Корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби

19.02.2024
author avatar

Шавкат РАСУЛЕВ

МБ департаменти директори ўринбосари
author avatar

Татьяна БЕЛОУСОВА

«Норма» эксперти
Диққат

Buxgalter Pro маълумотнома-эксперт тизимидаги тавсиядан мисол келтирдик. Тавсияларимизда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасидаги малакали мутахассислар тажрибасига асосланган зарур тушунтиришлар ва масалаларнинг тайёр ечимлари берилган.

Buxgalter Pro қуйидагиларни таклиф қилади:

  • ҳаракатлар алгоритмлари, тайёр бухгалтерия ўтказмалари ва ҳужжатлар бланкалари кўрсатилган 1000+ батафсил тавсиялар;
  • ҳар бир тавсияда мисоллар, вазиятлар ва уларнинг ечимлари келтирилган, экспертлар осон янглишиш мумкин бўлган муҳим жиҳатларга эътиборингизни қаратадилар;
  • судда, солиқчилар ёки бизнес-ҳамкорларингиз олдида ўз қарорингизни асослай олишингиз учун барча тушунтиришларда қонун ҳужжатларига ҳаволалар келтирилган;
  • муаллифларимиз – тажрибали амалиётчилар, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари ҳамда давлат органлари ва идораларининг мутахассислари;
  • қонун ҳужжатларига киритилган сўнгги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда ишлашингиз учун тавсиялар мунтазам равишда янгилаб турилади.

Тўғри қарор қабул қилиш учун экспертларнинг тажрибасидан фойдаланинг!

Buxgalter Pro ҳақида батафсил

 

Тавсияда:

– корпоратив картанинг ўзи нима;
– корпоратив картани очиш;
– корпоратив картадан тўланадиган харажатлар;
– корпоратив картани бериш тартиби;
– корпоратив карта бўйича ҳисобот;
– корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш.

 

Корпоратив карта жуда қулай тўлов воситаси ҳисобланади. У товарлар ва хизматлар ҳақини бевосита уларни харид қилиш чоғида тўлаш имконини беради.

Корпоратив карталардан фойдаланишни тартибга солувчи асосий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом ҳисобланади.

Корпоратив картанинг ўзи нима

Корпоратив банк картаси – уни сақловчига карта ҳисобварағидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи тўлов картаси.

Карта сақловчилари қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • юридик шахснинг ваколатли ходими

ёки

  • якка тартибдаги тадбиркор.

Корпоратив картанинг олд томонида мажбурий реквизитлар сифатида қуйидагилар кўрсатилади :

  • юридик шахснинг расмий (фирма) номи ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами;
  • банк картаси эмитентининг расмий номи;
  • банк картасининг рақами ва амал қилиш муддати.

Шунингдек, тўлов тизими қоидалари билан мазкур тўлов тизими доирасида эмиссия қилинадиган банк карталарининг қўшимча мажбурий реквизитлари, идентификация белгилари ва банк карталарининг элементлари белгиланиши мумкин

Корпоратив карта қандай очилади

Корпоратив картани расмийлаштириш учун хизмат кўрсатувчи банк билан шартнома тузинг. Бунинг учун корхона раҳбарининг сўмдаги (валютадаги) махсус корпоратив карта ҳисобварағини очиш ва корпоратив картани чиқариш учун аризасини тақдим этинг.

Банк шартномада назарда тутилган муддатда махсус корпоратив ҳисобварақни очади, картани тайёрлайди ва уни корхона раҳбарига ёки ишончнома асосида унинг вакилига топширади.

Банк корпоратив картани чиқаргани учун ўз тарифига мувофиқ ҳақ ундиради.

Бухгалтерия ҳисобида корпоратив картани чиқарганлик учун банк воситачилик ҳақини тўлашни қуйидаги ўтказма билан акс эттиринг:

9430-счёт д-ти

5110-счёт к-ти 

Карта ҳисобварағини тўлов топшириқномасига асосан ташкилотингизнинг ҳар қандай депозит ҳисобварағидан тўлдириб туришингиз мумкин.

Корпоратив картадан қандай харажатларни тўлаш мумкин

Юридик шахслар Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни корпоратив карта ёрдамида амалга оширишлари мумкин . Бунинг учун миллий валютадаги карталардан фойдаланилади.

Масалан, корпоратив карта ёрдамида қуйидагилар учун ҳақ тўлаш мумкин:

  • асосий воситаларни, материалларни, товарларни сотиб олиш;
  • ишлар ва хизматлар, шу жумладан мол-мулк ижараси;
  • хизмат сафари харажатлари;
  • давлат божлари ва йиғимлари;
  • бошқа харажатлар.

Юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида савдо тусига эга бўлмаган валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкин.

