Ким алкоголь билан улгуржи ва чакана савдо қилиши мумкин

preview

Молия вазирлиги алкоголь билан улгуржи савдо қилувчи корхоналар устав фондида мажбурий равишда давлат улуши мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабни бекор қилишни таклиф қилди.

Вазирлик сайтида Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан улгуржи савдо қилишни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳалари эълон қилинган. Охирги ҳужжатнинг мазмуни юзасидан 1 октябрга қадар шарҳ ва таклифларни қолдириш мумкин.

Улгуржи корхоналарга талаблар

Алкоголли маҳсулотлар билан улгуржи савдо қилишни лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг таклиф этилаётган таҳририга асосан савдо корхоналари:

  • 500 м2 дан кам бўлмаган майдонга эга ўзининг ёки ижарага олинган яшаш учун мўлжалланмаган бинога;
  • БҲМнинг 10 000 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги устав фондига;
  • 200 минг декалитрдан кам бўлмаган ҳажмда минимал йиллик товар айланмасига эга бўлиши керак.

Шунингдек, улар:

  • умумбелгиланган солиқларни тўловчи бўлиши;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига соф тушумнинг 5%ини ўтказишлари  керак.

Лицензия олиш учун ҳужжатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади, лицензия муддатсиз бўлади.

Чакана савдо

Алкоголь билан чакана савдо қилиш учун рухсат гувоҳномасини 5 йилгача муддатга (ҳозир -2 йилгача) бериш кўзланмоқда.

Турғун савдо шохобчаларига қўйиладиган баъзи талаблар ҳам аниқлаштирилмоқда. Хусусан, уларнинг таълим, спорт ва диний муассасалардан радиуси камида 500 метр масофада бўлиши нормасини  200 метргача камайтириш таклиф этилди.

Умумий овқатланиш корхоналари алкоголни сотишга рухсат гувоҳномасини олиш учун

  • камида 25 м2 бўлган;
  • камида15 та ўтириш жойи мавжуд бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган ўзининг ёки ижарага олинган биноларга эга бўлиши керак.

Умумий талаблар

Алкоголли маҳсулотлар билан улгуржи ва чакана савдо қилувчи шохобчалар мажбурий тартибда онлайн-НКМлари ёки виртуал кассалар, тўлов терминаллари билан жиҳозланиши, шунингдек товарларни маркалаш ва кузатиш тизимида ишлашлари лозим. Улгуржи корхоналар яна ЭҲФдан фойдаланишлари керак бўлади.