Тушум қандай қилиб мустақил равишда банкка топширилади

preview

 

Марказий банк Бошқарувининг қарори (23.01.2019 йилда 3028-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага (бундан кейин – Йўриқнома) тузатишлар киритилди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ЭКИҲнинг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектларга уни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда кунлик топширишга рухсат берилди. ЭКИҲнинг 20 баравар миқдоридан кам бўлган кунлик ўртача нақд пул тушумига эга хўжалик юритувчи субъектлар эса уни инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топширишлари мумкин (30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонга қаранг).

 

Йўриқномага киритилган қўшимчалар билан хўжалик юритувчи субъектларнинг пул тушумини бевосита банк филиалларига мустақил равишда топшириш тартиби белгиланди. 

 

Тушум махсус инкассо хонасида қабул қилинади. У банк касса тармоғида алоҳида ёки кирим, чиқим кассаларида, шунингдек бошқа касса хоналарида ташкил этилади. Мижоз белгиланган шаклдаги бланкани тўлдирган ҳолда пломбаланган сумкадаги (қопдаги) пулни инкассо хонасига топширади. Тушумни қабул қилган касса ходими бланканинг квитанция қисмига имзо қўйган ва муҳр босган ҳолда уни мижозга қайтариб беради. Нақд пулни саралаш, санаш, тушум пулларни кирим қилиш, шунингдек зарур ҳужжатларни расмийлаштириш Йўриқномада белгиланган тартибда амалга оширилади.   

 

Бундан ташқари, Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонига мувофиқ, нақд пул тушумини фақат Марказий банкнинг инкассация хизмати орқали топшириш бекор қилинган. Шу муносабат билан муқобил инкассация хизматларини ташкил этиш назарда тутилган. Йўриқномага ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, ҳар бир инкассатор билан моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади.


Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.01.2019 йилдан кучга кирди.

 
 

Ленара Хикматова.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text147683_tushum_qanday_qilib_mustaqil_ravishda_bankka_topshiriladi