Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.11.2022 й. 653-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 8 ноябрдаги

653-сон қарорига

1-ИЛОВА



Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон

Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал

харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат

солиғини қайтариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом чет давлат фуқаролари - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (кейинги ўринларда - чет давлат фуқаролари) томонидан Ўзбекистон ҳудудида чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан айрим товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда - ҚҚС) суммасини қайтариш ("tax free" тизими) тартибини белгилайди.


2. Чет давлат фуқароларига ҚҚС билан харид қилинган айрим товарлар бўйича ҚҚС суммасининг ушбу Низомда белгиланган миқдори қайтарилади, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

бож олинмайдиган савдо дўконларидан ("duty free") харид қилинган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этишда чет давлат фуқароси ёнида бўлмаган товарлар;

тўлиқ ёки қисман истеъмол қилинган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлиқ ёки қисман ишлатилган ва асл ўрами билан бирга бўлмаган товарлар (ўрам бўлиши назарда тутилган бўлса).


3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


"tax free" тизими - чет давлат фуқароларига, улар томонидан Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда ушбу Низомда белгиланган миқдорда қайтариш тизими;


"tax free" тизими оператори (кейинги ўринларда - Оператор) -Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги "Soliq Servis" давлат унитар корхонаси.


"Tax free" автоматлаштирилган ахборот тизими ("Tax free" ААТ) - "tax free" тизими иштирокчиларининг ўзаро маълумот алмашинувини таъминлайдиган ҳамда интеграция қилинган автоматлаштирилган ахборот тизими.


4. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш улар томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тасдиқлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.

ҚҚС суммаси ўн саккиз ёшга тўлган чет давлат фуқароларига қайтарилади.

Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариш учун товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида Операторга ушбу Низомда белгиланган тартибда ва талабларни бажарган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.


5. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш харид амалга оширилганда фақат ҚҚС тўланган товарлар бўйича амалга оширилади.

Бунда ҚҚС суммасини қайтариш тизими татбиқ этиладиган харид қилинган товарларнинг умумий қиймати бир миллион сўмдан кам бўлмаслиги лозим.



2-БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТ ФУҚАРОЛАРИНИ "TAX FREE"

ТИЗИМИДА РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


6. Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харид қилинган айрим турдаги товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқидан фойдаланиш учун солиқ органларининг махсус мобил иловасида (кейинги ўринларда - мобил илова) рўйхатдан ўтади.

Бунда чет давлат фуқаролари мобил иловада исми, фамилияси ва паспорт маълумотларини, шунингдек, ўзининг номига расмийлаштирилган халқаро банк картаси ёки банк ҳисобварағини рўйхатдан ўтказади.


7. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш мақсадида мобил иловада идентификация ва рўйхатдан ўтиши уларнинг мобил телефон рақамига (электрон почтасига) келиб тушган ҳавола бўйича рўйхатга олиш кодини киритиш орқали амалга оширилади.


8. Мобил иловага киритилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлик чет давлат фуқароларининг ўзига юклатилади. Бунда уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши ва ундан чиқиб кетиши ҳолатлари "Tax free" ААТ орқали текширилади ва тасдиқланади.



3-БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТ ФУҚАРОЛАРИГА ҚҚС

СУММАСИНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


9. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш чет давлат фуқаролари томонидан товарлар бўйича харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-кодни (QR-код) мобил илова ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини мобил иловага киритиш орқали шаклланган маълумотлар асосида амалга оширилади.


10. Чет эл фуқаролари харид қилинган товарлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг бир қисмини қайтариш тизимидан (кешбек) фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низом билан фискал белгили чеклар мобил иловада рўйхатдан ўтказилмайдиган ҳамда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб бериш тўлиқ ёки қисман рад этилган ҳолатларда улар бўйича чет эл фуқароларига ҚҚС қайтарилмайди.


11. Мобил иловада рўйхатга олинган фискал белгили чек маълумотлари асосида "tax free" тизими татбиқ этиладиган товарлар рўйхати ва улар бўйича тўланган ҚҚС суммаси алоҳида ажратилган ҳолда акс эттирилади, шунингдек, ушбу маълумот "Tax free" ААТ да реал вақт режимида акс эттирилади.


12. Чет давлат фуқаролари "tax free" тизими доирасида харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этишда Операторнинг халқаро аэропортларда жойлашган сервис шахобчаларига мурожаат қилади.

Чет давлат фуқаролари мобил илова ёрдамида сервис шохобчасига мурожаат қилиши режалаштирилган сана ва вақт тўғрисида мурожаат юбориши мумкин.


13. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш учун Операторга бортга чиқиш талони ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади.

Оператор чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси норезиденти эканлигини ҳамда чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётганлиги ҳолатини тасдиқловчи белги (штамп) мавжудлигини текширади.


14. Оператор ходими чет давлат фуқароси томонидан харид чекларида кўрсатилган ҳамда чет эл фуқароси ёнида бўлган товарларни кўздан кечиради ва солиштиради, ушбу Низом билан белгиланган талабларга мослигини текширади ва Оператор томонидан тасдиқланадиган Регламент асосида чет эл фуқароси билан ушбу тўғрисида қайдномани мобил илова орқали электрон шаклда расмийлаштиради.


15. Чет давлат фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда Оператор Ўзбекистон ҳудудида харид қилинган товарлар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганлигини тасдиқлайди ҳамда бир вақтнинг ўзида ушбу тасдиқни "Tax free" ААТга киритади. Шунингдек, чет эл фуқароси ҳақиқатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлигини мутассади ташкилот 3 кун мобайнида "Tax free" ААТ орқали чегарадан ўтиш қайдномаси асосида тасдиқлайди.


16. Оператор томонидан "tax free" тизими доирасида харид қилинган товарлар олиб чиқиб кетилаётганлиги тасдиқлангандан сўнг чет давлат фуқаросига қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси тўғрисида маълумот мобил иловада акс эттирилади.


17. Қайтарилаётган ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида белгиланади ва чет давлат фуқаросига мобил иловада кўрсатилган халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига чет эл валютасида (АҚШ доллари) мазкур Низомда белгиланган муддатларда ўтказиб берилади.

Қайтарилаётган ҚҚС суммасини чет эл валютасида (АҚШ доллари) ҳисоблаш чет давлат фуқароси томонидан харид амалга оширилган кундаги хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг валюта айирбошлаш кунидаги айирбошлаш курслари асосида амалга оширилади.

ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига ўтказилиши хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг конверсия ва пул ўтказмалари бўйича хизмат ҳақлари асосида чет давлат фуқаросига қайтарилаётган маблағ ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда чет давлат фуқароси ҚҚС суммаси Оператор томонидан қайтариб берилиши учун ўзининг халқаро банк картаси (тўлов тизими) ёки банк ҳисобварағи реквизитларини мобил иловада рўйхатдан ўтказган бўлиши лозим.


18. Чет давлат фуқароси томонидан ушбу Низом талабларига риоя қилинмаслиги ҳолатида, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган ҳолатларда Оператор чет давлат фуқароларига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариб беришни тўлиқ ёки қисман рад этишга ҳақли.



4-БОБ. ОПЕРАТОРНИНГ ХИЗМАТИ УЧУН ҲАҚ

ТЎЛАШ ҲАМДА ЧЕТ ДАВЛАТ ФУҚАРОЛАРИГА

ҚҚС СУММАСИНИ ТЎЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


19. Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги) томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан қайтарилади.

Чет давлат фуқаросига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


20. Чет давлат фуқаросига харид қилинган товар бўйича ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган ойдан кейинги ойнинг йигирма бешинчи кунидан кейин қайтарилади.


21. Операторга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан харид чекларидаги "tax free" тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 100 фоизига тенг бўлган маблағлар тўлаб берилади.

Бунда чет давлат фуқароларига Оператор ўзининг хизмати учун тўловларни инобатга олиб, "tax free" тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 90 фоиз қисмини тўлаб беради.

Операторнинг хизмати учун тўловлар чет давлат фуқароси томонидан сотиб олинган товарлар учун тақдим этилган харид чекларида кўрсатилган ҚҚС суммасининг 10 фоизини ташкил этади.


22. Оператор ҳар ойнинг йигирма бешинчи кунидан кечиктирмай аввалги календарь ойда чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Давлат солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Молия вазирлигига тақдим этади.


23. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитасининг хулосасига асосан Операторнинг Молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус ҳисобварағига хулоса олинган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмай маблағларни ўтказади.


24. Оператор Молия вазирлиги томонидан пул маблағлари ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликнинг махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади.


25. Оператор ҚҚС суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқароларининг реестрларини ваколатли банкка ҳар ойда, кейинги ойнинг йигирма бешинчи кунидан қадар тақдим этади.



5-БОБ. ИДОРАЛАРАРО АХБОРОТ АЛМАШИНУВИ


26. Солиқ органлари ва Оператор чет давлат фуқаролари томонидан чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан харид қилинган товарлар, уларнинг нархи ва миқдори, тўланган ва қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси, чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотларни олишда "tax free" тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи "Tax free" ААТдан фойдаланади.

Шунингдек, "Tax free" ААТга ҚҚС суммасини қайтаришда иштирок этадиган божхона, молия ва бошқа мутасадди органлар ўз ахборот тизимларини "Tax free" ААТга интеграция қилади ва ундан фойдаланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон

Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда харид

қилинган товарлар учун қўшилган қиймат

солиғини қайтариш ("tax-free" тизими)

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Муддатлар



I. "Солиқ сервис" ДУК "tax-free" тизими операторига товарлар харидида

тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш ("tax-free" тизими)

ҳуқуқи тўғрисида хабар бериш

1-босқич

Товар харидори - чет эл фуқаролари


Чакана савдо ташкилотлари томонидан тақдим этилган онлайн назорат-касса машиналари чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилади


Чек олинган кундан бошлаб 10 календарь кундан кечиктирмасдан









2-босқич

"Солиқ сервис" ДУК

"tax-free" тизими оператори


Ўтган календарь ойда чет эл фуқаролари томонидан солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот ва улар бўйича қайтариладиган ҚҚС суммалар бўйича буюртмалар ҳаққонийлигини текширади.


Чет давлат фуқароси томонидан товарлар харид қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-кунига қадар




II. Товарларни харид қил ишда тўланган қўшилган

қиймат солиғини қайтариш (Tax-free)

3-босқич

"Солиқ сервис" ДУК

"tax-free" тизими оператори


Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Давлат солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Молия вазирлигига тақдим этади.


Чет давлат фуқароси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган ойдан кейинги ойнинг 25-кунига қадар









4-босқич

Молия вазирлиги


Операторининг махсус ҳисобрақамига чет эл фуқароларининг солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар асосида ҚҚС суммасини қайтариб бериш учун маблағларни ўтказади.


Буюртма олган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмасдан









5-босқич

"Солиқ сервис" ДУК "tax-free" тизими оператори


Қабул қилинган маблағларни ваколатли банкда очилган ҳисоб ҳисобварағига ўтказади.


Бир кундан кечиктирмасдан









6-босқич

"Солиқ сервис" ДУК "tax-free" тизими оператори


Ваколатли банкка товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари реестрини тақдим этади.


Чет давлат фуқаролари томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилганда амалга оширилади.









7-босқич

Банк


Солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгиси қўйилган рўйхатдан ўтган чеклар асосида харид қилинган товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқароларининг халқаро банк карталарига пул маблағларини ўтказади.


Ҳар ойда кейинги ойнинг 25-кунидан бошлаб



              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 ноябрь