Солиқ сиёсатидаги сўнгги ўзгартиришлар

preview

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси Беҳзод МУСАЕВ ЎзАга берган интервьюсида ҚҚСнинг 15 фоизлик ставкасини жорий этиш жараёнида тадбиркорлик субъектлари олдида турган биринчи навбатдаги вазифалар ҳамда Президентнинг ПФ-5837-сон Фармони билан киритиладиган бошқа ўзгартиришлар ҳақида сўзлаб берди.

ҚҚС

Солиқ идораси раҳбарининг сўзларига қараганда ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши эвазига республика бўйича хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида 10 триллион сўмдан ортиқ оборот маблағлари қолади.

Кўпчиликда НКМ хотирасида ёзилган формулага мувофиқ ҳозирга қадар харид қилинган маҳсулотлар учун қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизлик ставкаси сақланган. 1 октябрдан, биринчи навбатда, назорат-касса аппаратларини қайта дастурлаш зарурати юзага келади. Шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида амал қиладиган шартномани инвентаризация қилиш ва зарур ўзгартиришларни киритиш лозим.

ЯИТ

Жорий йилдан бошлаб ягона ижтимоий тўлов бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини тўлдиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Шу боис йил бошидан уни сақлаб туриш учун солиқ юкини камайтириш жараёнида меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ҳамда давлат улушига эга корхоналар учун тушумни қисқартириш хавфини камайтириш учун унинг 25% даражасидаги ставкаси сақланиб қолди. Қолган барча корхоналар учун 12%гача пасайтирилди.

Беҳзод  Мусаевнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда давлат улушига эга 4 609 та корхона фаолият юритмоқда. Янгича амалиёт туфайли уларнинг ҳисобрақамларида қўшимча 2,7 трлн сўм маблағ қолади. Улар маблағлардан ўз фаолиятини ривожлантириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш учун фойдаланиши мумкин.

Ҳисобрақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш

Ҳозирга қадар тадбиркор солиқ органига тушуми ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаган бўлса, унинг банкдаги ҳисобрақами бўйича операциялар маълум вақтга – тушум ҳақидаги зарур маълумотлар келиб тушгунига қадар тўхтатиб турилади.

Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, жорий даврда 18 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг банклардаги ҳисобрақамлари бўйича операциялар тўхтатилган. Солиқ идораси бунинг оқибатида иқтисодиётга пул маблағлари оқими тўхтаб қолаётганлигини кўряпти.

Президентнинг Фармонига мувофиқ ўз даромадларини яшираётган тадбиркор учун сўнгги чора сифатида ҳисобрақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга чеклов - 30 кундан ортиқ бўлмаган муддат белгиланди.