Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 2

05.04.2020

Фармацевтика корхонаси лицензиясининг амал қилиш муддати тугашига оз қолди, муддатини ҳозирча узайтирмаса ҳам бўладими? Банкка оид қандай масалалар масофадан ҳал этилиши мумкин? Карантин вақтида ходимлар ишга кеч қолмаслиги учун нималар қилиш керак? Ушбу саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг навбатдаги тўплам материалида:

Сардор КАРИЕВ, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори:

– Карантин вақтида фармацевтика фаолиятини амалга оширишга лицензия муддатини қандай узайтириш мумкин?

– 2020 йил 1 апрелдан 1 майга қадар тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга оширишга лицензиялар бериш, уларнинг муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш бўйича аризалар қабул қилиниши тўхтатилган (дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилган фармацевтика корхоналари бундан мустасно).

Шу билан бир вақтда амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш талаб этиладиган тиббиёт ва фармацевтика фаолиятига лицензияларнинг амал қилиш муддати ариза бериш муддати ҳисобга олинган ҳолда 2020 йил 1 июлгача этиб белгиланади.

Габулла ПРИМОВ, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи:

– Отам давлат ташкилотида ишлайди. У ҳар икки  кунда иш боради. Транспорт ҳаракатланиши чекланганлиги сабабли иш жойига қандай етиб борса бўлади, деган савол туғилмоқда. Раҳбари отамдан ўз вақтида ишда бўлишини талаб қиляпти. Ушбу муаммони қандай ҳал этиш мумкин?

– Карантин даврида масофавий ишлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий ишлашга ўтказиши мумкин.

Бундай ҳуқуқдан, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.

Бундан ташқари, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланишича, иш берувчи  меҳнат шартномасига мувофиқ ходимни зарур меҳнат шароитлари билан таъминлаши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёжлари ва талабларини инобатга олиши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаши шарт.

Хусанхўжа ОБИДОВ, Марказий банк бошқармаси бошлиғи:

– Тадбиркорман. Ҳозирги карантин шароитида импорт шартномалари бўйича тўловларни банкка мурожаат қилмаган ҳолда тўлаш мумкинми? Қоидага кўра, банклар томонидан ташқи савдо операциялари учун тўлов ҳужжатининг асл нусхаси сўралади. Бу вазиятда қандай йўл тутишимиз керак?

– Импорт шартномалари бўйича тўловни «Банк-Мижоз» интернет-банкинг тизими орқали амалга оширишингиз мумкин. Бугунги кунда кўплаб банклар томонидан шундай имкониятлар тақдим этилмоқда.

– Офисим карантинга ёпилган. Маълум муддат уйда қолишимга тўғри келади, банкда кредит бўйича қарзим бор. Ҳозирги пайтда банклар имтиёзлар бераётгани тўғрисида маълум қилинмоқда. Қандай имтиёзлардан фойдаланишим мумкин?

– 2020 йил 1 октябргача барча кредит ташкилотларига қуйидагилар тавсия этилган:

  • коронавирусга қарши кураш бўйича чоралар қабул қилинаётганлиги туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган тадбиркорларга кредитлар бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этиш;
  • кредитларни сўндириш муддатининг кечиктирилганлиги учун пеня ва жарималар ҳисобланмаслик.

Ушбу имкониятдан фойдаланиш учун банка бориш шарт эмас. Кўп банклар томонидан аризалар масофавий қабул қилинмоқда ва кўриб чиқилмоқда. Буни қандай амалга ошириш тўғрисидаги йўриқнома банкларнинг расмий сайтларида эълон қилинмоқда.

Бугунги кунда деярли барча йирик тижорат банклари томонидан уларнинг мижозларига шартномада белгиланган муддатларда кредитни сўндириш имконияти мавжуд бўлмаганлиги сабабли кредит таътиллари тақдим этилиши маълум қилинмоқда. Шунингдек банклар томонидан ушбу таътиллар муддатини узайтириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади. Мижознинг банк счётлари ҳолати бўйича ҳар бир вазият юзасидан алоҳида қарорлар қабул қилинади.

– Дўкон кассири пластик карта паролини нотўғри терганлиги оқибатида у блокировкага тушиб қолди. Картани қандай блокировкадан чиқариш мумкин? Паспортни олиб банкка бориш зарурми?

– Сизнинг ҳолатингиз – сотувчига ПИН-кодни маълум қилмаслик учун яна бир сабаб бўлади. Ундан ПИН-кодни мустақил киритишингиз учун имкон беришини сўраганингиз маъқул. 

Юзага келган вазиятни ҳал этиш учун банкингиз сайтига киринг ёки маслаҳат олиш учун операторга қўнғироқ қилинг. Ҳозирги пайтда банклар томонидан картани масофавий, онлайн режимда блокировкадан чиқариш имконияти тақдим этилмоқда. Мижознинг аризаси дарҳол кўриб чиқилади.

«Koronavirus Info» материаллари асосида.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг