ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Коммунал хизмат: қарзлар мушкул вазиятга солиб қўймасин
Коммунал хизматлар бўйича тўловлардан қарз мавжуд бўлганда юзага келадиган нохушликлардан қандай халос бўлиш мумкин? Бу ва бошқа саволларга Мажбурий ижро бюроси бўлимининг катта инспектори Алибек Куанишов жавоб берди.
- Истеъмолчида энергия ресурслари, совуқ сув ёки қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетишга оид тўловлар бўйича қанча қарздорлик мавжуд бўлганда, Бюро қарздорга нисбатан чора кўришни бошлайди?
– Қарз суммаси аҳамиятли эмас. Истеъмолчи ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловни амалга ошириши (12.01.2018 йилдаги 22-сон ВМҚ) ҳамда совуқ сув ва сув чиқариш (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚ), шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун олдиндан тўловни (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚ) ҳар ойнинг 10-санасигача амалга ошириши лозим. Бу талаб бажарилмаганда, у автоматик равишда коммунал хизматлар етказиб берувчилари томонидан шакллантириладиган қарздорлар рўйхатига тушиб қолади. Сўнгра бу рўйхатлар чора кўриш учун бизга Бюрога берилади. Қарздор қарзини сўндириши шарт. Шу боис коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида тўлашни қатъиян илтимос қиламиз. Фақат шу йўл билан нохушликлар ва хизматлар етказиб берилиши тўхтатиб қўйилган тақдирда уларни тиклаш харажатларини четлаб ўтиш мумкин. Қарздорларга нисбатан қўлланиладиган чоралардан бири хизматлар етказиб берилишини тўхтатиб қўйишдир (29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон).
- Бюро мажбурий ундирув чорасини қўллашдан олдин қарзни сўндириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирадими?
– Ҳа, албатта, аввало қарздорга бажарилиши мажбурий бўлган қарздорликни сўндириш тўғрисидаги кўрсатма ёзма шаклда юборилади. Ушбу талабномани бажаришга кўрсатма истеъмолчига топширилган кундан бошлаб 5 кун муддат берилади (29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон).
- Кўрсатма бажарилмаганда, қарздорга нисбатан қандай чоралар кўрилади?
– Бюро ходимларининг саъй-ҳаракатлари қарздорликни сўндиришга қаратилади. Бунинг учун 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон Фармонга мувофиқ Бюро ходимларига қуйидаги ҳуқуқлар берилган:
- етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим - истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;
- истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари учун қарзларни ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ошмайдиган суммада мазкур истеъмолчиларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатиладиган банк ҳисобрақамларидан ҳисобдан чиқариш;
- энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;
- вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш.
Қарздорлик 2 ЭКИҲдан ошганда, хорижга чиқиш вақтинча чекланади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 421-моддаси).
Талабларимизга лоқайд қарайдиган, солиқ тўлашдан бўйин товлайдиган ноинсоф тўловчилар билан курашда судга мурожаат қиламиз.
– Мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздорларнинг иш жойи ҳақидаги маълумотларни қаердан оладилар?
– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 46-моддасига амал қиламиз.
Кўпинча бундай ахборотни қарздорларнинг ўзлари тақдим этадилар. У ташкилотларга тегишли сўровномалар юбориш орқали текширилади.
Қарздор буни сир тутса, давлат ижрочиси жамғариб бориладиган пенсия тизимидан тегишли маълумотни олиш учун қарздорнинг яшаш жойидаги Халқ банки филиалига сўровнома юборади.
– Иш жойида қарздорлик қандай ундирилади?
– Иш берувчига бажарилиши мажбурий бўлган ижро варақаси жўнатилади. Ҳужжатда ўтказилиши лозим бўлган сумма ва банк ҳисобрақами кўрсатилади. Тегишинча, ушбу сумма иш ҳақидан ушлаб қолинади ва коммунал хизматлар бўйича қарздорликни сўндириш ҳисобига ўтказилади.
– Коммунал хизматлардан қарздорликни сўндириш ҳисобига ушлаб қолинадиган суммаларга чеклов борми?
– Ҳа, ҳар ойда 2 ЭКИҲдан ошмаслиги керак.
– Истеъмолчида бир неча хизмат турлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, ҳар бир бўйича 2 ЭКИҲ доирасидаги сумма ушлаб қолинадими?
