Бартерга тақиқ қачон бекор қилинади?

preview

Бартер операцияларидан бутун дунёда кенг фойдаланилади. Бироқ Ўзбекистонда бартер:

  • 1996 йилдан бошлаб мамлакат доирасида тақиқланган ;
  • экспорт ва импорт қилишга рухсат этилган, юқори ликвидли товарлар бундан мустасно .

Бартер нима дегани ва нима учун регуляторлар ундан шунчалик қўрқишади?

Бартер – бу айирбошлаш шартномаси бўлиб, унда шартнома объектларига бўлган мулк ҳуқуқи пулдан фойдаланилмаган ҳолда унинг тарафлари ўртасида топширилади.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади. Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади, башарти бу айирбошлаш моҳиятига зид келмаса .

Нима учун бартер битимлари 23 йил олдин тақиқланган?

Бартерда ҳам афзалликлар, ҳам камчиликлар мавжуд.

Афзалликлар орасида:

  • товар айланишини ошириш, омбордаги қолдиқлардан, ноликвид товарлардан халос бўлиш ва айрим ҳолларда – капитални сақлаб қолиш имконияти;
  • талаб ва таклифни самарали рағбатлантириш;
  • компаниянинг пул маблағларининг сақланаши. Улар мавжуд бўлади, йўқолмайди, кредитлар, қарзлар олиш зарурати бўлмайди.

Камчиликларидан:

  • товарлар (хизматлар) бозори етарли даражада ривожланмаган шароитларда товарлар ва хизматларни адолатли баҳолашнинг  мураккаблиги;
  • товар айирбошлаш операцияларининг катта ҳажмида бир-бирига тўғри келадиган таклифларни танлаб олишнинг қийинлиги;
  • импорт-экспорт операцияларини амалга ошириш муддатлари бўйича қўшимча чекловлар боис бартер битимларин амалга оширишда мураккабликлар;
  • ва асосий камчиликлардан бири – солиқ солиш билан муаммолар. Бартер операциялари солиқ қарздорлигининг ошишига ва тегишинча, солиқлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун санкцияларга олиб келиши мумкин.

Солиқлар бўйича ҳисоблаб ёзишлардан қочиш учун тадбиркорлар бартер битимларини ҳисобда акс эттирмасликлари хавф-хатари мавжуд. Тегишинча, солиқ органлари бундай битимларни “синчковлик билан” текширишлари керак.

Бартер камчиликларининг афзалликларидан кўплиги, шунингдек республика иқтисодиётидаги умумий вазият 1996 йилда бартерни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинишга олиб келди. Тўловлар тўланмаслиги инқирози, дебитор ва кредитор қарздорликнинг ўсиши, валюта тушумларининг камайиши  - буларнинг ҳаммаси маблағларнинг етишмаслиги ва бюджетга   солиқларнинг тушмаслигига олиб келди.  Бартер мамлакатни айланма маблағлар етишмовчилиги қамраб олганда сунъий пул бўлди. Бу – объектив омиллар.

Бироқ субъектив омиллар ҳам бўлган. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш тизими у пайтда аниқ тавсифга эга эмас эди: ҳам  касса усули, ҳам ҳисоблаб ёзиш усули амал қилган.  Айнан даромадлар ва харажатларни ҳисоблаб чиқаришнинг касса усули ўша инқироз шароитларида субъектларни бартер битимларидан фойдаланишга қўшимча равишда рағбатлантирган бўлиши мумкин.

1998 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодексини амалга киритиш билан  даромадлар ва харажатларни ҳисоблаб ёзишнинг ягона тизими – ҳисоблаб ёзиш усули белгиланди. Даромадлар ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади .

Шу тариқа, бартер битимларида солиқларни ҳисоблаб ёзиш билан муаммолар 1998 йилда бартараф этилган. Пул ҳисоб-китобларида барқарорликка эришилиши билан бартер операцияларига тақиқни олиб ташланишини прогноз қилиш мумкин бўлди. Бироқ, кўриб турганимиздек, аҳвол боягидек. Муаммо нимада –  амалдорлар ўзларини эҳтиёт қилишяптими ёхуд улар шунчаки бундай тақиқ борлигини унутиб юборишдими, айтиш қийин.

МДҲ маконида бартер юритиш шартларини ўрганиш баъзи мамлакатларда биздаги каби у тақиқланганлигини (Белоруссия), бошқаларида – бартер операциялари бўйича қўшимча назорат ташкил этилганлигини (Россия Федерацияси) кўрсатди. Асосий муаммолар қуйидагиларда бартер битимларини қўллаш тажрибасидан юзага келади:

  • бартер товарини баҳолаш;
  • битим субъектларида товарни ҳисобга олиш;
  • битимларни назорат қилиш.

Ўзбекистон бартерни бекор қилишга тайёрми?

Бизда республикада кўрсатилган муаммоларни олдини олишга имкон берадиган самарали норматив база мавжудми, шуни тушунишга ҳаракат қиламиз.

Жўнатиш фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида юклаб жўнатилган товарлар (хизматлар)нинг қийматидан келиб чиқиб белгиланадиган реализация қилишдан олинадиган тушум товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобланади .

Солиқ солинадиган база (мазкур ҳолатда – фойда солиғи) жами даромад билан чегириб ташланадиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Моддий харажатларга киритиладиган товар-моддий захираларнинг қиймати бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Бартер операцияларига боғлаш учун Солиқ кодексида бори шу. Яъни Солиқ кодексида бартер операцияларига қандай ва қай тарзда солиқ солиш ва назорат қилиш ҳақида ҳеч нарса йўқ. Бунда товарларнинг ҳисоби ва баҳолаш бўйича масалалар, кўриб турганимиздек,  бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонуности ҳужжатларига ҳавола қилинади:

1) худди шундай товар-моддий захираларга айирбошлаш йўли билан олинган товар-моддий захираларнинг таннархи берилган товар-моддий захираларнинг баланс қийматига тенг. Худди шундай бўлмаган товар-моддий захираларга айирбошлаш йўли билан олинган товар-моддий захираларнинг таннархи берилган товар-моддий захираларнинг жорий қийматига тенг ;

2) товар-моддий захиралар бирлигининг жорий қийматини ҳужжатли тасдиқлаш учун ташкилотнинг ихтиёрига кўра қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

  • ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган товар-моддий захиралар ўхшаш бирлигининг жорий қиймати (нархи) тўғрисида маълумотлар;
  • тегишли давлат органларидаги мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
  • қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
  • баҳоловчининг товар-моддий захиралар тегишли бирлигининг жорий қиймати тўғрисидаги ҳисоботи .

3) товар айирбошлаш операциялари нафақат ишлаб чиқарилаётган товарларни, балки мавжуд асосий воситаларни айирбошлашни ўз ичига олади. Асосий воситалар уларни баланс қиймати бўйича асосий воситаларга айирбошлашга бераётган ташкилотнинг балансидан ҳисобдан чиқарилади. Айирбошлашга олинган асосий воситалар объектининг дастлабки қиймати берилган асосий воситалар объектининг қолдиқ қийматига тенг суммада акс эттирилади .

Шу тариқа, бизда бартер операцияларида товарлар ҳисоби ва уларни баҳолаш бўйича муайян норматив база мавжуд. Бизда бартер операцияларига солиқ солиш ва улар устидан назорат қилиш учун норматив база мавжуд эмас. Тегишинча, уларга қўйилган тақиқ бекор қилинса, дарҳол солиқ солиш бўйича саволлар юзага келади:

  • бартер товари қайси усул бўйича баҳоланиши лозим – худди шунга ўхшаши бўйичами ёки бозор қиймати бўйича;
  • бартер (пулсиз) операцияларда солиқларни қандай ҳисоблаш ва тўланишини таъминлаш лозим;
  • бундай шароитларда божхона тўловлари қандай ҳисобга олиниши ва тўланишини таъминлаш лозим;
  •  ниҳоят, бартер операциялари ҳисоби ва улар устидан назоратни қандай таъминлаш лозим.

Бартер битимларида товар (хизмат)нинг бозор нархини аниқлаш бўйича ҳам саволлар туғилади. Республикада ТМҚ (ишлар, хизматлар)  айрим турларининг бозор нархлари тўғрисидаги расмий мунтазам янгиланиб борадиган маълумотлар мавжуд эмас. Бу солиқ тўловчилар билан солиқ органлари муносабатларида муаммоларга олиб келади.

Хулоса қиламиз. Тадбиркорлар учун юқори даражада шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар шароитларида барча сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, шу жумладан – бартер операцияларига тақиқни бекор қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.  Бироқ бунга тайёрланиш керак: бартер битимларини мониторинг ва назорат қилиш учун норматив базани барпо этиш лозим.

Бартерга тақиқни олиб ташлаш учун нималарни амалга ошириш таклиф қилинади?

Қуйидагиларни таклиф қиламиз, хусусан:

  1. айирбошлаш шартномаси (бартер битими)да унинг нархини кўрсатишни мажбурий қилиш;
  2. тарафлардан бирига топширилиши лозим бўлган товарнинг номи ёки сонини белгилаш имконсиз бўлганда шартномани тузилмаган деб ҳисоблаш;
  3. солиқ солиш мақсадлари учун товарни баҳолаш унинг бозор қийматидан келиб чиқиши керак;
  4. бартер битими паспорти ва уни ҳисобга олиш ва назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  5. бартер битимларини амалга оширишда солиқ солиш механизмларини белгилаш;
  6. солиқ органларини бартер битимлари бўйича асосий назорат қилувчи орган этиб белгилаш;
  7. субъектлар томонидан бартер асосида операцияларнинг юритилиши автоматик тарзда уларни “хавфни таҳлил қилиш” тизимида “мажбурий текширилиши лозим” сифатида белгилашини назарда тутиш;
  8. битим нархи бозор нархидан 20%дан ортиқ оғганда солиқ органлари битим натижаларини бозор нархлари бўйича қайта ҳисоблаб чиқишлари ва жарима санкцияларини қўллаган ҳолда қўшимча солиқларни ҳисоблашлари мумкинлигини назарда тутиш.

Жорилла Абдуллаев,

"Норма" етакчи эксперти