Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш ва уларни бошқариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.05.2020 й. 273-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 8 майдаги

273-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган

давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш ва

уларни бошқариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бошқариш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


чет элда жойлашган давлат мулки объектлари - давлат ташкилотларига тегишли бўлган ва чет элда жойлашган мол-мулклар, акциялар (улушлар), номоддий бойликлар ва интелектуал мулклар;


давлат мулки объектлари баланс сақловчиси - чет элда мулки мавжуд бўлган давлат корхонаси ёки ташкилоти;


чет элдаги муассаса - Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги миссиялари ва ваколатхоналари;


чет элда жойлашган давлат мулки объектлари реестри - чет элдаги давлат мулки объектларининг моддий, молиявий ва бошқа кўрсаткичлари ўз ичига олган маълумотлар базаси;


тақдимнома - давлат мулки объектлари баланс сақловчиси ушбу Низом талабларини бажармаган тақдирда, Агентлик томонидан ёзма равишда тақдим этиладиган ҳужжат.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЧЕТ ЭЛДА ЖОЙЛАШГАН ДАВЛАТ МУЛКИ

ОБЪЕКТЛАРИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


3. Давлат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чет элда жойлашган мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат ташкилотлари чет элда жойлашган объектга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни 10 кун ичида Агентликка тақдим этишлари шарт.


4. Агентлик чет элда жойлашган давлат мулки объектларининг сақланиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида, электрон дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда уларнинг реестрини юритади.

Агентлик давлат мулки объектлари баланс сақловчиси билан электрон маълумот алмашиш, шунингдек, ваколатли давлат органлари электрон тизимлари билан интеграциялашиш бўйича тадбирларни амалга ошириш орқали реестрнинг тезкор ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.


5. Чет элда жойлашган давлат мулки объектлари реестрига давлат мулки объектлари жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилиб берилган тақдирда, мулк ҳуқуқи вужудга келган давлат мулки объектлари тўғрисида маълумотлар киритилади.


6. Чет элда жойлашган маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан амалга оширилади.


3-БОБ. ЧЕТ ЭЛДА ЖОЙЛАШГАН ДАВЛАТ

МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИНИ БОШҚАРИШ ВА

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Чет элда жойлашган давлат мулки объектининг балансда сақловчилар Агентликка у томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни қуйидаги муддатларда тақдим этади:

чет элда жойлашган давлат мулки объектининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари ўзгарганлиги тўғрисида - шундай ўзгариш бўлган кундан бошлаб ўн кун ичида;

чет элда жойлашган давлат мулки объекти тўғрисида - ҳар йили, ҳисобот йили якуни бўйича кейинги ойнинг 25 кунидан кечиктирмасдан.


8. Агентлик зарур ҳолларда чет элдаги тегишли муассасадан чет элда жойлашган давлат мулки объекти тўғрисида маълумот сўраб олишга ҳақли.

Чет элдаги муассасалар зарур маълумотларнинг белгиланган муддатда тайёрланиши ва тақдим этилишини таъминлаши зарур.


9. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларнинг ҳисобини юритиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


10. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларни бошқариш мулк жойлашган давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


11. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини сақлаш ва оператив бошқариш ушбу мулкнинг балансда сақловчиси томонидан амалга оширилади.


12. Давлат мулки объектининг балансда сақловчилари чет элда жойлашган давлат мулки объектларини ишончли бошқарувга, ижарага, бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа иккинчи давлат ташкилоти тасарруфига беришни Агентлигининг розилиги билан давлат мулки объекти жойлашган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.


13. Чет элда жойлашган давлат мулки объектининг мулк ҳуқуқи аниқланмаган ва бирор-бир давлат ташкилотига бириктириб берилмаган бўлса, чет элдаги муассаса Ўзбекистон Республикасининг мулк ҳуқуқини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.


14. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида чет элда жойлашган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, кўчмас мулк объектлари ва мулкий мажмуаларни сақлаб туришнинг якуний молиявий натижалари ўрганилади ва таҳлил қилинади:

давлат мулки объектининг балансда сақловчиси томонидан - доимий равишда;

Агентлик томонидан - ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ давлат мулки объектининг балансда сақловчиси томонидан маълумотлар тақдим этилгандан кейин.


15. Чет элда жойлашган давлат мулки объектининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари барқарор бўлмаган ҳолларда, Агентлик чет элда жойлашган давлат мулки объектлари бўйича ушбу активлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан сотиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.


16. Давлат мулки объектининг балансда сақловчи ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ маълумотларни тақдим қилмаган тақдирда, Агентлик томонидан икки кун ичида мазкур маълумотларни тақдим этиш бўйича тақдимнома юборилади.


17. Давлат мулки объектининг балансда сақловчи тақдимнома келиб тушган санадан бошлаб беш кун муддатда тегишли маълумотлар тўлиқ тақдим этишини таъминлаши шарт.


18. Агентлик томонидан тақдимнома юборгандан сўнг, давлат мулки объектининг балансда сақловчи томонидан тегишли муносабат билдирилмаган ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, давлат мулки объектининг балансда сақловчиси раҳбарига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.



4-БОБ. ЧЕТ ЭЛДА ЖОЙЛАШГАН ДАВЛАТ МУЛКИ

ОБЪЕКТЛАРИНИ САМАРАЛИ БОШҚАРИШ

БЎЙИЧА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


19. Чет элда жойлашган давлат мулки объектлари уларнинг балансда сақловчилари томонидан давлат мулки объектлари жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Балансда сақловчи томонидан ижарага берилган давлат мулки объектлари тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 кунигача тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳамда Агентликка маълумот тақдим этади.


20. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини ижарага беришдан тушадиган маблағлар тегишли давлат мулки объекти баланс сақловчиси ҳисобварағига йўналтирилади.


21. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини тасарруф этиш, шу жумладан сотиш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.


22. Чет элда жойлашган давлат мулки объектини сотиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур жараён ушбу мулк жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган ҳолатда, шундай турдаги битимларни амалга оширишнинг халқаро амалиётига мувофиқ амалга оширилади.


23. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларни сотишда уларни сотиш билан боғлиқ барча тадбирлар профессионал ташкилотни жалб этган ҳолда амалга оширилади.

Хизматлар, шу жумладан сотилаётган чет элда жойлашган давлат мулки объектини баҳолаш жараёнлари мулк жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган тақдирда, халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.


24. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Администрацияси розилигига асосан чет элда жойлашган давлат мулки объектларини сотиш учун жалб қилинадиган баҳоловчилар, инвестиция воситачилари, маслаҳатчилар ва бошқа ташкилотлар хизматларидан тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан фойдаланиши мумкин.


25. Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини сотишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумат ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, Агентлик томонидан умумий тартибда тақсимланади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Чет элдаги муассасалар Ўзбекистон Республикаси мулкий манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва давлат мулки объектлари балансда сақловчиларига кўмаклашади.


27. Маълумотларнинг ўз вақтида ва ишончли тақдим этилиши, шунингдек, чет элда жойлашган давлат мулки объектларини самарали бошқариш, сақлаш ва мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мулки объектлари балансда сақловчлари раҳбари зиммасига юкланади.


28. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Чет элда жойлашган давлат мулки

объектларининг ҳисобини юритиш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъектлар


Тадбирлар


Муддат

1-босқич

Давлат мулки объектлари баланс сақловчиси


Чет элда жойлашган давлат мулки объектларини хатловдан ўтказиш


Доимий

  

2-босқич

Давлат мулки объектлари баланс сақловчиси


Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни киритиш


Ҳар йили, ҳисобот йили якуни бўйича кейинги ойнинг 25-куни







3-босқич

Давлат мулки объектлари баланс сақловчиси


Давлат активларини бошқариш агентлигига чет элда жойлашган давлат мулки объектининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари ўзгарганлиги тўғрисида маълумотларни киритиш


Ўзгариш бўлган кундан бошлаб ўн кун ичида







4-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


Давлат мулки объектлари баланс сақловчиси томонидан киритилган маълумотларни кўриб чиқиш


Доимий







5-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


Чет элдаги муассасадан чет элда жойлашган давлат мулки объекти тўғрисида маълумотларни сўраб олиш


Заруратга кўра







6-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


Маълумотлар киритилмаганлиги ва (ёки) тўлиқ киритилмаганлиги ҳолати юзасидан давлат мулки объектлари баланс сақловчисига тақдимнома киритиш


Ҳолат аниқланган кундан 2 кун ичида







7-босқич

Давлат мулки объектлари баланс сақловчиси


Тадимнома келиб тушгандан сўнг мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда Давлат активларини бошқариш агентлигига маълумотларни такроран киритиш


Тадимнома келиб тушган кундан эътиборан 5 кун ичида







8-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


Киритилган маълумотлар асосида давлат мулкидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш


Доимий

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 8 май