Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ўз фаолиятини бошламоқда

preview

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик корхоналарнинг солиқ маъмурчилиги туман солиқ инспекциялари томонидан юритилмоқда ва бу солиқ назоратини тўлақонли амалга ошириш имкониятини бермаяпти.

Бунинг асосий сабаби йирик солиқ тўловчиларнинг тузилмаси ўзининг мураккаблиги, молия-хўжалик фаолиятининг катталиги, йирик пул оқимига эгалиги, ташқи ҳамкорлик шартномаларининг кўплиги ва солиқ имтиёзларидан фойдаланишларининг хусусиятлари билан боғлиқ бўлмоқда.

Ҳозирда мазкур инспекцияни ташкил этишнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси якунланиб, йирик солиқ тўловчиларни танлаб олиш мезонлари белгиланди. Унга кўра, давлат бюджетига солиқ тушумларининг 60 фоизини таъминлайдиган 550 дан ортиқ корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасига бўйсунади ва айни пайтда қўмита биносида реконструкция ва иш жойларини ҳозирлаш жараёни бошланган. Жорий йилнинг август ойидан инспекция “тест режими”да ўз фаолиятини бошлайди ва аввалига пойтахтимизнинг йирик корхоналари ҳамда октябрь ойидан эса республикамизнинг бошқа вилоятларида жойлашган корхоналар ҳам қамраб олинади.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси замонавий талаблардаги намунавий инспекция қиёфасини ўзида акс эттириб, унда энг сара илғор технологиялар ва янги иш услублари жорий этилади.

Мазкур инспекциянинг ташкил этилиши катта бизнес вакилларига сифатли солиқ сервис хизматларидан фойдаланиш ва ўз вақтида профессионал маслаҳатлар олиш имкониятини беради. Бу ўз навбатида, ҳам бизнесни тўғри юритиш, ҳам солиқ мажбуриятлари вақтида бажарилишига хизмат қилади.

Табиийки, янги инспекция тўлақонли ва сифатли фаолият юритиши учун юқори малакали кадрларни ўзида жамлаши муҳим аҳамиятга эга. 116 ходимдан иборат штат бирлиги тасдиқланган бўлиб, ҳозирда солиқ хизмати органлари ходимлари, шунингдек, йирик корхоналарда фаолият юритиб, уларнинг бизнес жараёнларини яхши биладиган мутахассислар орасидан жамоани шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.

 

ДСҚ Матбуот хизмати ахбороти асосида