Бош бухгалтерлардан ишдан бўшашидан бир ой олдин огоҳлантиришни талаб қиладилар

preview

ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётган Меҳнат кодексининг лойиҳасига бош бухгалтер ёки унинг вазифаларини амалга оширувчи бошқа ходим билан меҳнат муносабатларининг айрим жиҳатларини тартибга солувчи моддалар киритилган. Илгари улар билан меҳнат шартномаси умумий асосларда тузилган ва бекор қилинган.

Янгиликлар жумласида -  “бош бухгалтер” атамасини белгилаш: ташкилотда тўлиқ штат лавозимини эгаллаб турган, ҳисоб сиёсатини шакллантириш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, тўлиқ ва ҳаққоний бухгалтерия, солиқ ва статистика ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиш, хўжалик операцияларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш, мол-мулк ҳаракати ва ташкилот мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш учун масъул шахс.

Лойиҳа бош бухгалтер учун синовнинг энг кўп муддатини ҳозирги 3 ойдан 6 ойгача оширади. Шунингдек, ўз ташаббуси билан ишдан бўшаши ҳақида огоҳлантириш муддати деярли икки баравар – икки ҳафтадан бир ойгача оширилмоқда.

Яна битта муҳим жиҳат: бош бухгалтер фақат ташкилотнинг ваколатли органи, ташкилот мулкдори ёки мулкдор томонидан ваколат берилган шахс (орган)нинг рухсати билан бошқа иш берувчида ўриндошлик асосида ишлаши мумкин. Ҳозир у ҳар қандай ташкилотда бундай келишувсиз ўриндошлик асосида ишлаши мумкин.