Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
ПҚ-282-сон Қарор: Ўзбекистонда молиявий ҳисоб ислоҳотларининг янги босқичи
Ўзбекистонда бухгалтерия тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлаштирилиши ҳамда МҲХСни қўллашнинг халқаро амалиётга асосланган концептуал ёндашувини жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаси. Бу йўналишдаги ўзгаришлар хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси бошқармаси бошлиғи Отабек БАРАКАЕВ ўз фикрларини билдирди.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.09.2025 йилдаги ПҚ-282-сон «Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида молиявий ҳисобот тузиш ва аудитга нисбатан қатъий талабларни белгиловчи Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public interest entities — PIE) концепцияси жорий этилмоқда. Отабек Отақулович, ушбу янгича ёндашувнинг муҳим моҳияти нимада ва нега у Ўзбекистон учун муҳимлигини тушунтириб берсангиз?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.09.2025 йилдаги ПҚ-282-сонли қарори билан киритилган муҳим ва аҳамиятли ўзгартиришлар – бу бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлаштирилиши ҳамда МҲХСни қўллашнинг халқаро амалиётига асосланган концептуал ёндашувини жорий этишдир.
Бугунги кунда МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тузиши лозим бўлган айрим акциядорлик жамиятлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасидаги корхоналар учун халқаро тажрибадан ва уларнинг фаолият юритиш хусусияти ҳамда ташкилий-хуқуқий шакли жиҳатидан қаралганда МҲХС асосида бухгалтерия юритиш ҳамда молиявий ҳисобот тузиш заруратини кўриб чиқиш керак бўлади. Бундай чоралар айрим тоифадаги корхоналарнинг жамият ва иқтисодиёт учун қанчалик муҳим аҳамияли даражада эканлигига боғлиқ.
Энди дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатида эътироф этилган Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар концепциясига ўтамиз. Халқаро бухгалтерлар федерацияси ва Европа кўрсатмаси мезонларини асос қилиб оламиз – яъни жамоат манфаатларига ҳақиқатан ҳам таъсир кўрсатадиган ташкилотлар эътиборимиз марказида бўлади.
Нима учун бу принцип жиҳатдан муҳим? Аввало Ўзбекистон молия ва капитал бозорларида шаффофликни ошириш, халқаро инвесторлар ишончини кучайтириш, натижада мамлакатнинг суверен ва корпоратив рейтингларини яхшилаб, узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар институтининг жорий этилиши:
- уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ ҳисобот бериши орқали молия бозорининг шаффофлиги ошади, капитал бозорига хорижий сармоялар кириши осонлашади;
- инвестиция муҳити яхшиланади;
- молия тизимининг умумий барқарорлиги ошади, бу халқаро рейтинг агентликлари баҳосини яхшилайди;
- кичик ва ўрта корхоналар ҳам аста-секин шаффофликка ва ҳисобот стандартларига яқинлашишга ўтади.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар жорий этилган мамлакатлар халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилишда енгилликка эга бўлади, узоқ муддатда бу иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлайди.
Амалий жиҳатдан қарийб 1 500 та ташкилот ўрнига 300 тадан ортиқ ҳақиқий жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар МҲХСни қўллайдилар. Бу 5 баравар қисқартириш давлат томонидан қўллаб-қувватлашни, муҳим жамоат аҳамиятига эга субъектларни жамлаш, кадрларни сифатли тайёрлаш ва молиявий ҳисоботлар сифатини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш имконини беради.
– Ўзбекистонда МҲХСни жорий этишнинг ўтган 5 йили давомида қандай тажриба ва сабоқлар олинди?
– Ўтган 5 йил давомида биз ютуқлар билан биргаликда аниқ йўналишлардан иборат қимматли тажриба орттирдик.
Аввало, муҳим ижобий натижаларни қайд этиш лозим. Халқаро стандартлар бўйича кадрлар тайёрлашда олдинга силжидик. МҲХС бўйича мутахассисларни тайёрлаш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (АCCА) билан халқаро таълим стандартлари асосида МҲХС бўйича кадрлар тайёрлашга қаратилган меморандум имзолади. АCCА билан ўзаро ҳамкорлик жараёнида 19 дан ортиқ ўқув марказлари халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди, бу эса МҲХСга мувофиқ ўқитиш сифатини тасдиқлайди.
МҲХС бўйича мутахассисларнинг меҳнат бозорига кириши учун шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида Вазирлик томонидан олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари ва талабалари, давлат органи ходимларининг МҲХСга ўқитиш ва бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. 2021-2025 йилнинг 2-ярим йиллик якунига қадар 3 346 нафар талабгорга 8, 871 млн сўм қоплаб берилди.
Бугунги кунда бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида АССА – 102 нафар, «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» (F7) фанидан топширган – 749 нафар, DipIFR (ACCA) – 449 нафар, CIPA, CAP, CPA – 170 дан ортиқ жами 1 470 нафарга яқин халқаро сертификатга эга мутахассислар мавжуд. 13 000 дан ортиқ тингловчилар (талабалар, ўқитувчилар, бухгалтерлар ва молиячилар) учун бепул масофадан таълим онлайн платформалари (ifrs.academy ва profimsfo.uz) яратилди;
МҲХСни ўзбек тилидаги аҳамиятини янада ошириш учун стандартлар бўйича бугунги кунга 30 та бепул онлайн вебинарлар ўтказилди.
МҲХСни қўллаш самарадорлигини ошириш ҳамда уни амалиётга қўллаш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлик билан МҲХС Фонди ўртасида имзоланган битимга асосан жами 62 та МҲХС ҳужжатлари давлат тилига таржима қилиниб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матни тан олинди.
Хорижий инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор бўлган банк сектори, акциядорлик жамиятлари ва йирик солиқ тўловчилар МҲХСни қўллаш бўйича жиддий тажриба тўпладилар, бу эса халқаро ҳамкорларнинг ишончини мустаҳкамлади ва хорижий инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор бўлган компанияларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширди. Бу тажриба жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш учун халқаро стандартларнинг муҳимлигини тасдиқлади.
Шу билан бирга, биз бухгалтерия ва аудит соҳаси бўйича бир нечта ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалаларни аниқладик:
Биринчидан, МҲХСга ўтиш юқори молиявий харажатлар ва юқори малакали кадрларни, кўп ресурс талаб қиладиган жараён эканлигидан келиб чиқиб, МҲХС асосида ҳисобот тузувчи корхоналар тоифасини сифат жиҳатидан қайта кўриб чиқиш;
Иккинчидан, аксарият ташкилотлар миллий стандартлар асосида тузилган ҳисоботларни МҲХСга трансформация қилиш орқали ўгириш анъанасидан келиб чиқиб, молиявий ҳисоботларнинг сифати назоратини таъминлаш механизмини жорий қилиш;
Учинчидан, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасини янада кенгайтириш, МҲХСга ўтадиган ташкилотларни салоҳиятли кадрлар билан ва МҲХС бўйича малакали кадрлар билан таъминлаш;
Тўртинчидан, МҲХСни жорий этиш жараёларини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш;
Бешинчидан, молиявий ҳисоб тизимини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
Олтинчидан, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатларини ва илғор тажрибасини ўрганиш натижалари асосида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш.
– Бугунги кунда МҲХС бўйича ҳисобот топшириши лозим бўлган ташкилотлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.09.2025 йилдаги ПҚ-282-сон қарорнинг қабул қилиниши билан нималар ўзгаради ва МҲХСга ўтиш қандай мувофиқлаштирилади?
– Муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда. Олдинги тартиб бўйича МҲХС асосида ҳисобот тузиши лозим бўлган корхоналар агар Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига кирмаса, бундай корхоналар 2026 йил 1 январдан бошлаб МҲХСни мажбурий қўллашдан озод бўлади. МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш талаби фақат Жамоат аҳамиятига эга ташкилотларда сақланиб қолади.
Бунда, 2026 йил 1 январдан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар Реестрга киритилган ташкилотлар кейинги йил, яъни 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ҳамда 2028 йил йил якунига кўра молиявий ҳисоботларни тузиш ва уларни аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилишни МҲХСга мувофиқ амалга оширади.
Бу билан амалдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини шакллантириш, уларни МҲХСга тўлиқ ўтишга тайёрлаш ва зарур қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш чора-тадбирлари кўрилади. Бунда изчилликни сақлаб қолиш учун МҲХС бўйича молиявий ҳисоботларни тайёрлаётган ва буни давом эттиришни истаётган ёки бундай мажбурияти бўлган ташкилотлар 2025 ва 2026 йиллар учун бундай ҳисоботларни тайёрлаш ҳуқуқига эга. Улар буни ҳар қандай усулда, шу жумладан ҳисоботларни МҲХСга трансформация қилишнинг одатий усули орқали амалга оширишлари мумкин.
Қонунчилик ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар, яъни, олдинги тартиб бўйича МҲХС асосида ҳисобот тузиши лозим бўлган ташкилотлар агар Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига кирса, унда ушбу корхона учун МҲХСга ўтиш санаси дастлабки талаб асосида давом этади.
Муҳим фарқи шундаки, бунда Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тайёр ҳисоботларни шунчаки трансформация қилмасдан, аввалбошдан бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритишни ташкил этишлари, ҳисобот йили якунига кўра МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузишлари лозим бўлади. Бу эса ҳисоб сиёсатини қайта тузишни назарда тутади.
– Жамоат аҳамиятига эга ташкилотларнинг МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тузиш ва эълон қилиш талабининг жорий этилиши Ўзбекистонда МҲХСни қўллаш доирасига қандай таъсир қилади?
– Бундай тизим билан МҲХС принципларини қўллаш кўлами кенгаймоқда.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.09.2025 йилдаги ПҚ-282-сон қарорига асосан кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлик субъектлари учун Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари Кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган МҲХС билан уйғунлаштирган ҳолда Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини (МҲМС) ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу шуни англатадики, МҲХС принциплари бизнеснинг турли тоифалари учун мослаштирилган тарзда бутун иқтисодиётга татбиқ этилади.
Илгари бизда соддароқ тартиб мавжуд эди, яъни баъзилар МҲХСни қўлласа, бошқалар халқаро стандартлардан фарқ қиладиган миллий стандартларни қўллайди. Энди биз уч босқичли тизим яратамиз: Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар учун тўлиқ МҲХС, кичик ва ўрта бизнес учун МҲХС асосидаги соддалаштирилган Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини, қолган барча учун, қўшимча равишда хоҳловчилар учун ихтиёрий равишда тўлиқ МҲХСни қўллаш.
Бундан келиб чиқадики, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлик субъектлари энди халқаро стандартлар билан бир хил концептуал ёндашувларга асосланган, аммо уларнинг кўлами ва фаолиятининг мураккаблигига мослаштирилган стандартларга эга бўлади.
Мамлакатнинг бутун молиявий ҳисобот тизими халқаро принциплар билан оммавий уйғунлаштирилади, бу эса иқтисодиётнинг барча иштирокчилари учун ягона концептуал асос томон одимлайди.
![]()