Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.04.2022 й. 171-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 11 апрелдаги

171-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун

аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Халқаро бухгалтерлар федерациясининг (кейинги ўринларда - ХБФ) Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинадиган аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун уларни тан олиш тартибини белгилайди.


2. Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинадиган аудитнинг халқаро стандартларига (кейинги ўринларда - аудитнинг халқаро стандартлари) қуйидагилар киради:

аудитнинг халқаро стандартлари;

сифат назоратининг халқаро стандартлари;

таҳлилий текширишларнинг халқаро стандартлари;

ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари;

турдош хизматларнинг халқаро стандартлари.


3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартлари ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ тан олинади.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

ҚЎЛЛАШ УЧУН АУДИТНИНГ ХАЛҚАРО

СТАНДАРТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартлари қуйидаги тартибда тан олинади:

аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш учун Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва ХБФ ўртасида шартнома тузиш;

аудитнинг халқаро стандартларини давлат тилига таржима қилиш учун унинг инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилиш;

аудитнинг халқаро стандартлари матнини давлат тилига таржима қилиш;

таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари матнини аудиторлик ташкилотлари, экспертлар, илмий ва педагогик жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиб бориш;

Молия вазирлиги ташкил этган комиссия томонидан аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлигини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартларини таржима қилиш тартибига мувофиқлигини тасдиқлаш учун ХБФга юбориш;

ХБФ томонидан таржима қилиш тартибига мувофиқлиги тасдиқланган аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тан олиш тўғрисидаги буйруғини қабул қилиш;

аудитнинг халқаро стандартларини Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.


5. Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва ХБФ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ХБФдан расмий равишда қабул қилинган аудитнинг халқаро стандартлари давлат тилига таржима қилинади. Ўзбекистон аудиторлар палатаси ХБФга йиллик аъзолик бадалларини тўлаб боради.


6. Таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан Молия вазирлигига тақдим этилади ва уларнинг давлат тилидаги матни Молия вазирлигининг ҳамда Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтлари орқали жамоатчиликка тақдим этиб борилади.


7. Жамоатчилик вакилларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлигини кўриб чиқиш учун Молия вазирлигида комиссия тузилади.

Комиссиянинг таркиби ва регламенти Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссиянинг таркиби ваколатли давлат органлари, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари, аудитнинг халқаро стандартларидан фойдаланувчилар, аудиторлик ташкилотлари, халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакилларидан иборат бўлиб, камида етти нафарни ташкил этади.


8. Комиссиянинг аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлиги бўйича хулосаси асосидаги Аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги таржимаси Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан ХБФга таржима қилиш жараёнига амал қилинганини тасдиқлаш учун юборилади.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА ҚЎЛЛАШ УЧУН АУДИТНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ


9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш тўғрисидаги қарор Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади.


10. Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини амалга киритиш тўғрисидаги қарори ХБФ томонидан таржима қилиш жараёнига мувофиқлиги тасдиқлангандан сўнг қабул қилинади.


11. Аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ-3946-сон қарорига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари аудиторлик фаолиятини фақат Халқаро бухгалтерлар федерацияси томонидан нашр этиладиган халқаро аудит стандартлари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг аудитнинг халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғи Адлия вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.


12. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғи ва аудитнинг халқаро стандартлари матнлари Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


13. Агар аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни билан унинг инглиз тилидаги матни ўртасида фарқ аниқланса, манфаатдор шахслар давлат тилидаги матнга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон аудиторлар палатасига мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон аудиторлар палатаси аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнига аниқлик киритиш учун уни Комиссияга қайта кўриб чиқиш учун юборади.


14. Комиссия ушбу фарқ тасдиқлангандан сўнг белгиланган тартибда аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнига тегишли тушунтириш бериш учун Молия вазирлигига хулоса беради.


15. Ўзбекистон аудиторлар палатаси аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнининг доимий равишда янгиланиб борилишини таъминлайди.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш

учун аудитнинг халқаро стандартларини

тан олиш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари




1-босқич


Ўзбекистон аудиторлар палатаси


Халқаро бухгалтерлар федерацияси (кейинги ўринларда - ХБФ) билан аудитнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда - АХС)дан давлат тили ва бошқа тилларда фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун шартнома тузади.


Белгиланган муддатларда




2-босқич


Ўзбекистон аудиторлар палатаси


АХСни давлат тилига таржима қилиш учун унинг инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилади.


Шартнома тузилгандан сўнг 10 кун мобайнида




3-босқич


Ўзбекистон аудиторлар палатаси


АХС матнини давлат тилига таржима қилади.


Инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилгандан сўнг 40 кун муддатда




4-босқич


Молия вазирлиги, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари


Таржима қилинган АХС матнини аудиторлик ташкилотлари, экспертлар, илмий ва педагогик жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилади.


10 иш куни давомида




5-босқич


Молия вазирлиги томонидан тузилган Комиссия


АХСнинг давлат тилидаги матни ушбу АХСнинг инглиз тилидаги матнига мувофиқлигини кўриб чиқади.


30 иш куни давомида




6-босқич


Ўзбекистон аудиторлар палатаси


Таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари таржима қилиш тартибига мувофиқлигини тасдиқлаш учун ХБФга юборади.


1 иш куни давомида




7-босқич


Молия вазирлиги


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида АХСни амалга киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат тили ва бошқа тилларга таржима қилинган АХСни ўзининг ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларида эълон қилади.


ХБФдан тасдиқлангандан сўнг 5 иш куни давомида




8-босқич


Аудиторлик ташкилотлари


Аудиторлик фаолиятини аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш


Доимий равишда




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 12 апрель