ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Молия вазирлиги ва ДСҚ бухгалтерларни тинглашди ва зарур чораларни тайёрлашмоқда
Бу ҳақда “Норма” Профессионал ривожланиш маркази томонидан ташкил этилган вебинарда молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ маълум қилди.
Январь ойида Молия вазирлиги ва ДСҚ ходимлари томонидан солиқ тўловчилар билан ўндан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Уларда, энг аввало, 2021 йилда амалга киритилган солиқ маъмуриятчилигининг янги ахборот тизимларидан фойдаланишдаги муаммолар муҳокама қилинди.
Е- aktiv
Бухгалтерларда кўп мураккабликлар Е-aktiv тизими билан юзага келади. 1 январдан бошлаб ундан йирик солиқ тўловчилар ва ҚҚС тўловчилар фойдаланишлари керак, бироқ мавжуд функционал қўйилган вазифаларни ҳал қилиш имконини бермайди. Дастурни пухта қайта ишлаш учун вақт талаб қилинади, шу боис, Дилшод СУЛТОНОВнинг маълум қилишича - Молия вазирлиги ва ДСҚ мутахассислари вазиятни ўзгартириш юзасидан таклифлар тайёрлашмоқда. Вариантлардан бири - улар бўйича инсофсиз тадбиркорлар кўпроқ солиқ мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлайдиган 100 тадан кўп бўлмаган юқори ликвидли товарлар мисолида тизимни апробация қилиш.
Бунда 30.12.2021 йилдаги ПҚ-73-сон қарорга асосан “E-aktiv” дастурий маҳсулотини қўлламаганлик учун 2022 йил 1 июлга қадар санкциялар қўлланилмайди. Ушбу муддат зарурат бўлганда узайтирилиши мумкин.
МХИК
Бухгалтерлар маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодларини қўллашнинг мураккаблиги юзасидан ҳам шикоят қилишди. Товарлар ва хизматлар классификаторига мунтазам равишда ўзгартиришлар киритилмоқда, МХИК кодлари доим ўзгартирилмоқда. Бу корхоналарга талай муаммолар туғдирмоқда, чунки ўзгартиришларни онлайн-НКТ ва ЭҲФ тизимларига киритиш зарур. Уларни ҳал қилиш учун ҳозир тармоқ ишчи гуруҳлари ташкил этилмоқда, улар таркибига солиқ тўловчиларнинг вакиллари ҳам киради. Шунингдек, МХИКни қўллашда хато учун солиқ тўловчиларни жаримага тортмаслик таклифи ўйланмоқда.
Солиқ хавфининг мезонлари, солиқ узилиши коэффициенти
ҚҚС бўйича солиқ хавфи мезонларининг такомиллаштирилмаганлиги ҳам кўплаб муаммолар туғдирмоқда, уларни қўллаш инсофли солиқ тўловчиларни солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда. Шу билан ҚҚС 15%ли айланмадан олинадиган солиққа айланмоқда, корхоналар катта йўқотишларни бошдан кечирмоқда.
Дилшод СУЛТОНОВнинг фикрига кўра, солиқ тўловчиларда улар бўйича кўпроқ мураккабликлар юзага келаётган солиқ хавфининг қатор мезонларини қўллашни кечиктириш ушбу муаммоларни ҳал қилиш вариантларидан бири бўлиши мумкин. Ушбу мезонларни солиқ тўловчилар иштирокида ишчи гуруҳларининг тавсиялари асосида пухта қайта ишлаш ва янгилаш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Молия вазирлиги ва ДСҚ режаларида қўшимча қиймат яратиш занжирида ҚҚС йўқотилишини таҳлил қилиш методикасини қайта ишлаш назарда тутилган. Инсофли солиқ тўловчилар учинчи шахсларнинг солиқдан бўйин товлашлари учун жавобгар бўлишлари керак эмас.
“Узилиш коэффициенти” ҳисоб-китобини такомиллаштириш ва бундай чоранинг қўлланилишини солиқ қисмида ҳисобга олишни рад этиш сифатида қонунчиликда мустаҳкамлаш лозим. Акс ҳолда, аксарият солиқ тўловчиларни ҚҚСга ўтказиш ва унинг нейтраллигини таъминлаш бўйича сиёсат барбод бўлади, деб ҳисоблайди молия вазирининг ўринбосари.
Мол-мулк солиғи
Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқишнинг янги тартиби - вебинарда муҳокама қилинган яна бир мавзу бўлди. Дилшод СУЛТОНОВнинг таъкидлашича, белгиланган минимал миқдор - бу солиқ қиймати эмас, балки солиқ базаси.
Тошкентда, масалан, йилига 1 кв. метрдан 2,5 млн сўм эмас, балки 37,5 минг сўм тўлаш зарур. Бунда ҳудудларда маҳаллий Кенгашлар солиқ суммасини 2 бараваргача пасайтирувчи камайтирувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлишди. Солиқ тўловчиларнинг ўзлари эса ихтисослаштирилган ташкилотларда баҳолашни буюртма қилишга ва 1 кв. метрнинг баҳоланган қийматидан солиқ базаси сифатида фойдаланишга ҳақли, ҳатто у минимал қийматдан паст бўлган тақдирда ҳам.
Баҳолашни ўтказиш учун 1 октябрга қадар ҳали вақт бор. 1 апрелга қадар солиқ органларини корхона баҳолашни ўтказишни режалаштираётганлиги ҳақида хабардор қилиш, 1 февралга қадар эса - илгари амал қилган тартибга асосан солиқни ҳисоблаб чиқиш ва унинг суммасининг 1/12 қисмини бюджетга тўлаш зарур.
Молия вазирлиги навеслар, резервуарлар ва бошқа шу каби кўчмас мулк объектларини солиқ солишдан чиқариш бўйича таклифни кўриб чиқмоқда. Вазирлик мутахассислари солиқ тўловчилар учун қадамма-қадам йўриқномалар ишлаб чиқишмоқда, улар кўчмас мулкка солиқ солишнинг янги қоидаларини қўллашни енгиллаштиради.
Вебинар иштирокчилари жами 50 дан ортиқ саволлар ва таклифлар беришди, улар солиқ маъмуриятчилигининг ахборот тизимларини такомиллаштириш чоғида ҳисобга олинади.