Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 11.09.1998 й. 21-сон "Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

11.09.1998 й.

N 21


ЖИНОИЙ ҲАРАКАТЛАР ОҚИБАТИДА

ЕТКАЗИЛГАН МОДДИЙ ЗАРАРНИ

ҚОПЛАШ МАСАЛАСИГА ДОИР

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни ундириш турли шакллардаги мулкнинг дахлсизлигини таъминлашда, давлат ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу тоифадаги ишлар судлар томонидан асосан қонуний ҳал этилмоқда.

Шу билан бирга, айрим судлар ҳар доим ҳам фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини кўрмайдилар, тергов органлари томонидан мол-мулкни ўз вақтида хатламаслик ҳолларига баъзан тегишли муносабат билдирмайдилар, зарарнинг миқдори ва хусусияти тўғрисидаги далилларни тўлиқ текширмайдилар, фуқаровий даъволарни етарли асосларсиз кўрмасдан қолдирадилар, жиноят оқибатида қўлга киритилган маблағ эвазига зарарни қоплаш мумкинлиги масаласини ҳамма вақт ҳам муҳокама этмайдилар, фуқаровий даъво қўзғатилмаган ҳолларда етказилган мулкий зарарни ундириш масаласини ўз ташаббуслари билан ҳал қилмайдилар, биргаликда содир этилган ҳаракатлар натижасида зарар етказган шахсларнинг солидар жавобгарлиги ҳақидаги қонун талабларининг бузилишига йўл қўймоқдалар. Зарарни келтириб чиқарувчи жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ишлари етарли даражада олиб борилмаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР  ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги қонунларга аниқ ва оғишмай амал қилиниши зарурлигига қаратилсин.

Жиноий ҳаракат оқибатида моддий зарар етказилган ҳар бир иш юзасидан ҳукм чиқаришда суд фуқаровий даъвони ҳал этиши, агар бундай даъво келтирилмаган бўлса, моддий зарарни ундириш ҳақидаги қарорни ўз ташаббусига кўра чиқариши мумкинлиги ҳақидаги масалани муҳокама қилиши лозимдир. Суд муҳокамасини қолдирмай туриб даъво ҳажмини аниқлаш имконияти бўлмаган ва зарар миқдори жиноятнинг тавсифига, судланувчига тайинланадиган жазо миқдорига ҳамда ҳукм чиқаришда юзага келадиган бошқа масалаларни ҳал этишга таъсири бўлмаган алоҳида ҳолларда суд, Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабига кўра, фуқаровий даъвогарнинг фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво миқдорини ҳал этиш учун талаб келтириш ҳуқуқини эътироф этиши мумкин.

Давлат корхона, муассаса ёки ташкилотига етказилган зарар қопланмаган ҳолларда суд фуқаровий даъвогарнинг даъводан воз кечиш ҳақидаги аризасини қабул қилишга ҳақли эмас.


2. Жиноятдан, шунингдек ақли норасо шахснинг жамоат учун хавфли хатти-ҳаракатидан зарар кўрган шахс, шунингдек юридик шахс ҳисобланувчи корхона, муассаса ёки ташкилотлар зарарни қоплашни талаб қилсалар, ЖПКнинг 56-моддасига биноан, жиноят ишида фуқаровий даъвогар деб эътироф этиладилар.

Вояга етмаганларнинг, шунингдек муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаровий даъво уларнинг қонуний вакиллари ва прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.

Жиноят содир этилиши ёки ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида мол-мулки йўқолган ёки шикастланган шахс вафот этган тақдирда жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни қувватлаш ҳуқуқига марҳумнинг меросхўрлари эгадирлар.

Дастлабки тергов давомида фуқаровий даъво талаби келтирилмаган бўлса, суд зарар кўрган шахсга ёки корхона, муассаса, ташкилотларга уларнинг судланувчига ёки қонун талабига кўра зарар учун моддий жавобгар ҳисобланувчи шахсларга нисбатан фуқаровий даъво келтириш ҳуқуқларини тушунтириши лозим.

