Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар – 14
Экспорт-импорт операциялари учун қандай имтиёзлар назарда тутилган? Карантин билан боғлиқ ходимлар билан ҳисоблашишларни қандай тўғри амалга ошириш мумкин? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.
Фарҳод ОЛИМЖОНОВ, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи:
– Чет элдан уруғлар, кўчатлар ва минерал ўғитларни олиб келмоқчиман. Мазкур йўналишда тадбиркорлар учун қандайдир преференциялар мавжудми?
– Президентнинг 29.03.2018 йилдаги ПФ-5388-сон Фармонининг 6-бандига мувофиқ четдан олиб кириладиган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий тозалаш воситалари 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод этилади.
- Чет элдан юк автомобилларини олиб киришда имтиёзлар мавжудми?
- Президентнинг 6.03.2019 йилдаги ПҚ-4230-сон қарорининг 9-бандига мувофиқ ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (самосваллардан ташқари) 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Бундан ташқари, қарорда транспорт воситаларининг ТИФ товар номенклатураси кўрсатилган.
– Технологик ускуналарни божхона орқали олиб киришда қандай имтиёзлар назарда тутилган?
– СКнинг 246-моддасининг 6-банди ва БКнинг 297-моддасининг 13-бандига мувофиқ технологик ускуналарни олиб киришда ҚҚС ва божхона божини тўлаш бўйича имтиёзлар назарда тутилган. Амалдаги қонун ҳужжатларида технологик ускуналарга акциз солиғи назарда тутилмаган.
– Ваколатли органларда карантин даврида экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар ва сертификатларни бериш қандай ташкил этилади?
– Жорий йил 1 январдан бошлаб «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўзбекэкспертиза» АЖ, «Ўздавкарантин» томонидан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» ахборот тизими орқали электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилган.
Тадбиркорлар электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда «Ягона дарча» тизими орқали ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун буюртмалар беришлари мумкин.
– Интернет орқали Хитойдан товарлар буюртма қиладиган бўлсак, уларни олишимиз мумкинми? Улар божхонадан ўтказиладими?
– 2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан келадиган барча турдаги почта ва курьерлик жўнатмалари вақтинчалик тўхтатилган.
Бироқ 2020 йил 27 февралдан бошлаб «Ўзбекистон почтаси» АЖ орқали Хитой Халқ Республикасидан амалга ошириладиган жўнатмаларни олиб киришга рухсат берилган.
Дилафрўз ИКРОМОВА, Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
– ДХШ асосидаги оилавий нодавлат МТМ ходимларига ҳомиладорлик, туғиш ва болани парваришлаш нафақалари тўланадими?
– 30.07.2018 йилдаги 595-сон ВМҚда тарбиячилар ва ёрдамчи ходимлар меҳнатига фақат тегишли тоифа бўйича, тенг шартларда ҳамда болалар қисқа вақт ёки 9 соат бўладиган давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган иш ҳақи ҳажмида ҳақ тўланиши назарда тутилган.
Қарорда ҳомиладорлик, туғиш ва болани парваришлаш нафақаларини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш назарда тутилмаган.
– МТМда ишлашни бошлаганимга ярим йилча бўлиб қолди, бироқ мени розилигимсиз таътилга чиқаришди. Таътил пули тўлиқ тўланмаяпти. Шу тўғрими?
– 23.03.2020 йилдаги 179-сон ВМҚга мувофиқ коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг кучайтирилган режимдаги тартиби жорий этилганлигини ҳисобга олган ҳолда, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ҳисобдор органларга қарашли корхоналарнинг ходимларига таътиллар тақдим этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган эди.
МКнинг 148-моддасига мувофиқ йиллик таътил даврида ходимларга иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши кафолатланади.
– Гулистон шаҳридаги болалар боғчасида ишлайман. Пандемия сабабли бизга 2020 йил учун меҳнат таътили беришди. Бироқ 2018 ва 2019 йилларда ҳам таътилга чиқмаган эдим. Мудирадан фойдаланилмаган йиллар учун таътил беришни сўрадим, лекин у пандемия сабабли ҳаммага 2020 йил ҳисобидан таътил берилишини айтди. Фойдаланилмаган таътилларим нима бўлади?
– МК 151-моддасига мувофиқ ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда муддати кечиктирилган ва фойдаланилмаган таътиллар ҳамда 2018-2019 йиллардаги қўшимча таътиллар учун пул компенсацияси тўланади.
– Бизга таътилдан сўнг ўз ҳисобимиздан меҳнат таътилига ариза ёзишимизни айтишди. Тарбиячиларга иш ҳақи тўланади, лекин техник ходимларга ҳақ тўланмас экан (техник ходим бўлиб ишлайман). Мен ҳам иш ҳақисиз, ҳам таътилсиз қоламанми?
– Ушбу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган, унда пандемия даврида ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган жамоат ташкилотлари ходимларига компенсация тўланиши назарда тутилган.
Қарор лойиҳаси қабул қилинса, бу ҳақда ОАВда ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.
Севара ЎРИНБОЕВА, Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
– Карантин туфайли ишдан бўшашимга тўғри келди. Ишсизлик нафақасини олишим мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Бунинг учун бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳудудий органларига мурожаат этиш лозим.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишсизлик нафақаси қуйидагича тўланади:
- ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ муддатдан кейин (бир йилдан ортиқ) меҳнат фаолиятини тиклашга уринаётган шахсга 12 ойлик давр мобайнида 26 календарь ҳафтадан ошмайдиган муддатга;
- илгари ишламаган ва биринчи марта иш излаётганларга 13 календарь ҳафта мобайнида.
– Хусусий босмахонада ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш соҳасида фаолият юритамиз. Ишга чиқишимиз мумкинми?
– Мумкин. Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилида умумтаълим муассасаларини дарсликлар ва методик қўлланмалар билан тўлиқ ҳажмда ва белгиланган муддатларда таъминлаш мақсадида нашрга ва босишга тайёрлаш билан шуғулланадиган давлат ва хусусий нашриёт-матбаа корхоналарига фаолиятни давом эттиришга рухсат берилди.
АОКА материаллари асосида.