ҳисоботлари Солиқ органлари томонидан автоматик тарзда шакллантириш тартиби жорий этилади.
Ҳисоботларни автоматик тарзда шакллантириш хусусидаги фикрлари билан МҲХС, ДипИФР бўйича эксперт Иброҳим АХМАДХОНОВ ўртоқлашади.
Солиқ ҳисоботларини шакллантиришга оид янги қоидаларнинг бизга қизиқ бўлган тарафи ушбу ҳисоботларни тайёрлаш жараёни ва асосларидир. Шунинг учун ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 736-сон Қарорига 3-1-иловани қайта ўрганиб чиқишга қарор қилдик.
“Солиқ тўловчининг танловига кўра солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом”да қуйидаги асосий тушунчалар берилган:
Солиқ ҳисоботи – ички ва ташқи манбалар асосида солиқ органлари томонидан автоматик равишда шакллантирилган, жорий солиқ даври учун солиқ тўловчилар ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлашга асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларини акс эттиради.
Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар аниқлаштирилган: ички манбалар ва ташқи манбалар.
Ички манбалар - солиқ тўловчилар тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботлар, ўтказилган хронометраж, солиқ мониторинги, кўздан кечириш ва солиқ текшируви натижаларига оид солиқ органларининг ахборот тизимларида, шунингдек, электрон ҳисоб-фактура, онлайн назорат-касса техникаси, электрон тўлов чеклари, солиқ органларининг “E-Imtiyoz” дастури ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар.
Ташқи манбалар – Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбурияти юкланган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлари.
Энди Низомдаги асосий қоидалардан бири – солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботини шакллантириш тартибларини эслатиб ўтамиз:
1. Солиқ ҳисоботларининг кўрсаткичлари ички ва ташқи манбалар маълумотлари асосида солиқ турлари кесимида шакллантирилади.
2. Солиқ ҳисоботларида келтирилган сатр маълумотлари ҳамда ички ва ташқи манбалар маълумотлари асосида автоматик тарзда шаклланган кўрсаткич рақамлари формула орқали аниқланади.
3. Солиқ кодексининг 268-моддасига асосан ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг ихтиёрига кўра алоҳида-алоҳида усулда ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланади. Бунда солиқ ҳисоботи мутаносиб усул бўйича солиқ органи томонидан автоматик равишда шакллантирилади ҳамда алоҳида-алоҳида усулни танлаш ва кўрсаткичларни киритиш имконияти яратилади.
Низомни амалиётда қўллаш натижасида юзага келадиган хатарлар
Энг аввало тадбиркорлик субъектларига солиқ органи томонидан яратилаётган қулайлик мажбурий эмас, балки субъектнинг ўз танлови асосида шакллантирилишини эслатиб ўтамиз. Лекин, Низомда ҳар бир солиқ тури бўйича танлаш имконияти бор ёки йўқлиги баён қилинмаган.
Компания ушбу танловни танлашда бухгалтер ёки солиқ ҳисоботини тўлдирувчи мутахассиснинг иш ҳақини тежаш мақсадида солиқ ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан шакллантирилишини афзал кўриши мумкин. Лекин, бунинг натижасида юзага келадиган муаммо ва хатарларга ҳам тайёр туриш лозим.
Бизнинг фикримизча, асосий хатарлар ҚҚС ва АОСни автоматик шакллантирилишида юзага келиши мумкин. Сабаби, ушбу солиқларнинг объекти бирор қатъий мулк эмас (мол-мулк ёки ер каби). Аксинча, ушбу солиқларнинг объекти “ҳаракат”. Бухгалтерия тили билан айтганда операциялар. Агар бирор операция юзага келса, у бирламчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва солиқ оқибатини келтириб чиқаради.
ҚҚС мисолида бу операциялар товарлар ва хизматларнинг реализация қилиниши ва солиқ мақсадларида реализация сифатида қаралиши мумкин бўлган компаниянинг ички операциялари, масалан, ходимларга озиқ-овқат берилиши. Бу солиқ ҳисоботини шакллантириш учун электрон ҳисоб-фактура ҳар доим ҳам етарли бўлмаслигини англатади.
АОС мисолида эса бундай операциялар нафақат товарлар ва хизматларнинг реализация қилиниши, балки компаниянинг ҳар қандай даромади ва солиқ мақсадларида даромад сифатида тан олинадиган шартли даромадларни ўз ичига олади. Демак бунда солиқ ҳисоботини шакллантириш учун электрон ҳисоб-фактура ҳар доим ҳам етарли бўлмаслиги мумкин.
Бунга ечим сифатида солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ахборот етказиш ва солиқ ҳисоботи учун асос бўлиши тўғрисида низомда ички ва ташқи манбалар келтириб ўтилмоқда. Бундай манба одатда солиқ тўловчи тасдиқлаган ва аниқ рўйхатдан иборат бўлган конкрет маълумотлар сифатида белгиланмас экан, тадбиркорлик субъекти солиқ органи олдида унинг шакллантирган ҳисоботи бўйича суммаларни ўзгартиришга уринишига ёки судда ҳал қилинадиган низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Тадбиркорлик субъектларига тавсиялар:
- ҚҚС ва АОС бўйича солиқ органларига маълум бўлмаган бирламчи ҳужжатлар бўйича операциялар юзага келиши мумкин деб ҳисобласангиз, автоматик тарзда ҳисобот топшириш усулини танлаш кўп вақтингиз ва ортиқча тушунтиришлар беришингизни талаб қилиши мумкин.
- Автоматлаштирилган солиқ ҳисоботини ҚҚС ва АОСни танлаш учун энг муҳим меъзон бу - сиздаги барча операцияларнинг электрон ҳисоб-фактура билан расмийлаштирилиши. Агар бунга амин бўлсангиз, ушбу танловни амалга оширишингиз мумкин.
Мазкур Низом амалда жорий қилинганидан сўнг ушбу мавзуга яна мурожаат қиламиз ва бошқа хатарларни ҳамда юзага келган ечимталаб муаммоларни ҳам баҳолаймиз.