Бундай даъво келтирилмаган тақдирда суд ўз ташаббуси билан жиноий ҳаракат натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласини муҳокама қилиб, бу мажбуриятни маҳкум зиммасига юклаш ҳақида қарор чиқаришга ҳақлидир.

Жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатмаган, шунингдек даъвоси кўрмасдан қолдирилган шахслар уни фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида қўзғатишга ҳақлидирлар.


3. Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийлари ҳамда ЖПКнинг 58-моддасига биноан, фуқаровий жавобгар тариқасида ишга жалб этилган корхона, муассаса ва ташкилотлар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, жиноий ҳаракат натижасида етказилган моддий зарар учун жавобгар бўладилар.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар етказилган зарар учун умумий асосларда мустақил жавобгар бўладилар. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахсда зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган тақдирда, зарар тўлиғича ёки унинг етишмаган қисми вояга етмаганнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан тўланиши лозим.

Ота ва онанинг бола тарбиясида тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда суд қарори асосида вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш мажбурияти уларнинг ҳар иккаласига юклатилиши лозим.


4. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш жараёнида суд фуқаровий даъво қўзғатилгани ва жиноий ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарнинг ундирилишини таъминловчи чоралар кўрилгани ҳақидаги масалаларни аниқлаши зарур. Агар суриштирувчи ёки терговчи фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини кўрмаган бўлса, суд ЖПКнинг 290-моддаси талабига биноан ўз ташаббуси билан бу чораларни кўради ёки тегишли органлар зиммасига моддий зарарнинг қопланишини таъминлаш чораларини кўриш мажбуриятини юклайди ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Айбдор шахсларнинг мол-мулкини хатлаш мулкий зарар қопланишини таъминлашнинг муҳим шаклларидан ҳисобланади. Иш материалларида мол-мулк рўйхатининг йўқлиги мулкий зарарни қоплаш тўғрисидаги масалани кўрмасдан қолдиришга асос бўла олмайди, чунки бундай мол-мулк ҳукм ижроси жараёнида ҳам аниқланиши мумкин. Шу билан бирга, судлар хусусий ажрим чиқариш йўли билан суриштирув ва тергов органлари томонидан айбдор шахсларнинг мол-мулкини хатлаш чорасини кўрмаганлиги ёки ўз вақтида кўрмаганлиги тўғрисидаги ҳар бир ҳолатга муносабат билдиришлари лозим.


5. Моддий зарар судланувчи ва жиноят ишининг қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахснинг биргаликдаги жиноий ҳаракатлари натижасида етказилган ҳолатда суд зарарни тўла қоплаш мажбуриятини маҳкум зиммасига юклайди. Иши алоҳида юритувга ажратилган шахсга нисбатан кейинчалик айблов ҳукми чиқарилаётганда суд унинг зиммасига муқаддам судланган маҳкум билан биргаликда зарарни (солидар) қоплаш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Агар моддий зарар судланувчи ва иши унга нисбатан тугатилган шахснинг биргаликдаги жиноий ҳаракатлари оқибатида етказилган бўлса, суд зарарни тўла ҳажмда қоплаш мажбуриятини маҳкумга юклайди ва фуқаровий даъвогарга иши ҳаракатдан тугатилган шахсга нисбатан маҳкум билан биргаликда етказилган зарарни солидар тартибда ундириш юзасидан фуқаролик ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради.

Суд ҳукмида биргаликда етказилган зарарнинг жиноят иши унга нисбатан тугатилган ёки алоҳида юритувга ажратилган шахслардан ундирилиши ҳақида кўрсатилиши мумкин эмас.


6. Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ёки шахснинг жиноятга дахлдор бўлмаганлиги, шунингдек шахснинг ҳаракати зарурий мудофаа чегарасидан чиқмаган ҳолда содир этилганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқарилаётганда, суд ЖПК 283-моддаси 2-қисми ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги "Суд ҳукми тўғрисида"ги 7-сонли қарорининг 10-банди тўртинчи хатбошисига биноан фуқаровий даъвони қаноатлантиришни рад этади.