 

Эътибор беринг

Корпоратив банк карталаридан Ўзбекистонда ҳам (сўмдаги карта), ундан ташқарида ҳам (валютадаги карта) хизмат сафари харажатларини тўлаш учун фойдаланишингиз мумкин.

Эътибор беринг

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

  • корпоратив картага иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга;
  • корпоратив картадан нақд пул беришга;
  • корпоратив карта орқали чет эл валютасини сотиб олишга.

Аукцион савдоларида иштирок этиш ва харидларни амалга ошириш учун корпоратив карталардан фойдаланиш тақиқланади.

Якка тартибдаги тадбиркор миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа барча харажатлар бўйича тўловларни амалга ошириши мумкин .

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида савдо тусига эга бўлмаган валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкин. 

Мисол
Қимматбаҳо ускуналарни сотиб олиш учун корпоратив картадан тўлов
Корхона корпоратив картадан тўлаш орқали 30 млн сўмлик ускуналарни сотиб олишга қарор қилди.
Низомда корпоратив карта билан ҳақи тўланадиган товарлар ёки хизматлар суммаси бўйича чекловлар мавжуд эмаслиги сабабли, корпоратив карта орқали тўловни амалга ошириб ускуналарни сотиб олиш қонун ҳужжатларига зид эмас.
2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисобварақ-фактура) бериш орқали корпоратив карточкалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади  .

Бироқ, бу қоида харидни амалга оширишдан олдин сотувчи билан томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилган шартнома тузишни тақиқламайди.

Шартнома тузилиши харидорнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Вазият
Корпоратив картадаги маблағлар шахсий эҳтиёжлар учун сарфланди  

Корхона раҳбари шахсий автомобилига ёқилғи қуйиш учун бензин сотиб олди, ҳақини корпоратив картадан тўлади. Автомобиль корхона балансида ҳисобга олинмаган.

Бу ҳолда солиқ оқибатлари қандай бўлади?

– Раҳбарнинг қарорига кўра бензин қиймати унинг иш ҳақидан ушлаб қолинса, солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Акс ҳолда шахсий автомобилга қуйилган бензин қиймати раҳбар учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади .
Ушбу даромадга солиқ агенти сифатида корхонада ЖШДС солинади .
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ижтимоий солиқ солинади .

Моддий наф тарзидаги даромадлар уларнинг таркибига кирмайди ва уларга ижтимоий солиқ солинмайди.

Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари бўлган корхонанинг харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди .

Корпоратив картани кимга ва қандай бериш керак 

Корпоратив карталарни функционал вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ходимларга беринг. Масалан:

  • ТМҚ сотиб олиш учун – таъминот ёки логистика хизмати ходимига;
  • реклама ёки маркетинг тадбирлари ҳақини, вакиллик харажатларини тўлаш учун – маркетинг ёки савдо хизмати мутахассисига;
  • ЁММ ва таъмирлаш ишлари ҳақини тўлаш учун – автотранспорт ҳайдовчисига. 

Корпоратив картадан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳисобдор шахслар – ходимлар рўйхатини корхона раҳбари буйруғи билан белгиланг. Улар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузинг, унга кўра ушбу ходимлар картадан пул маблағларининг сарфланиши, шунингдек унинг бут сақланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, корпоратив карталарни бериш ва улардан фойдаланиш тартибини ички ҳужжат билан белгилаш тавсия этилади. Масалан, Корпоратив карталар билан ишлаш тўғрисидаги низом кўринишида, унда қуйидагиларни акс эттиринг:

  • уларни олиш ва қўллаш тартиби;
  • карталар ва улардаги пул маблағлари бут сақланиши, шунингдек маблағлардан мақсадли фойдаланмаслик учун жавобгарлик;
  • карта орқали тўлаш мумкин бўлган харажатлар рўйхати;
  • харажатларни раҳбарият томонидан маъқуллаш тартиби;
  • корпоратив карта бўйича ҳисоботларни тақдим этиш тартиби;
  • банк картаси йўқотилган ёки шикастланган ҳолда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ва б.

Корпоратив карталардан фойдаланишга рухсат берилган ходимларни ушбу ички ҳужжат билан имзо қўйдирган ҳолда таништиринг, кундалик ишда фойдаланишлари учун ҳужжат нусхаси билан таъминланг.

Эътибор беринг
Корпоратив карта йўқотилган тақдирда карта эгаси у йўқотилганлиги ёки ўғирланганлиги ҳақида хабар бергунига қадар банклар ўтказилган тўловлар бўйича жавобгар бўлмайди .

Корпоратив карта бўйича қандай ҳисобот бериш керак

Корпоратив карта корхона ходимига қатъий белгиланган мақсадлар учун ҳисобдорлик асосида берилади.

