Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:

ДСҚ ва Молия вазирлигининг қарори (21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги солиқ ҳисоботи шакллари тасдиқланди. ҚҚС бўйича ҳисобот шакллари орасида янги ҳисобварақ-фактура шакли ҳам тасдиқланди.
Қарор билан ҳисобварақ-фактуранинг 2 та шакли тасдиқланди:
1 – умумий, 8 та устундан иборат;
2 – бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига сотиш чоғида тўланадиган акциз солиғини тўловчилар учун, 11 та устундан иборат.
Қолган акциз солиғини тўловчилар солиқ суммасини ажратиб кўрсатмаган ҳолда ҳисобварақ-фактуранинг умумий шаклини тўлдирадилар. 5-«Етказиб бериш қиймати» устунида акциз солиғи ҳисобга олинган, ҚҚС ҳисобга олинмаган, 8-«ҚҚС ҳисобга олинган етказиб бериш қиймати» устунида эса – акциз солиғи ва ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда сотилган товарлар (кўрсатилган хизматлар)нинг жами сони (ҳажми) қийматини кўрсатишлари шарт.
.jpg)

Иккала шаклда етказиб берувчи ва харидорнинг мажбурий реквизитлари ўзгартирилди. Қуйидаги реквизитлар чиқариб ташланди:
- телефон рақами;
- банк – ҳисоб-китоб счётининг рақами, банк номи ва шаҳар;
- ИФУТ бўйича коди;
- ишончнома бўйича – рақами, берилган санаси ва олувчининг Ф.И.О.
Қуйидаги реквизитлар қўшилди:
- ҚҚС тўловчини рўйхатга олиш коди.
Бу – солиқ органлари томонидан ҚҚС тўловчига бериладиган 12 та рақамдан иборат код. У берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали юборилади.
Янги ҳисобварақ-фактура шакллари 2019 йил 22 январдан бошлаб қўлланилади.