Амнистия акти қўлланиши туфайли тергов органлари қарори ёки суд ажрими билан жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларга нисбатан фуқаровий даъво кўрмай қолдирилганда манфаатдор шахсларга фуқаровий ишларни юритиш тартибида даъво билан судга мурожаат этиш ҳуқуқлари тушинтирилиши лозим.

Жиноят иши апелляция, кассация ёки назорат тартибида юқорида кўрсатилган асосларга биноан тугатилганда ҳам фуқаровий даъвога нисбатан шундай оқибатлар юзага келади.

7. Фуқаровий даъво масаласини ҳал этишда суд ЖПКнинг 467-моддасига биноан айблов ҳукмининг тавсиф қисмида даъвони тўла ёки қисман қаноатлантириш ёки уни рад этиш асосларини, жиноят оқибатида етказилган зарарнинг моҳияти ва ҳажмини кўрсатиши, шунингдек зарар миқдорининг тегишли ҳисобларини келтириши, фуқаровий даъвони ҳал қилишда асосланилган қонунни кўрсатиб ўтиши лозим.

Қўзғатилган фуқаровий даъвонинг қаноатлантирилиши жиноий ишни судда кўриш жараёнида рад этилган тақдирда даъвогар шу шахсга ва худди шу асослар бўйича фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Фуқаровий даъвогарнинг даъво ҳажмини ҳал этиш учун фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво талаби билан мурожаат этиш ҳуқуқини эътироф этган суд ўз ҳукмида кўрсатилган даъво талаблари бўйича жиноят иштирокчиларидан айнан қайсиларига нисбатан моддий жавобгарлик мажбурияти юклатилиши лозимлиги ҳақида кўрсатиб ўтиши мумкин эмас.


8. Жиноят объекти бўлган мулк қийматини аниқлашда унинг эгаси томонидан харид қилиниши ҳолатларидан, жиноят содир этилган вақтдаги давлат чакана нархидан, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Мулк қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганда, у эксперт хулосасига кўра белгиланади.

Жиноий тажовуз оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашда, мулкнинг моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархини инобатга олиш зарур.


9. Жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплашга оид масалани ҳал қилишда судлар моддий зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши шартлиги ҳақидаги ФК 985-моддаси талабларидан келиб чиқишлари лозим.

Суд зарар етказган шахснинг талабига биноан қопланадиган зарар миқдорини фақат ФК 1012-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда камайтириши мумкин.

10. Биргаликдаги жиноий ҳаракатлар натижасида зарар етказган барча шахслар етказилган моддий зарарни қоплашда солидар жавобгар бўладилар. ФКнинг 1000-моддасига биноан жабрланувчининг аризасига кўра ва унинг манфаатларини кўзлаб, агар бу тартиб зарар қопланишини таъминласа, суд биргаликда зарар етказган шахслар зиммасига солидар эмас, ҳиссали жавобгарликни юклатишга ҳақли.

Бу ўринда судлар қуйидагиларни назарда тутишлари зарур:

- жиноятлар бир неча шахслар томонидан содир этилганда, улар биргаликдаги иштироки ана шундай эпизодлар бўйича жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплашда солидар жавобгар ҳисобланадилар;

- бир жиноий иш бўйича судлансалар-да, лекин умумий мақсад билан боғлиқ бўлмаган мустақил жиноий ҳаракатлар содир этган шахсларга нисбатан, шунингдек улардан айримлари қасддан содир этилган, масалан, мулкни талон-тарож қилиш жинояти учун, бошқалари эса совуққонлик жинояти учун судланганда, охиргиларининг ҳаракатлари олдингиларининг жиноят содир этишларига қай даражада бўлмасин шароит яратган бўлсалар-да, уларга нисбатан солидар жавобгарлик мажбурияти юклатилмайди;

