Тизим ишга туширилгунига қадар юзага келган меҳнат муносабатлари ЯММТда ҳисобга олинмайди

preview

Тизим ишга туширилгунига қадар тузилган меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайдиган лойиҳа нормасига тузатиш киритилиши эҳтимоли бор. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини такомиллаштириш» мавзусидаги давра суҳбатида бу ҳақда маълум қилдилар.

Ҳозирги кунда бундай норма «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат дастурий комплексини (кейин ўринларда - ЯММТ) жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги НҲҲ лойиҳасида назарда тутилган. Бу ҳақда батафсил бу ерда баён этилган.

2020 йилгача бўлган меҳнат муносабатлари ва стажни ҳисобга олиш дастур ишга тушгунига қадар қандай бўлса, шундай тартибда қайд этилади. «Mehnat.uz» ахборот-компьютер маркази директори А.Элмуродов бунга эътибор қаратди.

Тадбирда тизимни қонун ҳужжатларида, шу жумладан Меҳнат кодексида унинг қўлланилиш масалаларини қайд этиш зарурати туфайли ЯММТни ишга тушириш 2019 йил 1 октябрдан кейинга қолдирилганлиги тушунтириб ўтилди. Ушбу ҳужжатларнинг лойиҳалари турли тайёрлов босқичларида турибди. Норма ижодкорлиги ишлари кетаётган жараёнда ЯММТнинг техник параметрларига ҳам тузатишлар киритилади.

Алишер Элмуродовнинг айтишича, ЯММТ меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тизимидан ташқари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • бўш иш ўринлари миллий электрон базаси;
  • хусусий бандлик агентликлари реестри ва шахсий кабинетлари;
  • хорижда ишга жойлашишга талабгорларнинг умумий миллий базаси;
  • Бандлик маркази ходимлари ишини автоматлаштириш тизими;
  • мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш маълумотлари базаси;
  • меҳнат бозори бўйича маълумотлар таҳлили ва ҳисоботлар модули;
  • меҳнат бозори бўйича прогнозларни шакллантириш модули.

ЯММТни ДСҚ, Давлат персоналлаштириш маркази, Пенсия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (имконияти чекланган шахслар тўғрисидаги маълумотларни айирбошлаш учун), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Халқ банки» (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари тўлдирилиши ҳақидаги маълумотларни олиш учун) ва меҳнат органлари билан интеграциялаш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда тизимни яратиш ишларининг тахминан 80%и якунланган. Тизим очилган ва тест режимида my.mehnat.uz манзили бўйича жойлаштирилган. Интернетга уланган исталган қурилмадан унга кириш мумкин.