– Йўқ, умумий ҳисобда бир кишининг иш ҳақидан, одатда, уй-жой мулкдоридан коммунал хизматлар бўйича қарзни тўлаш ҳисобига 2 ЭКИҲгача ушлаб қолинади. Ундан кўп эмас. Бу сумма етарли бўлмаса, солидар жавобгарлик тушунчаси қўлланилади (15.02.2018 йилдаги ПФ-5343-сон). Яъни нафақат уй-жой мулкдоридан, балки у билан бирга яшовчи бошқа оила аъзоларидан ҳам ушлаб қолинади.
– Мажбурий ижро бюроси фақат банк пластик карточкаларига нисбатан чоралар қўллайдими?
– Йўқ, қарздорнинг ҳисобрақами ва омонатларида ёки банклар ёхуд кредит ташкилотларида сақлашда бўлган пул маблағлари ҳақида маълумот мавжуд бўлганда, уларга нисбатан чоралар қўлланилиши мумкин.
Пластик карточкалардан 2 ЭКИҲгача бўлган сумма сўзсиз ҳисобдан чиқарилади. Қолган ҳисобрақамлар бўйича «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қарздорлик тўлиқ сўндирилгунга қадар харажат қисмига тақиқ қўйилади.
Банк пластик карточкаларининг реквизитлари тўғрисидаги маълумотларни, одатда, иш берувчидан ёки бевосита банкка мурожаат қилиш орқали оламиз. Умуман олганда, исталган ишончли, тақиқланмаган манбалардаги маълумотдан фойдаланиш мумкин.
Банк ҳисобрақамларидаги маблағларга оид барча ҳаракатлар Банк ёки кредит ташкилоти томонидан Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочисининг кўрсатмасига асосан амалга оширилади.
– Сўнгги пайтларда чиптани олиб, аэропортга борганда, уларда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлиги сабабли мамлакатдан чиқиш вақтинча чекланганлиги маълум бўлаётган ҳолатларни кўп эшитяпмиз. Ваҳоланки, у хорижга чиқишдан олдин барча қарзларини тўлаган бўлди. Вазиятга тушунтириш бериб ўтсангиз.
– Хорижга чиқишга чеклов 2 ЭКИҲдан юқори қарздорлик мавжуд бўлганда белгиланади ва бу ягона ахборотлар базасига тушади. Бунда қарздор ўз қарзларини сўндирганлиги тўғрисида маълумотлар ижрочига ўз вақтида етиб келмаганлиги сабабли қарздор рўйхатдан чиқарилмайди. Шу боис ижро варақалари бўйича қарздорлик сўндирилганда бу ҳақда давлат ижрочисини хабардор қилиш лозим.
Бундан ташқари, хорижга чиқишга чеклов мавжудлиги ҳақидаги маълумотни Мажбурий ижро бюроси сайтида ҳавола бўйича ўтиб текшириб кўриш мумкин. Бу ерда ҳамма фойдалана оладиган коммунал хизматлар учун қарздорларнинг электрон маълумотлар базаси мавжуд. Ўзингиз ҳақингизда маълумот олиш учун тегишли сатрга фамилия, исм-шарифингиз ёки паспорт маълумотларингизни киритишнинг ўзи кифоя.
– Суҳбатимиз якунида коммунал хизматларга тўлов юзасидан қарздорлик билан боғлиқ нохуш қолатларга тушмаслик учун ўқувчиларга нималарни тавсия қиласиз…
– Қарздорлик юзага келиши билан боғлиқ кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш учун қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилишни тавсия қиламан:
- янги уй-жой сотиб олганингизда, албатта аввалги мулкдорнинг коммунал хизматлардан қарзи бор-йўқлигига эътибор қилинг. Қарздорлик мавжуд бўлса, улар сўндирилиши лозим;
- кўчмас мулкка ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни олганингиздан кейин мажбурий тартибда барча коммунал хизматлар етказиб берувчилари билан шартномаларни қайтадан тузинг ва сиз ҳақингиздаги барча маълумотлар янги мулкдор сифатида истеъмолчилар маълумотлари базасига ўз вақтида киритилишини кузатиб боринг;
- коммунал хизматлар ҳақини ҳар ойнинг 10-санасигача тўланг;
- сайтдаги ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни мунтазам текшириб туринг. Қарздорлар рўйхатидан ўз фамилиянгизни топган чоғингизда, сизни маълумотлар базасидан чиқариш чораси кўрилиши учун коммунал хизматлар тўловини тасдиқловчи ҳужжатлар билан вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бюрога мурожаат қилинг.
Олег Гаевой.