- корхона, муассаса, ташкилотга унинг бир неча ходими ёки бир ходими ва корхона билан меҳнат муносабатларида бўлмаган бошқа шахслар айби билан зарар етказилиб, бу зарар уларнинг биргаликдаги қасддан содир этилган жиноий ҳаракатлари натижасида етказилгани аниқланган, суд уларнинг барчасига солидар жавобгарлик мажбуриятини юклашга ҳақли;

- маҳкумнинг ғайриқонуний ҳаракатлари учун қонун талабларига кўра моддий жавобгар ҳисобланувчи фуқаро ёки корхоналар жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашда солидар эмас, балки ҳиссали жавобгар бўладилар.

Бир неча шахслар томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқараётган суд ҳукмнинг қарор қисмида судланувчилардан қайси бирига солидар, қайси бирига ҳиссали жавобгарлик мажбурияти юкланишини, шунингдек зарарни қоплаш учун қанча миқорда ва кимнинг фойдасига сумма ундирилишини кўрсатиши лозим.


11. Солидар моддий жавобгар бўлган маҳкумларга нисбатан чиқарилган ҳукм айрим шахсларга нисбатан бекор қилиниб, иш қайта судловга юборилганда умумий зарарнинг барчасини қоплаш мажбурияти ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган маҳкумлар зиммасига юклатилади.

Иши янгидан кўрилганда бу шахсга нисбатан айблов қисми чиқарилса, унинг зиммасига ҳам ушбу жиноят юзасидан муқаддам судланган шахслар билан биргаликда зарарни солидар қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин.


12. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар натижасида етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъволарни ҳал этишда судлар амалдаги қонун талабларига, шунингдек ЎзР Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги "Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида"ги 11-сонли қарорига оғишмай амал қилишлари керак.


13. Жиноят ишида маънавий зарарни ундириш ҳақидаги фуқаровий даъвони кўришда суд маънавий зарар моддий жиҳатдан қопланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилишини ёдда тутиши лозим.

Жабрланувчи вафот этган тақдирда маънавий зарарни ундириш ҳуқуқига унинг яқин қариндошлари ёки қонуний вакиллари эгадирлар.

Маҳкумлар томонидан етказилган маънавий зарарни ундириш масаласини ҳал этишда суд зарар етказган шахслардан ҳар бирининг айб даражасини инобатга олиши лозим.

Агар маънавий зарар жабрланувчига етказилган маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқини назарда тутувчи қонун амалга киритилгунига қадар етказилган бўлса, фуқаровий даъвогарнинг бу ҳақдаги талаби қаноатлантирилмайди.


14. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ ишлар бўйича табиат объектларига етказилган моддий зарарни қоплаш қонун талабларига кўра ва ЎзР Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги 36-сонли қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган давлат ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларга қарашли транспорт воситаларини бошқараётган шахс томонидан транспорт жинояти содир этилганда моддий зарарни қоплаш масаласини ҳал қилаётган судлар етказилган зарарнинг бевосита жиноят содир этган айбдор шахсдан эмас, балки ушбу ташкилотлардан ундирилиши лозимлигига эътибор қаратишлари керак.

Шу билан бирга судлар фуқаровий даъвогарларга ФКнинг 1001-моддасига биноан умумий асосларда фуқаровий ишларини юритиш тартибида зарар етказилган шахсдан тўланган зарар миқдорини қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиришга мажбурдирлар.

Корхона, муассаса, ташкилотлар ўртасидаги низолар ФПКнинг 31-моддасига кўра судга тааллуқли эмаслигини эътиборга олиб, фаолияти теварак атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирувчи манба бошқа корхонага моддий зарар етказган ҳолларда ФПКнинг 100-моддаси 1-бандига мувофиқ келтирилган даъво талаби бўйича иш юритишдан тугатилиши ва манфаатдор тарафларга хўжалик судида низони ҳал этиш ҳуқуқлари тушунтирилиши лозим.


16. Ишни апелляция, кассация ёки назорат босқичида кўраётган суд ҳукмнинг моддий зарарни қоплаш қисмига ўзгартириш киритиши мумкин, масалан, биринчи босқич суди томонидан моддий зарар етказиш ҳолатлари тўғри ва тўлиқ аниқланган бўлиб, иш бўйича қўшимча далиллар тўплаш ва текшириш талаб қилинмаса, лекин моддий ҳуқуқ меъёрларини қўллашда хатоликка йўл қўйилган бўлса, кассация ёки назорат босқич суди ундириладиган зарар ҳажмини камайтириши ёки кўпайтириши мумкин.

Моддий зарар ҳажмини ўзгартириш жиноятнинг тавсифига таъсир қилиши мумкин бўлса ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи тарафга айблов миқдорининг ҳажми ўзгариши аниқланганда, агар бу асосларга кўра прокурор томонидан протест ёки жабрланувчидан шикоят келтирилган бўлса, суд ҳукми бекор қилиниб, иш қўшимча терговга ёки янгидан кўриш учун судга юборилади.


17. Жиноий ишдан келиб чиқувчи фуқаровий даъвони фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида кўраётган суд қопланиши лозим бўлган зарар миқдорини жиноят ишида мавжуд далиллар, шунингдек тарафлар томонидан қўшимча тақдим қилинган ва суд ташаббуси билан тўпланган далиллар асосида аниқлайди.

Фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво ишини кўрган суд зарар ҳажми ўзгариши натижасида ҳукм қайта кўриб чиқилиши лозим деган хулосага келса, таҳлил қилинган далилларга асосланиб даъво талаби бўйича ҳал қилув қарори чиқариши ва жиноят ишининг назорат тартибида текшириб чиқилиши зарурлиги тўғрисида ўз муносабатини билдириши лозим.


18.

ФКнинг 25-моддаси талабига биноан фуқаро ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулки билан жавобгар бўлади, қонунга мувофиқ мусодара қилиниши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустаснодир.


19. Хатланган мол-мулкнинг ўзлаштирилганлиги, растрата қилинганлиги, яширилганлиги, нобуд қилинганлиги ёки шикастланганлиги аниқланса, суд прокуратура органлари олдига ушбу мол-мулк ишониб топширилган шахсни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш масаласини қўйиши лозим (ЖК 233-моддаси).

20. Жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни кўриб чиқишда давлат божи ундирилмайди ва бундай даъволарга даъво муддати жорий қилинмайди (ЖПКнинг 276, 281-моддалари).

Иш бўйича бир неча шахслар айбли деб топилган тақдирда, ЖПКнинг 320-моддасига кўра суд харажатлари маҳкумлар зиммасига улардан бирининг айб даражаси ва мулкий аҳволи инобатга олиниб юклатилади.


21. Ҳукмнинг фуқаровий даъво қисми ФПКнинг 377-моддасида белгиланган муддат ичида мажбурий тартибда ижро этиш учун топширилиши мумкин. Ўтказиб юборилган процессуал муддат ҳукм чиқарган суд ёки ижро қилинадиган жойдаги суд томонидан тикланиши мумкин (ФПКнинг 379-моддаси).


22. Судлар моддий зарар етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилишига шароит яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш борасидаги ишларни кучайтиришлари зарур; ҳар бир иш бўйича хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларни бартараф қилиш зарурлигига тегишли раҳбар ходимларнинг эътибори қаратилсин.


23. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунларнинг судлар томонидан тўғри ва аниқ қўлланиши устидан назоратни кучайтирсинлар, ушбу масала юзасидан суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб борсинлар ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чорасини кўрсинлар.

24. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1983 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 1979 йил 23 мартдаги "Жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунларни қўллаш амалиёти ҳақида"ги 7-сонли қарори (1984 йил 11 майдаги 3-сонли Пленум қарорида киритилган ўзгартиришлар билан) ўз кучини йўқотган деб топилсин.