ЭҲФга ўтиш бўйича 27 та долзарб масала

preview

ЭҲФ операторларидан бири, «Didox» тизимини тақдим этувчи «Venkon» компанияси ташкил этган семинарда электрон ҳисобварақ-фактураларни амалда қўллашнинг муаммоли масалалари корхона раҳбарлари ва бухгалтерлари томонидан муҳокама қилинди. Семинарда ДСҚ, ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ вакиллари, «Norma» МЧЖ ва «Менталист» ўқув маркази экспертлари иштирок этдилар.

ЭҲФга ўтиш солиқ маъмуриятчилигини анча соддалаштириши лозим. Солиқ ҳисоботи кўрсаткичларини бирламчи ҳужжатлар - ҳисобварақ-фактуралар билан солиштиришга имкон бўлади. Бухгалтер камерал назорат жараёнида қўйилган талаблар бўйича солиқ органларига тушунтириш беришига тўғри келмайди.

Бошқа томондан, амалиётчи мутахассислар тизим пухта ишланмаганлиги ва ЭҲФ тизими ишини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари талқини аниқ эмаслиги туфайли хатоликларга йўл қўйишдан хавотирланадилар, бу хатолар учун солиқ тўловчи жавоб беришига тўғри келади .

Buxgalter.uz муҳокама этилаётган масалаларнинг энг долзарбларини эълон қиляпти.

1. Реализация қилиш билан боғлиқ барча бирламчи ҳужжатлар 1 январдан бошлаб ЭҲФ тизимида электрон шаклда тўлдириладими? Масалан, ишончномалар, товар-транспорт юкхати, бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳ.к.

- Йўқ, ҳаммаси эмас. 522-сон Низомда фақат ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш мажбурийлиги қайд этилган. Бунда солиқ тўловчига қулай бўлиши учун «Didox» ЭҲФ тизимида электрон шаклдаги ишончномалар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар далолатномаси ва ТТЮ назарда тутилган, улар мижоз томонидан ихтиёрига кўра фойдаланилиши мумкин. Зарурат туғилганда ушбу ҳужжатлар, шу жумладан ҳисобварақ-фактуралар ҳам қоғозга чиқарилиши мумкин.

2. Товар жўнатилиши қоғоз шаклидаги бирламчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлса ва ЭҲФ реестрида акс эттирилмаса, қандай оқибатлар юзага келади?

- 2020 йил 1 январдан ҳисобварақ-фактуралар ва реестрларни электрон шаклда тўлдиришингиз зарур бўлади. Жавобгарлик чораси ҳозирча назарда тутилмаган. Энг муҳим сўз – ҳали…

ЯИДХПда жойлаштирилган Солиқ кодекси лойиҳасида фақат иккита истисноли ҳолатдагина ҳисобварақ-фактурани қоғоз шаклида тўлдиришга рухсат берилиши назарда тутилган   :

1) Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланиш телекоммуникациялар тармоқлари маъмурий-ҳудудий бирликдаги чегараларидаги жойлашган жойи бўйича солиқ тўловчининг мавжуд эмаслиги. Умумий фойдаланиш тармоқлари мавжуд бўлмаган ҳудудларда маъмурий-ҳудудий бирликлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилади;

2) электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида техник хатолар юз бериши, улар ваколатли орган томонидан тасдиқланади. Техник хатолар бартараф этилганидан кейин қоғоз шаклида ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура техник хатолар бартараф этилган санадан эътиборан беш кун ичида электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

 3. Солиқларни ҳисоб-китоб қилиш учун қандай реализация санаси олинади:

  • ЭҲФни тизимда шакллантириш санаси;
  • харидордан ЭҲФ олинганлиги тасдиқланган сана.

Масалан, компания хизматлар кўрсатади. Ойнинг охирги санасида бир талай ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш керак. Бухгалтер уларни олдиндан расмийлаштиришни бошлайди. Оператор тизимида 31-сана кўрсатилган ҳисобварақ-фактурани 25-санада акс эттириш мумкинми?

- Товарларни реализация қилиш обороти амалга оширилган сана деб етказиб берувчи томонидан товар олиб келинган ёки юклаб жўнатилган сана эътироф этилади. .

Бугунги кунда ЭҲФ тизимида ҳисобварақ-фактура санаси –  у реал вақт режимида тақдим этилган сана деб техник жиҳатдан жойлаштирилган.

522-сон Низомда «ҳисобварақ-фактура санаси» ҳақида аниқ жавоб келтирилмаган. Шу боис 522-сон Низомга ЭҲФ санаси, шунингдек тақдим этилган ЭҲФ харидор томонидан имзоланадиган ёки рад этиладиган муддатларни белгилашга доир техник регламент киритиш назарда тутилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

4. ҚҚС бўйича солиқ ҳисоб-китобида сотувлар ва харидлар реестрини тўлдиришдан қандай наф бор? Ахир солиқчиларга реализация ҳажми ЭҲФ бўйича шундоқ ҳам кўриниб турибди -ку.

- ҚҚС солинадиган барча хўжалик операциялари  ҳам ЭҲФ тизимига тушмаслиги мумкин. Шу сабабли солиқ тўловчи уларни ҚҚС ҳисоб-китобида, чунончи, - ҚҚС ҳисоб-китобига сотувлар ва харидлар реестрида кўрсатиши лозим.

5. ЭҲФда нақд пулга ва терминал орқали чакана реализацияни бир томонлама тартибда акс эттириш керакми?

- Чакана реализация бирламчи ҳужжатлар – НКМ ва терминал чеклари билан акс эттирилади.

Бугунги кунда бухгалтер чакана реализацияни сотувлар реестрида ойнинг охирги санасига умумий сумма билан ёзиб қўяди.

522-сон Низом  ва Солиқ кодекси лойиҳасида  НКМ ва терминал қўлланган ҳолда чакана савдо ва кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун ЭҲФни расмийлаштириш назарда тутилмаган.

Бироқ, солиқ ҳисоботи ЭҲФ тизими билан солиштириладиган бўлса, бухгалтерда бир томонлама расмийлаштирилган ЭҲФ кўринишида чакана реализацияни акс эттириш имконияти пайдо бўлади .

6. Ҳисобварақ-фактурани директор ва бухгалтер имзолайди. Ташкилотга тегишли ЭРИдан фойдаланган ҳолда ҳисобварақ-фактуралар имзоланса, уларнинг тўғри расмийлаштирилиши учун ким масъул бўлади?

- Бирламчи ҳужжатларнинг лозим даражада, ўз вақтида, ишончли расмийлаштирилиши учун корхона раҳбари ва бош бухгалтер масъул бўлади . Бунда бош бухгалтер ва директор ҳақиқатда товар юклаб жўнатилишида камдан-кам ҳолатларда иштирок этади. Ҳар бир корхона бирламчи ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига га бўлган ёки бўлмаган ҳолда, ушбу жараённи мустақил назорат қилади.

Шу боис ЭҲФга ўтиш корхонада қабул қилинган бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва имзолаш тизимига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

 7. Товарни юклаб жўнатиш интернетдан фойдаланиш зонасидан ташқарида амалга оширилса, нима қилмоқ керак?

- 522-сон Низомда мазкур саволга жавоб келтирилмаган.

Солиқ кодекси лойиҳасида  ЭҲФ тизимидаги техник носозликлар билан боғлиқ ҳолатлар белгиланган. Бироқ улар бартараф этилгандан кейин қоғозда тузилган ҳисобварақ-фактуралар ҳар қандай ҳолатда ҳам беш кун ичида ЭҲФ тизимига киритилади. 522-сон Низомда ҳисобварақ-фактурани қайси сана билан киритиш ҳақида айтилмаган.

Шу боис ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидагиларни қайд этиш мақсадга мувофиқ бўлади:

  • қайси ҳолатларда ҳисобварақ-фактуралар қоғоз шаклида расмийлаштирилиши,
  • қайси вақт давомида улар ЭҲФ тизимига киритилиши;
  • энг асосийси – улар қайси сана билан киритилиши.

Булар қуйидаги ҳолатлар бўлиши мумкин:

  • корхонада электр энергияси узоқ вақтга ўчирилган (ҳудудлар учун долзарб);
  • интернет бир маромда ишламайди (ҳудудлар учун долзарб);
  • ЭҲФ операторида техник узилишлар юз беради.

8. Товар юклаб жўнатилган, харидор эса ЭҲФни имзоламаётган бўлса, нима қилиш керак?

- 522-сон Низомда товарлар, ишлар ёки хизматларни олувчи  ЭҲФни имзоламаётган ҳолатларда  қандай йўл тутиш схемаси (регламенти) назарда тутилмаган.

522-сон Низомда техник регламентда харидорга ЭҲФни кўриб чиқиш ва имзолаш учун ажратилган муддатни белгилаш зарур деб ҳисоблаймиз. Авваламбор, муддат реализация амалга оширилган ой тугаганидан кейин 25 кундан ошмаслиги керак.

9. ЭҲФ хато ёзилган бўлса, нима қилиш керак?

- Оператор сайтида харидор имзолашга улгурмаган  ЭҲФга тузатиш, ўзгартириш киритиш ва ўчириб юбориш имконияти мавжуд. Яъни, битимнинг бошқа томони ҳисобварақ-фактурани имзолагунига қадар барча зарурий ўзгартиришларни киритишга улгуриш лозим.

Ҳисобварақ-фактура имзоланган бўлса, тузатиш киритишнинг ягона варианти тузатиш киритадиган қўшимча ҳисобварақ-фактурани тузишдир.

9. Электрон ишончномаларни расмийлаштириш ва қабул қилиш тартиби қандай?

- Ишончномалар 1245-сон Товар-моддий қимматликларни ишончномалар бўйича олиш ва бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ушбу норматив ҳужжатга ишончномалар нафақат қоғозда, балки электрон шаклда ҳам расмийлаштирилиши мумкинлигини киритиш лозим.

Уларни қўллаш регламенти қайд этилмаган. Бу бўшлиқни тўлдириш керак.

Шунингдек электрон ишончномалардан фойдаланилиши битимнинг иккала тарафлари: еткзиб берувчи ва харидор томонидан қабул қилинади, деб ҳисоблаймиз.

10. Юк етказиб берилганда ҳайдовчиларга қандай ҳужжат ёзиб берилади? Электрон ҳужжат айланишида ишончномани ва товарнинг кузатув ҳужжатларини қоғоз шаклида расмийлаштириш керакми?

Товар-транспорт ҳужжатларини икки марта – электрон шаклда ва қоғозда расмийлаштиришга тўғри келмайдими, бу корхона харажатлари ошишига олиб келиши мумкинку?

- Ишончномалар ва товарнинг кузатув ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш ихтиёрий ҳисобланади. Фақат ЭҲФ мажбурий тартибда расмийлаштирилади.

Электрон товар-транспорт  юкхатларининг  электрон шаклидан фойдаланишни хоҳласангиз, унинг шакли «Didox» тизимида берилган. У 1382-сон Йўриқномага мувофиқ келади.

Бугунги кунда юкни ташувчи транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида зарур ҳужжатлар бўлиши ҳамда ИИО ходимларининг талабига кўра ташиладиган юкка тегишли ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиши шарт . Шу сабабли ташиладиган юкка доир электрон ҳужжатлардан (ТТЮ), улар қоғозга чиқарилмасдан ва тасдиқланмасдан фойдаланиш имконияти юқорида кўрсатилган норматив ҳужжатларда назарда тутилмаган.

11. Харидорларга тақдим этиладиган пул (молиявий) чегирмаларида реализацияга тузатиш киритиш қандай акс эттирилади?

- Бундай турдаги чегирма тузатишларга сабаб бўлади – товарни сотувчида ялпи тушумнинг камайишига олиб келади   . Шу боис ЭҲФ тизимида тузатиш киритувчи ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш лозим.

12. Харидорларга тақдим этиладиган товарга оид чегирмалар берилганда реализацияга тузатиш киритилиши қандай акс эттирилади? Товарга оид чегирмалар харидорга реализация чоғида тақдим этилади.

- Товар бонус (текин) тарзида  бериладиган бўлса, солиқ солинадиган базани текин юклаб жўнатиладиган товар таннархигача кўпайтиради   . Тегишинча, ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

13. Товар қайтарилиши ЭҲФда қандай расмийлаштирилади?

- Товар қайтарилганда етказиб берувчи ёзиб берилган аввалги ҳужжатга қўшимча ҳисобварақ-фактурани тузади, у харидор томонидан тасдиқланади . Ушбу қўшимча ҳисобварақ-фактурада етказиб берувчи тузатилган миқдорни (кўпайтирилган ёки камайтирилган) кўрсатиши лозим.

Шунингдек товар қайтарилган тақдирда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага тузатиш киритилганлиги камерал назорат жараёнида қизиқиш уйғотиши мумкинлигини унутмаслик керак:

  • етказиб берувчида – реализация қилинган ва ҳисобланган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш;
  • харидорда – ҳисобга олинадиган ҚҚСга тузатиш киритиш.

Шу боис товарларни қайтариш, ишлар (хизматлар)ни рад этишга доир барча ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилиши лозим:

  • шартномада товарни қайтариш, ишлар (хизматлар)дан воз кечиш шартлари қайд этилиши зарур;
  • қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши лозим.

 14. Ҳисобварақ-фактураларни тузишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қурилиш ва фармацевтика компаниялари ЭҲФни қандай расмийлаштирадилар?

- 2020 йил 1 январгача айрим тармоқлар учун ЭҲФ платформасини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Шу жумладан – қурилиш, фармацевтика, воситачилик ва дилерлик хизматлари соҳаси учун.

15. Оддий ҳисобварақ-фактурадан фарқли ўлароқ бензинни реализация қилишда ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади?

- ЭҲФ тизимида якуний истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда тўланадиган акциз солиғи тўловчилари учун ҳисобварақ-фактуранинг махсус шакллари мавжуд.

16. Даваль хизматлар кўрсатишда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади?

- Даваль хизматларини кўрсатишда ЭҲФ кўрсатилган исталган турдаги хизматларга қандай бўлса,  шундай расмийлаштирилади.

17. Ижарага берувчи ижарага олувчига коммунал хизматларни қоплашга ЭҲФ тақдим этса, ушбу ҳисобварақ-фактура ижарага берувчининг реализация қилиш оборотини ва ҚҚС, фойда солиғи ва ЯСТ бўйича ҳисобланадиган миқдорларини автоматик тарзда ошириб юбормайдими?

 - Ижарага олувчи томонидан коммунал харажатларнинг қопланиши ижарага берувчининг  санаб ўтилган солиқлар бўйича солиқ солинадиган базасини оширмайди, чунки улар ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди.

Бу 3126-сон Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибининг 49-бандида ҳам назарда тутилган. 

18. Йирик корхонада бош бухгалтер ва директор ЭҲФни ўз вақтида расмийлаштира олмаса, бу ишни бошқа ходимларга ишониб топшириш мумкинми?

Масалан, ҳисобварақ-фактура ёзиб бериладиган офис бир жойда, товарлар юклаб жўнатиладиган омбор эса бошқа жойда жойлашганда.

- Корхона, бўлинмалар, филиаллар ходимлари учун қўшимча чекланган кириш имкониятидан фойдаланинг, бу ЭҲФ оператори томонидан тақдим этилиши лозим. Чекланган кириш имконияти ЭҲФга маълумот киритиш имконини беради, бироқ уларни имзолаш ва контрагентга жўнатиш ҳуқуқини бермайди.

Бундай ходимга (масалан, ҳудудий менежер ёки моддий бухгалтер) ЭҲФни имзолаш ҳуқуқи ҳам берилса, у ҳолда:

  • ёки ходимга корхона ЭРИдан фойдаланиш ҳуқуқини беринг;
  • ёхуд ходимга алоҳида ЭРИ олинг.

19. Ҳисобварақ-фактурани ўчириб, унинг ўрнига худди шу рақам остида бошқа ҳужжатни тузиш мумкинми?

- Ҳа, харидор ЭҲФни имзоламаган бўлса, етказиб берувчи ушбу ҳужжатни ўчириб ўрнига айнан шу рақам остида янгисини тузиши мумкин. ЭҲФ харидор томонидан қабул қилинган бўлса, етказиб берувчи тузатиш киритилган ЭҲФни ёзиб беради.

20. Корпоратив пластик карталар бўйича реализация қилинганда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади? Ҳар куни чакана тармоқда, шу жумладан юридик шахс томонидан КПК орқали реализация амалга оширилади.

- Товарлар реализация қилинганда ёки хизматлар кўрсатилганда КПК орқали тўлов киритилган тақдирда  бухгалтер ЭҲФ тизимида ҳисобварақ-фактурани шакллантириши лозим. Натижада харидор қуйидагиларни олади:

  • ҳисобга олинадиган ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳолда тўлиқ расмийлаштирилган ҳужжатни;
  • корпоратив пластик картадаги пул маблағлари мақсадли сарфланиши бўйича аванс ҳисоботини тузиш учун тасдиқланган маълумотларни.

21. Олинган ва ҚҚС бўйича ҳисоб-китобнинг харидлар ва сотувлар реестридан ўтказилган ЭҲФлар оператор сайтини шакллантирадими? Ёки ушбу реестрни такрор тўлдириш лозимми?

 - Оператор тизими бухгалтерия дастури билан интеграциялашган бўлса, ЭҲФ маълумотларини шакллантириш ва уларни ҳисоб маълумотлари билан солиштириш, солиқ ҳисоботини, шу жумладан - ҚҚС ҳисоб-китобини тўлдириш учун кирувчи ва чиқувчи ҳисобварақ-фактуралар реестрини шакллантириш мураккаб бўлмайди.

22. Товар ҳадя қилинганда ёки таннархидан паст нархда реализация қилинганда ЭҲФда қўшимча маълумотларни акс эттириш лозимми?

- Йўқ, ЭҲФда реализация қиймати ҳақиқий юклаб жўнатиш қиймати бўйича тўлдирилади

 

23. ЭҲФ оператори билан шартнома тузиш қанчалик мураккаб бўлади?

 - Электрон ҳужжатларни шакллантириш, жўнатиш, тасдиқлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга оператор билан шартномани имзолаш учун операторнинг расмий сайтига кириш ва оммавий офертани имзолашнинг ўзи кифоя қилади.

24. ЭҲФни реализация қилиш санаси билан айнан ўша куни эмас, балки кейинроқ расмийлаштириш мумкинми?

- Ҳисобварақ-фактураларни ўтган саналар билан имзолаш амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

ЭҲФни харидор ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда шакллантириш, ЭРИ билан имзолаб, ЭҲФ оператори орқали роуминг-операторига жўнатиш реал вақт режимида амалга оширилади.

Бунда, илгари таъкидлаганимиздек, ҳисобварақ-фактура санасига доир масала 522-сон Низомда тартибга солинмаган. Шу сабабли тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар ҳисобварақ-фактура санаси бўлиб у ЭҲФ тизимида шакллантирилган сана ҳисобланади.

25. ЭҲФна мажбурий тарзда ўтиш ҚҚСни ҳисобга олишнинг солиқ маъмуриятчилигини  соддалаштириш мақсадида махсус чора ҳисобланадими? У бизнесга қўшимча мураккабликларни туғдирмайдими?

- ЭҲФ солиқлар йиғилувчанлигини ошириш ва ноинсоф солиқ тўловчиларни аниқлаш мақсадида бутун оборот занжирини таҳлилдан ўтказиш ва назорат қилиш учун жорий этилмоқда

26. Солиқ тўловчилар электрон оборот жараёнини тушуниб олишлари учун барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда қадам-бақадам берилган  Йўриқнома зарур.

- soliq.uz ва www.rouming.uz сайтларида шундай қадам-бақадам берилган йўриқнома ва ЭҲФни тўлдириш бўйича ўзбек ва рус тилларидаги видео-дарслар бор.

27. Кимлар ЭҲФни расмийлаштирмайди?

         ЭҲФ талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди : 

  • йўловчилар ташишни йўл чипталари билан расмийлаштириш (шу жумладан - авиацияда ва темир йўлда ташишлар);
  • товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига НКМ чеки, терминал чеки, квитанция бериш;
  • товарларнинг экспорт-импорт тарзида етказиб берилишини расмийлаштириш;
  • қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси расмийлаштириладиган молиявий ижара (шу жумладан лизинг) шартномаси бўйича мол-мулкни топшириш, ҚҚС тўлаш мажбуриятлари юзага келадиган ҳоллар бундан мустасно .
  • банк операцияларини мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма бериш орқали расмийлаштириш;
  • суғурта хизматларини топшириқ шартномаси ва (ёки) суғурта полиси орқали расмийлаштириш;
  • Солиқ кодексининг 222-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ишларни (хизматларни) ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштириш.

522-сон Низомнинг ушбу бандида  ноаниқлик мавжуд деб ҳисоблаймиз, улар амалиётда қуйидагиларга олиб келади: а) ЭҲФ билан солиштирилганда солиқ ҳисоботидаги маълумотлар бузиб кўрсатилишига; б) камерал назорат якунларига кўра солиқ тўловчига талаблар қўйилишига сабаб бўлади.

Масалан, корхона ҳисобварақ-фактура ўрнига ҳисобварақ-фактуранинг барча реквизитларини такрорлайдиган бажарилган ишлар далолатномасини расмийлаштирса, уни ЭҲФ тизимига мажбурий тартибда киритилмаслиги келиб чиқади. Бунда солиқ тўловчи ушбу операцияни ҚҚС ҳисоб-китобида, шу жумладан сотувлар реестрида акс эттириши зарур.

Хулоса:

Жавоб топилмаган бир талай муаммоли масалаларнинг мавжудлиги 522-сон Низом пухта ишлаб чиқилиши, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши зарурлигидан далолат беради.

Наталья Туралинова, «Менталист» маркази директори,

сертификатланган бухгалтер-амалиётчи.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text155507_ehfga_utish_buyicha_27_ta_dolzarb_masala