Онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг жорий этилиши бухгалтерия ҳисобига қандай таъсир кўрсатади

preview

Бухгалтерлар «виртуал касса» атамаси пайдо бўлиши билан энди савдо тушуми ҳам виртуал ҳисобга олинади деб ҳазил қиладиган бўлдилар. Бироқ қонун чиқарувчилар буткул бошқа натижани: тушум ҳажмини аниқлашни ва тўланиши лозим бўлган солиқлар ҳисоблаб чиқарилишининг янада аниқ бўлишини кутмоқдалар.

Президентнинг ПФ-5813-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни идентификация воситалари билан маркировкалаш ва уни кейинчалик кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ушбу мақсадларга эришиш учун йўналтирилган.

Солиқ органи ҳар бир чек ҳақида маълумотга эга бўлади

Қўлланиладиган НКМ технологиясида сотувлар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотира блокларида жамланади. Солиқчилар маълумотлар олингандан кейин унга кира оладилар.

Жорий этилаётган онлайн-ККМ ва виртуал кассалар ҳар бир чиқарилган чек ҳақидаги маълумотни автоматик равишда солиқ органларига юборади.

Бинобарин, таваккалчиликни таҳлил этиш тизимида товарлар ва хизматлар сотуви тўғрисидаги маълумотлардан янада кенгроқ фойдаланиш мумкин.

Чек талаб қилмайдиган харидорлар сони қисқартирилади

Бугунги кунда тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам чек бериш ва унинг мазмуни тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаяптилар (СК 119 ва 222-м., «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ва 17.11.2017 йилдаги 306-сон ВМҚ). Чеклар ҳар доим ҳам чиқариб берилмайди, савдо шохобчаларининг ҳаммаси ҳам уларда товар номини кўрсатмайдилар. Тадбиркорлар ўзларини оқлаш учун мижозлар чек талаб қилмайдилар, дейишади.

Бундан буён харидорлар чек олишдан кўпроқ манфаатдор бўладилар.2019 йил 1 октябрдан Тошкентда чек лотереяларини ўтказиш тажрибасини йўлга қўйилади. Онлайн-НКМ чекларидаги QR-код ва  фискал қайдлар асосида фуқаролар совринли ўйинларда иштирок этишлари мумкин. Ушбу мақсадлар учун Молия вазирлиги бюджетдан 1 млрд сўм ажратади.

Бундан ташқари, қуйидагиларни аниқлайдиган «масофавий текширув» тизими жорий этилади:

  • онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилмаганлиги;
  • чеклар QR-код ёки фискал қайдларсиз берилганлиги.

Қоидабузарлар жавобгарликка тортилади.

Тўлов терминали чеки касса чекини бекор қилмайди

Айрим товарлар ва хизматлар сотувчилари пластик карталар қўлланилган ҳолдаги ҳисоб-китобларда НКМ чеки берилиши шарт эмас деб биладилар.

Бундан буён қонунчиликда аниқ баён этилган норма мавжуд, унда тўлов терминаллари орқали қабул қилинган тўловлар учун масъулият юкланиши, харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилиши шартлиги кўрсатилган.

Бу умумий сотувлар ҳажми ҳақидаги маълумотлар олинишини соддалаштиради, уларни ҳисоб-китоб қилишда хатоларга йўл қўйилиши эҳтимолини камайтиради ва кассанинг очиқ-ошкоралигини таъминлайди.

Чекнинг ҳақиқийлиги текширилади

Жорий этилаётган технологияларда компьютер дастурлари ёрдамида чеклар қалбакилаштирилишининг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилади.

Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида QR-код ва фискал қайдлар бўлиши лозим. Улар нафақат лотереяларни ўтказиш, балки ўз навбатида, чекнинг ҳақиқийлигини ва тўғри расмийлаштирилганлигини текшириш учун зарур. 1 июлда якунланган онлайн-НКМни жорий этиш бўйича дастлабки лойиҳа доирасида бунинг учун зарур дастурларни App Store ва Google Play дан юклаб олиш мумкин бўлди.

Ҳар бир товар маркировкаланади

ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг товарларни мажбурий тартибда махсус маркировкалаш (штрих-код) назарда тутилган қарори лойиҳасининг муҳокамаси якунланди. Унинг ёрдамида товарларнинг ишлаб чиқарувчидан ёки божхона омборидан бошлаб то  истеъмолчигача ҳаракатланишини кузатиш мумкин. Хусусан, товарни чакана сотиш, яъни унинг оборотдан чиқиб кетиши онлайн-НКМ ёрдамида қайд этилади.

Муайян товар бирлигини бошқа товарга алмаштириш ёки биттасининг ўрнига иккита бир хил товарни бериш мумкин эмас. Харидор олаётган товари тизимда рўйхатдан ўтказилганлигини ҳар доим текшира олади. Салбий натижа, яъни  бу тизимга маълумот киритилмаганлиги маҳсулотнинг контрабанда ёки контрафакт эканлигидан далолат беради.

Биринчилар қаторида сигареталар, айрим турдаги алкоголь маҳсулотлари ва пиво маркировкаланади. Кейинчалик товарлар рўйхати кенгайтирилади.

Техник регламентларни кутамиз

Бундан кейин онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга техник талаблар эълон қилиниши билан мазкур масалага оид алоҳида тушунтиришларни тайёрлаймиз.

Олег Гаевой.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text153906_onlayn-nkm_va_virtual_kassaning_joriy_etilishi_buhgalteriya_hisobiga_qanday_tasir_kursatadi