Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲФ муаммолари бўйича “давра суҳбати” якунлари
23 март куни ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВ ва молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ ЭҲФ муаммолари бўйича “давра суҳбати” ўтказишди. Унда солиқ маслаҳатчилари ва бизнес вакиллари иштирок этишди. Учта асосий савол муҳокама қилинди: 1) ЭҲФни ўз вақтида тақдим этмаганлик ва муддатларга риоя қилмаганлик учун жарималар; 2) жорий ҳисобот даврида тузатилган ЭҲФни тақдим этиш учун чекловлар; 3) ҳисобга олиш ҳуқуқини ноқонуний қўллаш. Buxgalter.uz компания раҳбари тимсолида мунозараларда иштирок этди. Натижалар қандай?
“Давра суҳбати”, кутилганидек, ҳиссиётга тўла бўлди. Тарафлар бир-бирларини эшитишди ва мумкин бўлган барча далилларни келтиришди. ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВ қўмитанинг ЭҲФ бўйича қўшимча чекловларни жорий қилиш бўйича ҳаракатларини шарҳлаб берди. Улар ЭҲФ айланмасини ва сўнгги вақтларда кенг қулоч ёзган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини қўллашни тартибга солувчи нормалардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этишга қаратилган.
ЭҲФни таҳлил қилган ҳолда ҳуқуқбузарларни тезкор тарзда аниқлаш мумкин. Бугун бу - ҳамма электрон шаклда расмийлаштириши шарт бўлган ягона ҳужжат, ушбу жараённинг маъмурчилиги ДСҚ иштирокида рўй беради.
Бизнес вакилларининг фикрига кўра, ҳуқуқбузарларга қарши кураш виждонли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини чекламаслиги керак. Қатор ҳолларда тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиш аниқланган хатоларни бартараф этишнинг ягона усули ҳисобланади. Солиқ тўловчида ҳуқуқ мавжуд ва бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоботларда мустақил равишда аниқланган хатоларни тузатиш имконияти бўлиши керак.
ЭҲФни тақдим этиш муддатлари Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган. Агар солиқ тўловчи уларга риоя қилса, уни жазолаш учун асос йўқ. Шунингдек, ушбу муддатларни бузганлик учун СКнинг 223-моддаси асосида жарима санкцияларини қўллаш ҳам нотўғри бўлади.
Давлат органлари вакиллари ЭҲФ ва онлайн-НКМ билан ишлашда муаммоларга дуч келадиган тадбиркорларни эътибор билан тинглашди. ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВнинг сўзларига биноан, солиқчилар муаммоларнинг баъзиларини билишади ва уларни бартараф этиш устида ишлашмоқда. Хусусан, яқин вақтда онлайн-НКМдан маълумотлар автоматик тарзда ҳисоб-китоблар тизимига тушади. Нақд шаклда ҳисоб-китоб орқали сотувлар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш эса бекор қилинади. Корпоратив карта билан ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ чекларини рўйхатдан ўтказишни - сотиб олувчининг талабига биноан ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш тўғрисидаги нормани бекор қилиш билан - ягона эҳтимолий вариант сифатида - қоида учун қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ электрон ҳужжат айланишини яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг асосий инструментларидан бири қилиш юзасидан режалар билан ўртоқлашди.
Жорий йилда нафақат ҳисобварақ-фактуралар, балки товар-транспорт юкхатлари, ишончномалар, шартномалар ва битимлар бўйича бошқа бошланғич ҳужжатлар мажбурий электрон шаклда расмийлаштирилади. МХИК, товарларни маркировкалаш ва штрихли кодлаш тизимлари товарнинг ҳаракатини сотувчидан (импорт қилувчидан) якуний истеъмолчига қадар схемаси бўйича кузатиш устидан назорат қилиш инструменти сифатида ривожлантирилади.
Натижада товар ҳаракатининг - ишлаб чиқарувчи ёки импортдан сотиб олувчигача занжири - шаффофроқ бўлади. Шу туфайли солиқчилар “нақдлаштирувчи” тузилмалар фаолиятига чек қўйишади: охиргилар уларда киримда бўлмаган товарга ҳисобварақ-фактура тақдим эта олишмайди.
Шунингдек, Молия вазирлиги бўнаклардан ҚҚС тўлашни жорий қилишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда бўнакларга ҚҚС солинмайди, бу солиқ маъмурчилигида муайян қийинчиликлар туғдиради.
Умуман, иккала идора ҳуқуқбузарларга қарши курашиш қонунга риоя қилувчи солиқ тўловчиларга зарба бермаслиги, уларнинг фаолиятига ҳалал қилмаслиги, бизнеснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига тўсқинлик қилиши даркорлигига қўшилишади. Шу боис тадбиркорларга - бундай муаммоларни яратмайдиган йўллар ва усулларни топишга ваъда берилди.