Картани сақловчи уни ҳисобдорлик асосида олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисоботни бухгалтерияга тақдим этиши, шунингдек тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт :

  • тўлов терминаллари квитанцияларининг асл нусхалари;
  • битим томонларини аниқлаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар;
  • инвойслар (ҳисобварақ-фактуралар);
  • бошқа ҳужжатлар.  

Ҳисоботни эркин шаклда тузиш ёки бўнак ҳисоботи шаклидан фойдаланиш мумкин.

Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив картадан фойдаланганда ҳисобдор шахс хизмат сафаридан қайтганидан кейин 3 иш куни мобайнида сарфланган суммалар тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт  .

Вазият
Ходим корпоратив карта бўйича харажатни тасдиқловчи бошланғич ҳужжатни йўқотиб қўйди

Ходим корпоратив карта бўйича харажатни тасдиқловчи НКТ чекини йўқотиб қўйди.

Бу ҳолда ходим йўқотиш ҳолатлари тўғрисидаги тушунтириш хатини ҳисоботга илова қилиши керак.

Харажат суммасини корпоратив карта ҳисобварағидан банк кўчирмаси билан тасдиқлаш мумкин.

Етказиб берувчидан НКТ чекининг дубликатини олиш имкони бўлмаса, корпоратив картадан фойдаланган ҳолда сотиб олинган ТМБни корхона комиссияси томонидан тузилган харид далолатномаси асосида кирим қилиш мумкин. 

Агар сарфланмаган маблағни карта ҳисобварағидан депозит ҳисобвараққа қайтармоқчи бўлсангиз, буни тўлов топшириқномасини расмийлаштириб амалга оширишингиз мумкин.

Корпоратив карта бўйича ҳисоб-китоблар қандай ҳисобга олинади

21-сонли БҲМС Ҳисобварақлар режасида корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш учун махсус счёт мавжуд эмас. Бироқ ўз ишчи Ҳисобварақлар режасига алоҳида счётни, масалан, 5540-«Корпоратив карта» счётини киритишингиз мумкин.

Агар сизда бир нечта корпоратив карта мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича ҳисоб-китобларни қулай бўлиши учун алоҳида субсчётда юритишингиз мумкин.

Бу счётларнинг дебетида 5110-счёт билан корреспонденцияда пул маблағларининг корпоратив картага ўтказилиши, кредитида маблағларнинг ҳисобдан чиқарилиши акс эттирилади.

Корпоратив карта бўйича бухгалтерия ўтказмаларини уни ҳисобдор шахсга бериш пайтида эмас, балки сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиш чоғида амалга оширинг. Бунда картага ўтказилган бутун суммани эмас, фақат картадан сарфланган маблағлар суммасида ҳисобдор шахснинг қарзини акс эттиринг.

Бухгалтерия ҳисобида корпоратив карта бўйича ҳисоб-китоблар қуйидагича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағларини ўтказиш

5540

5110

Товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов

4220

4230

4290

5540

Ҳисобдор шахсдан корпоратив карта орқали тўланган харажатлар суммасини ҳисобдан чиқариш

0800

1000

2900

2010

9400

ва б.

4220

4230

4290


 

Мисол
Корпоратив картадан ҳақ тўлаганда ТМҚ сотиб олинишини ҳисобга олиш
Корхона корпоратив картага 3 000 000 сўм ўтказди.
Хўжалик эҳтиёжлари учун 800 000 сўмга инвентарь сотиб олди.
Бухгалтерия ҳисоби:
    

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
минг сўмда

Счётлар корреспонденцияси

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди

3 000

5540

5110

Тўлов топшириқномаси, банк кўчирмаси

Сотиб олинган инвентарь учун корпоратив картадан пул тўланди

800

4230

5540

Онлайн-НКТ чеки

Корпоратив картадан тўланган инвентарь кирим қилинди

800

1080

4230

Бўнак ҳисоботи

Мисол
Корпоратив картадан тўланган хизмат сафари харажатларини ҳисобга олиш
Корхона маъмурияти ходими хизмат сафарига юборилган.
Корхона корпоратив картадан фойдаланиб йўл чипталарини харид қилишга қарор қилди.
Картага 500 000 сўм ўтказилди.
Харид қилинган бориш ва қайтиш учун йўл чипталарининг қиймати 320 000 сўмни ташкил этди.
Бухгалтерия ҳисоби:
  

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
минг сўмда

Счётлар корреспонденцияси

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди

500

5540

5110

Тўлов топшириқномаси, банк кўчирмаси

Йўл чипталари учун корпоратив картадан пул тўланди

320

4220

5540

Терминал чеки, йўл чиптаси

Ҳисобдор шахсдан йўлкира бўйича хизмат сафари харажати ҳисобдан чиқарилди

320

9420

4220

Бўнак ҳисоботи

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг