Мувофиқ келадиган МХИК коди бўлмаса, нима қилиш керак

preview

“Агар керакли код топилмаган бўлса, ариза қолдиринг” – ушбу ибора tasnif.soliq.uz билан ишлайдиган барчага таниш. Берилган аризадан қандай натижани кутиш мумкинлиги ва қачон уни беришдан маъно бўлиши ҳақида “Yangi texnologiyalar” ИАМнинг “Фискал маълумотлар оператори” филиали директори Шерзод ТЕШЕБАЕВ МХИК ҳақида бўлиб ўтган вебинарда гапириб берди:

Внимание
МХИК тўғрисида барча янги тушунтиришларни кўриш учун бизнинг каналимизга обуна бўлинг!

 

– Биз учун МХИК бўйича ҳар бир ариза муҳимдир. Улар бизга бир томондан – солиқ тўловчининг муайян муаммосини ҳал қилишга, бошқа томондан – МХИК кодлари ва tasnif.soliq.uz сайти функционалини такомиллаштиришга ёрдам беради.

Аризани сўровномани тўлдирган ҳолда қолдиришингиз мумкин, сиз уни:

1) қидириш саволларига жавоб бериб, лекин натижада МХИКни топмаган ҳолда;

ёки

2) tasnif.soliq.uz бош саҳифасидан “Агар керакли код топилмаган бўлса, ариза қолдиринг” хабарига ҳавола бўйича сўровномани тўлдиришга ўтган ҳолда кўришингиз мумкин.

Сўровноманинг турига боғлиқ ҳолда (товарлар учун ёки хизматлар учун) сизда тўлдириш учун устунлар сони ҳар хил бўлади. Товарлар учун саволлар рўйхати бундай кўринишга эга:

а) фойдаланувчининг телефон рақами;

б) сўралаётган маҳсулот бўйича гуруҳ, синф ва позиция тўғрисида маълумотлар;

в) маҳсулотнинг номи, бренди ва русуми (атрибути) (мавжуд бўлса);

г) маҳсулот тўғрисида батафсил ахборот (ишлаб чиқариш материали, қўллаш соҳаси, мақсади ва ҳоказо);

д) ТИФ ТН коди (импорт қилинган маҳсулот учун);

е) штрих-коди (мавжуд бўлса);

ж) ўлчов бирлиги ва қадоғи;

з) товарнинг фотосурати;

и) Солиқ кодекси ёки бошқа НҲҲга асосан солиқ имтиёзларининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги (аниқ ҳужжатни кўрсатинг).

Агар сизда бундай ахборот бўлмаса, “ТИФ ТН коди” ва “штрих-коди” устунларини тўлдирмасангиз бўлади. Аммо сўровнома қанчалик батафсил ва аниқ тўлдирилса, натижа шунчалик сифатли бўлади.

Ходимларимиз сўровни 5 иш куни ичида кўриб чиқишади, бироқ жавобни тезроқ берамиз... Бу сўровнинг мураккаблигига боғлиқ. Товарни таснифлаш учун ўрганиб чиқишга вақт қанчалик кўп талаб қилинса, ариза шунчалик узоқ муддат кўриб чиқилади.

 

Қачон сизга янги МХИКни шакллантириб беришади

Кўпинча мутахассисларимиз пировардида солиқ тўловчига базада мавжуд МХИКдан кераклисини танлашга ёрдам беришади.

Қуйидагилар туфайли фойдаланувчилар қидириш чоғида муаммоларга дуч келишади:

1) классификатор тузилмасига яхши мўлжал олишмайди.

Мисол учун, умумий овқатланиш корхонаси МХИКни таом номлари бўйича қидириши мумкин – “палов”, “манти”, “кабоб”... Аммо ушбу гуруҳ учун МХИКда биз бундай батафсиллаштиришдан воз кечдик, сабаби бу солиқ маъмуриятчилиги учун маънога эга эмас.

Ҳозир умумий МХИК мавжуд:

  • “умумий овқатланиш шохобчасида тайёрланган салатлар”;
  • “умумий овқатланиш шохобчасида тайёрланган асосий таомлар”;
  • “умумий овқатланиш шохобчасида тайёрланган фаст-фудлар” ва ҳоказо;

2) классификаторда товар ёки хизмат солиқ тўловчи кўниккани каби номланмайди.

Бундай вазият жуда кўп учрайди, шу боис биз ҳозир синонимлари бўйича ҳам қидириш мумкин бўлиши учун қидириш тизимини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз.

Янги МХИКни жорий этиш тўғрисидаги қарор фақатгина бозорга янги товар ёки хизмат чиқарилиб, классификаторда улар учун мувофиқ келадиган ҳеч қандай МХИК мавжуд бўлмаган тақдирда қабул қилиниши мумкин. Аммо бу – анча кам учрайдиган ҳолат...

 

Қачон товар бренди ва атрибутлари кўрсатилган МХИК керак

2023 йилнинг январь ойидан бошлаб бундай МХИКни бериш тартиби ўзгарди. Илгари “000 000” билан тугамаган МХИКни барча штрих-кодли товарлар олишган. Аммо таҳлилнинг кўрсатишича, солиқ маъмуриятчилиги тизимида товарлар ва хизматларнинг бундай батафсиллаштирилишига эҳтиёж йўқ. Ҳозир бундай МХИК фақат мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларга берилади.

Агар классификаторда штрих-кодли товар учун МХИК мавжуд бўлса, ундан ёки охирида “000 000” мавжуд бўлган МХИКдан фойдаланиш мумкин – хато бўлмайди. Агарда EAN штрих-кодли товарни ишлаб чиқарувчи ҳозир товарларнинг бренди ва атрибутларини ҳисобга олувчи МХИКни олиш юзасидан мурожаат қилса – унга рад этишади ва ушбу товарлар гуруҳи учун – охирида “000 000” мавжуд бўлган ўзакли МХИКдан фойдаланишни тавсия қилишади.

Эътибор беринг
Сиз “МХИК: ўлчов бирликлари, имтиёзлар ва tasnif.soliq.uz функционали билан қандай ишлаш керак” вебинари ёзувини кўрган ҳолда МХИК бўйича янада кўпроқ фойдали ахборот олишингиз мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари /uz/publish/doc/text190963_muvofiq_keladigan_mhik_kodi_bulmasa_nima_qilish_kerak