Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.09.2022 й. 538-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 28 сентябрдаги

538-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аудиторлик ташкилотининг

иши сифатини ташқи назоратдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

       

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низом "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги) томонидан аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш (кейинги ўринларда - ташқи сифат назорати) тартибини белгилайди.


2. Ташқи сифат назорати охирги икки молиявий ҳисобот даврида мажбурий аудиторлик текширувини ўтказган аудиторлик ташкилотларига нисбатан қўлланилади.


3. Тижорат банклари молиявий ҳисоботини мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказган аудиторлик ташкилотларини ташқи сифат назоратидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда амалга оширилади.


4. Ташқи сифат назорати Молия вазирлиги томонидан аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари вакил(лар)ини жалб этган ҳолда амалга оширилади.


5. Аудиторлик ташкилотлари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан ташқи сифат назоратидан ихтиёрий асосда ўтиши мумкин. Назоратнинг мазкур тури ушбу Низомга мувофиқ Молия вазирлиги томонидан амалга ошириладиган ташқи сифат назоратини ўтказиш деб ҳисобланмайди.


6. Аудиторлик хизматларини кўрсатишда "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига риоя қилиниши лозим бўлган аудиторлик ташкилотлари фаолияти ташқи сифат назоратининг объекти ҳисобланади.

Ташқи сифат назоратини ўтказишда аудиторлик ташкилотининг молия-хўжалик фаолиятига аралашувга йўл қўйилмайди.


7. Қонунийлик ва ташқи сифат назорати натижаларининг ошкоралиги ташқи сифат назоратининг асосий тамойиллари ҳисобланади.


8. Аудиторлик ташкилотининг ташқи сифат назоратидан ўтказиш учун зарур бўлган ахборотларни тақдим этмаслиги уни Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқаришга асос ҳисобланади.


9. Аудиторлик ташкилотининг ташқи сифат назорати мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.


10. Аудиторлик ташкилотларини ташқи сифат назоратдан ўтказиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.



2-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИК ТАҲЛИЛИ

ВА ТАШҚИ СИФАТ НАЗОРАТИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


11. Ташқи сифат назорати таваккалчилик таҳлили натижаси ва аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши содир этилиши таваккалчилиги даражасини (кейинги ўринларда - таваккалчилик даражаси) баҳолаш якунлари бўйича ўтказилади.


12. Таваккалчилик даражаси уч тоифага ажратилади:

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги юқори бўлган аудиторлик ташкилотлари;

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги ўртача бўлган аудиторлик ташкилотлари;

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги паст бўлган аудиторлик ташкилотлари.


13. Энг кўп содир этиладиган қоидабузарликлар рўйхати Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади ва молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади. Даврий янгиланган рўйхат ҳар йили 1 январга қадар Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.


14. Таваккалчилик даражаси қуйидаги кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилинади:

Молия вазирлиги томонидан ўтказилган олдинги ташқи сифат назорати натижалари;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан ўтказилган ташқи сифат назорати натижалари (мавжуд бўлганда);

аудиторлик ташкилотларининг халқаро аудиторлик ташкилотларига ёки ассоциацияларига аъзолиги (мавжуд бўлганда);

аудиторлик ташкилотини ташкил этиш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш бўйича мажбурий талабларга риоя этиш, шунингдек, "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган мажбуриятларни бажариш;

аудиторлик ташкилотининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларини бузадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари мавжудлиги;

аудиторлик ташкилотининг муассислари (иштирокчилари) таркибида илгари аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун фаолияти тугатилган аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлган жисмоний шахсларнинг мавжудлиги.


15. Таваккалчилик таҳлили ўтказилганда қуйидаги маълумот манбаларидан фойдаланилади:

"Аудит" дастурий мажмуининг ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Аудит" дастурий мажмуаси) орқали тушган маълумотлар;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларида мавжуд бўлган маълумотлар, шунингдек, аудиторлик ташкилотининг ҳамда аудиторларнинг ишчанлик обрўси тўғрисидаги ахборотлар;

идоралараро ахборот ҳамкорлиги доирасида бошқа давлат органлари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги)дан тушган (олинган) маълумотлар;

Молия вазирлигига тушган мурожаатлар;

фойдаланиш учун очиқ бўлган бошқа ахборотлар.


16. Таваккалчилик даражасини таҳлил қилиш Молия вазирлиги томонидан ҳар йили 1 февралга қадар амалга оширилади, бундан аудиторлик ташкилоти ёки аудиторнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари тушган ҳоллар мустасно.


17. Молия вазирлиги таваккалчилик таҳлили натижалари бўйича аниқланган таваккалчилик даражаси тўғрисида "Аудит" дастурий мажмуаси орқали ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 февралига қадар аудиторлик ташкилотини хабардор қилади.


18. Аудиторлик ташкилоти уч иш куни мобайнида аниқланган қоидабузарликларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи асослантирувчи маълумот ва ҳужжатларни "Аудит" дастурий мажмуаси орқали тақдим этади.


19. Белгиланган муддатда аудиторлик ташкилоти томонидан қоидабузарлик ҳолатлари бартараф этилганлиги тўғрисида тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаса, таваккалчилик даражаси юқори бўлган аудиторлик ташкилотларига Молия вазирлиги томонидан аудиторлик ташкилотини ташқи сифат назоратидан ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда - ваколатли орган) билан келишиш бўйича буюртманома тайёрланади.

Таваккалчилик даражаси ўртача бўлганда Молия вазирлиги аудиторлик ташкилоти томонидан қоидабузарлик ҳолатларини бир ойдан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиш бўйича аудиторлик ташкилотларига огоҳлантириш хати юборади. Қоидабузарлик ҳолатлари белгиланган муддатда бартараф этилмаса, у аудиторлик ташкилоти таваккалчилик даражаси юқори бўлган аудиторлик ташкилоти деб ҳисобланади ва таваккалчилик даражаси юқори бўлган аудиторлик ташкилотларига нисбатан қўлланиладиган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Таваккалчилик даражаси ўртача ва паст бўлганда Молия вазирлиги томонидан ваколатли органга ташқи сифат назоратини ўтказиш бўйича буюртманома қилинмайди.


20. Ташқи сифат назоратини ўтказиш бўйича келишув буюртманомаси ваколатли органга қуйидагилар илова қилинган ҳолда тақдим этилади:

таваккалчилик таҳлили натижалари тўғрисида ахборот ёки аудиторлик ташкилоти ёхуд аудиторнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаати нусхаси;

ташқи сифат назоратини ўтказиш дастури (саволнома).


21. Ташқи сифат назоратини ўтказиш ваколатли орган билан келишилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида қуйидаги маълумотларни ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи чиқарилади:

ташқи сифат назоратини ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси;

аудиторлик ташкилотининг номланиши;

ташқи сифат назоратини ўтказиш муддати ва даври;

ташқи сифат назоратини ўтказишда иштирок этадиган шахслар таркиби;

ташқи сифат назоратини ўтказиш дастури (саволнома).


22. Молия вазирлиги "Аудит" дастурий мажмуаси орқали ташқи сифат назоратини ўтказишнинг муддати ва предмети кўрсатилган ҳолда ташқи сифат назоратининг бошланиш санасидан камида ўн кун олдин аудиторлик ташкилотини хабардор қилади.


23. Молия вазирлиги зарурат бўлганда, махсус билим ва кўникмаларга эга аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган экспертларни ташқи сифат назоратида қатнашишга жалб қилиши мумкин.


24. Ташқи сифат назорати бошланишидан олдин Молия вазирлигининг ташқи сифат назоратини ўтказувчи масъул вакили қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:

аудиторлик ташкилоти раҳбарига ўз хизмат гувоҳномаси ва ташқи сифат назоратини ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиш;

аудиторлик ташкилоти раҳбарини ташқи сифат назоратини ўтказишнинг мақсади ва дастури билан таништириш;

"Текширувларни рўйхатга олиш китоби"ни тўлдириш, китоб ёки унинг электрон шаклини тўлдириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақида ташқи сифат назорати далолатномасида қайд этиш;

ташқи сифат назоратини ўтказиш тўғрисидаги буйруқнинг бир нусхасини аудиторлик ташкилоти раҳбарига тилхат асосида тақдим этиш;

ташқи сифат назоратини ўтказиш ваколати ва дастурига (саволномага) риоя қилиш.


25. Ташқи сифат назоратини ўтказиш тўғрисидаги ҳужжат нусхаси аудиторлик ташкилотига тилхат асосида тақдим этилган кун ташқи сифат назоратини ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

Аудиторлик ташкилотининг ушбу ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортиши ташқи сифат назоратини ўтказишни тўхтатишга асос ҳисобланмайди. Бундай ҳолатда далолатнома расмийлаштирилади ва унда келтирилган сана ташқи сифат назорати бошланган кун ҳисобланади.



3-БОБ. ТАШҚИ СИФАТ НАЗОРАТИ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


26. Ташқи сифат назорати натижалари бўйича далолатнома тузилади ва унда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

далолатнома тузилган сана, вақти, жойи ва рўйхатга олиш рақами;

ташқи сифат назоратини ўтказган ваколатли органларнинг масъул шахслари фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

ташқи сифат назорати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи рақами ва сана;

аудиторлик ташкилотининг номи ва жойлашган жойи;

ташқи сифат назоратини ўтказишда иштирок этиш учун жалб қилинган мутахассисларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

ташқи сифат назоратини ўтказиш бошланган сана ва уни тугатиш санаси;

ташқи сифат назорати натижалари бўйича хулоса.


27. Ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатнома имзоланган сана кўрсатилган ҳолда ташқи сифат назоратида иштирок этган барча шахслар томонидан имзоланади ва камида икки нусхада тузилади.


28. Аудиторлик ташкилотига ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатнома тақдим этилган санада ташқи сифат назоратини ўтказиш якунланган ҳисобланади. Аудиторлик ташкилоти ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатномани олишдан бош тортса, бу ҳақида Молия вазирлиги томонидан ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатномага тегишли ёзув киритилади. Бундай ҳолатда ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси аудиторлик ташкилотига буюртма хат қилиб почта орқали юборилади.


29. Ташқи сифат назорати натижаларига кўра аниқланган қоидабузарликлар бўйича Молия вазирлиги уларни бартараф этиш мажбуриятини аудиторлик ташкилотига юклайдиган ва бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилайдиган билдиришнома юборади. Билдиришномада қоидабузарликларни бартараф этиш муддати бир ойдан кўп бўлмаслиги кўрсатилади.


30. Аудиторлик ташкилоти билдиришнома бўйича зарур ҳужжат ва маълумотларни тақдим этмаган тақдирда, Молия вазирлиги "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига мувофиқ аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотлари реестридан чиқаради.


31. Молия вазирлиги аудиторлик ташкилотининг қуйидаги қоидабузарликлари аниқланганда судга мурожаат қилишга ҳақли:

аудиторлик фаолиятидан ташқари бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ёки фаолият турининг ўзгариши;

"Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида чекловларнинг бузилиши;

била туриб сохта аудиторлик хулосасини тузганлик.


32. Ташқи сифат назорати натижалари:

аниқланган қоидабузарликлар юзасидан кўрилган чоралар кўрсатилган ҳолда Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

ташқи сифат назорати тугатилганидан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.


33. Ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатнома камида беш йил сақланади. Ташқи сифат назорати натижалари тўғрисидаги далолатнома манфаатдор шахсларга фақат тақдим этиш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори асосида тақдим этилиши мумкин.



4-БОБ. ТАШҚИ СИФАТ НАЗОРАТИ ЎТКАЗИЛАДИГАН

ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


34. Аудиторлик ташкилоти раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ташқи сифат назоратини ўтказиш жараёнида бевосита қатнашиш ва ташқи сифат назоратига тегишли масалалар бўйича тушунтириш бериш;

Молия вазирлигининг ташқи сифат назорати билан боғлиқ масалаларга алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;

ташқи сифат назорати натижалари билан танишиш.


35. Аудиторлик ташкилоти раҳбари қуйидаги мажбуриятларни зиммасига олади:

ташқи сифат назоратини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжат ва ахборотларни, шу жумладан, электрон ахборот тизимларида сақланадиган ҳужжат ва ахборотларни тақдим этиш;

ташқи сифат назорати натижасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Ташқи сифат назоратини амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


37. Аудиторлик ташкилоти давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

          

          




Низомга

ИЛОВА



Аудиторлик ташкилотининг иши

сифатини ташқи назоратдан ўтказиш

СХЕМАСИ

           

     

Босқичлар

     


    

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

     


     

Ижро муддати

       











1-босқич


Аудиторлик ташкилоти


      

Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Молия вазирлигига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади.

       


Ҳар йили

20 январга қадар








2-босқич


Молия вазирлиги


       

Тақдим этилган маълумотлар асосида "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талаблари бўйича энг кўп содир этиладиган қоидабузарликларнинг намунавий рўйхатидан келиб чиқиб, аудиторлик ташкилоти томонидан қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги даражасини аниқлайди.

         


Ҳар йили

1 февралга қадар











3-босқич


Молия вазирлиги


      

Аниқланган таваккалчилик даражаси ва қоидабузарликлар тўғрисида "Аудит" дастурий мажмуаси орқали аудиторлик ташкилотини хабардор қилади.

         


Ҳар йили

10 февралга қадар











4-босқич


Аудиторлик ташкилоти


       

Аниқланган қоидабузарликларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумот ва ҳужжатларни "Аудит" дастурий мажмуаси орқали Молия вазирлигига тақдим этади.

         


3 иш куни ичида








5-босқич


Молия вазирлиги


Таваккалчилик даражаси паст ва ўртача бўлган, шунингдек, белгиланган муддатда қоидабузарликлар бартараф этилганлиги тўғрисида Молия вазирлигига ҳужжатларни тақдим этган таваккалчилик даражаси юқори бўлган аудиторлик ташкилотларида ташқи сифат назоратини ўтказмайди.

Таваккалчилик даражаси ўртача бўлганда аудиторлик ташкилоти томонидан қоидабузарлик ҳолатларини бир ойдан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиш бўйича аудиторлик ташкилотларига огоҳлантириш хати юборилади.

Таваккалчилик даражаси юқори бўлган аудиторлик ташкилотлари томонидан қоидабузарликлар бартараф этилганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ташқи сифат назоратини ўтказиш тўғрисида буюртманома юборади.

    


Таваккалчилик таҳлили

натижаларига кўра











6-босқич


Молия вазирлиги


       

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда ташқи сифат назоратини ўтказиш ҳақида буйруқ чиқаради.

          


7 иш куни ичида











7-босқич


Молия вазирлиги


"Аудит" дастурий мажмуаси орқали ташқи сифат назоратини ўтказиш бўйича аудиторлик ташкилотини хабардор қилади.


       

Ташқи сифат назоратининг

бошланиш санасидан камида

10 кун олдин

         














8-босқич


Аудиторлик ташкилоти


        

Ташқи сифат назоратини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжат ва ахборотларни, шу жумладан, электрон ахборот тизимларида сақланадиган ҳужжат ва ахборотларни тақдим этади.

            


Ташқи сифат назорати

бошланган кунда








9-босқич


Молия вазирлиги


       

Ташқи сифат назоратини ўтказади ва унинг натижалари бўйича далолатномани расмийлаштиради.

        


10 кундан ошмаган муддатда











10-босқич


Молия вазирлиги


        

Аниқланган қоидабузарликлар ва кўрилган чоралар тўғрисида расмий веб-сайтда эълон қилади.

Ташқи сифат назорати натижаларини улар тугатилганидан кейин Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритади.

           


3 иш куни ичида











11-босқич


Молия вазирлиги


        

Қуйидаги таъсирчан чоралардан бирини кўради:

судга мурожаат қилиш;

аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотлари реестридан чиқариш.

          


Қоидабузарликлар

аниқланганда




         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 29 сентябрь