Агар сиз электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтишни хоҳласангиз, нима қилиш лозим?

16.01.2020

Агар сиз ЭҲФга ўтиш учун сизга нима зарурлигини ва бунда қандай техник муаммолар юзага келишини билмасангиз, бизнинг йўриқномамиздан фойдаланинг.

1.  Умуман ЭҲФ тизими қандай ишлаши, сиз нимани қандай бажаришингиз ва нима учун жавоб беришингиз лозимлиги ҳақида бу ерда ўқинг.

2. Айни пайтда барча аккредитация қилинган ЭҲФ операторлари rouming.uz майдончасида жойлаштирилган. Январь ойида уларнинг сони ортади, демак хизмат кўрсатиш қиймати нуқтаи назаридан танлаш имконияти кенгаяди.

Ҳозирча E-FAKTURA синов тариқасидаги бепул платформа ишлашни давом эттирмоқда. Вақти келиб у ўчирилади.

Бундан ташқари, тизимдан фойдаланишнинг биринчи ойи барча операторларда бепул. 

3. Хизмат кўрсатиш шартларини аниқлаштириб олинг. Тариф режаси ҳужжат айланиши ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади. Сонидан қатъи назар кирувчи ҳужжатлар учун тўлаш керак эмас. Фақат чиқувчи ЭҲФлар пуллик бўлади.

4. Танланган операторнинг оммавий офертасини қабул қилинг.

5. Унинг веб-ресурсида рўйхатдан ўтинг. Бунинг учун сизга корхонанинг “солиқ” ЭРИси талаб этилади.

Агар:

  • ҳисобварақ-фактураларни сизда сотув бўлими менежери ёки моддий бухгалтер расмийлаштирса;
  • сизда ҳудудларда филиаллар ёки бўлинмаларга эга йирик корхона бўлса, олдиндан ЭҲФни расмийлаштириш учун жавобгар шахслар учун қўшимча ЭРИлар олиш тўғрисида ўйлаб кўринг.

Ходимлар учун қўшимча электрон рақамли имзоларни қандай олиш юзасидан батафсил йўриқнома – бу ерда.

 

Эътибор беринг

ЭҲФ тизимида ташкилот ходимларининг жавобгарлик зоналарини белгилаш ва буни локал ҳужжатлар билан расмийлаштириш зарур:

  • ЭҲФни рўйхатдан ўтказиш учун сотув бўлими менежери ёки моддий бухгалтер жавобгар бўлиши керак;
  • ЭҲФни имзолаш учун – директор ва бош бухгалтер (биринчи ва иккинчи имзо ҳуқуқига эга бўлган шахслар) жавобгар бўлишлари керак.

 

6. Агар сиз автоматлаштирилган бухгалтерлик дастуридан (1С, 1UZ – ушбу дастурларнинг версияларини инобатга олган ҳолда, масалан, 1С – 7 ва 8-версиялар) фойдалансангиз, ЭҲФ операторларидан интеграция – дастурнинг айнан сиз учун версиясида кирувчи ва чиқувчи ҳисобварақ-фактураларни юклаш ва бўшатиш имконияти борлигини аниқлаштиринг.

7. Шунингдек, сизда ўрнатилган антивирус дастурлари ва тармоқ хавфсизлигининг бошқа инструментлари билан муаммолар юзага келиши мумкин: баъзан улар ЭҲФни жўнатиш ва олишни блокировка қилади. Электрон ҳужжат айланиши тизимида ишлашни бошлаганда корпоратив тармоғингиз администратори кўмагини олинг.

Иш жараёнида қандай масалалар юзага келиши мумкин?

1. Реализация билан боғлиқ барча бирламчи ҳужжатлар 1 январдан бошлаб ЭҲФ тизимида электрон шаклда тўлдирилиши керакми? Масалан, ишончномалар, товар-транспорт юкхати, бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳоказо.

- Йўқ,  барчаси эмас. 522-сон Низом фақат ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда тўлдириш мажбуриятини юклайди.

2. Агар юклаб жўнатиш қоғоз шаклидаги бирламчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлса ва ЭҲФ реестрида акс эттирилмаса, оқибатлари қандай бўлади?

- 2020 йил 1 январдан бошлаб сиз ҳисобварақ-фактура ва реестрларни электрон шаклда тўлдиришингиз шарт. Жавобгарлик чоралари ҳозирча назарда тутилмаган. Муҳим сўз – ҳозирча...

ЯИДХПда жойлаштирилган Солиқ кодекси  ҳисобварақ-фактурани қоғоз шаклида тўлдириш рухсат этиладиган фақат иккита истисно ҳолатини  назарда тутади :

1) Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўловчи турган жойдаги маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларида умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларининг мавжуд эмаслиги. Ҳудудида умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари мавжуд бўлмаган Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологияларини ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади;

2) электрон ҳисобварақ-фактура ахборот тизимида ваколатли орган томонидан тасдиқланган техник хатолар юзага келганлиги. Техник хатолар бартараф этилганидан сўнг қоғоз шаклда ёзилган ҳисобварақ-фактура техник хатолар бартараф этилган санадан бошлаб 5 кун ичида электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

3. Солиқлар ҳисоб-китоби учун реализациянинг қайси санасини қабул қилиш лозим:

  • тизимда ЭҲФни шакллантириш санаси;
  • ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган сана;
  • харидордан ЭҲФ тасдиқнома олинган сана.

Масалан, компания хизматлар кўрсатади. Ойнинг охирги санасига катта ҳажмдаги ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиши лозим. Бухгалтер уларни олдиндан расмийлаштиришни бошлайди. Операторнинг тизимида 31-сана ёки масалан, 25-сана қўйилган ҳисобварақ-фактураларни акс эттириш мумкинми?

- Товарларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана деб етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган сана ёки товар юклаб жўнатилган сана эътироф этилади .

4. ҚҚС бўйича солиқ ҳисоб-китобига харидлар ва сотув реестрларини тўлдиришнинг нима кераги бор? Ахир солиқ тўловчилар ЭҲФ бўйича реализация ҳажмини шундоқ ҳам кўриб туришибдику.

- ҚҚС солинадиган барча хўжалик операциялари ҳам  ЭҲФ тизимига киритилмайди. Шу сабабли солиқ тўловчи уларни ҚҚС ҳисоб-китобида, хусусан,  ҚҚС ҳисоб-китобига харидлар ва сотув реестрларида кўрсатиши лозим.

5. ЭҲФда нақд пулда ва терминал бўйича чакана сотувни бир томонлама тартибда акс эттириш лозимми?

- Чакана сотув бошланғич ҳужжатларда – НКМ ва терминал чекларида акс эттирилади.

Бугунги кунда бухгалтер чакана сотувни сотув реестрида ойнинг охирги санасига умумий суммада ёзиб қўяди.

522-сон Низомда ва Солиқ кодексида  чакана сотув ҳамда НКМ ва терминал қўлланган ҳолда кўрсатилган хизматлар (ишлар) учун ЭҲФни расмийлаштириш назарда тутилмаган.

Бироқ, солиқ ҳисоботи ЭҲФ билан солиштириладиган бўлса, бухгалтерда чакана сотувни бир томонлама тартибда расмийлаштирилган ЭҲФ кўринишида акс эттириш имкони бўлади .

6. Ҳисобварақ-фактурани директор ва бухгалтер имзолайди. Ҳисобварақ-фактура ташкилот ЭРИсидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилганда, улар тўғри расмийлаштирилиши учун ким масъул бўлади?

- Бошланғич ҳужжатларнинг лозим даражада, ўз вақтида, тўғри расмийлаштирилиши учун корхона раҳбари ва бош бухгалтери масъул бўлади . Бунда директор ва бош бухгалтер юклаб жўнатиш вақтида шахсан иштирок этадиган ҳолатлар жуда кам учрайди. Ҳар бир корхона ушбу жараён назоратини мустақил равишда ёки бошланғич ҳужжатларга имзо ҳуқуқига даъвогарлик қилмаган ҳолда таъминлайди.

Шу боис ЭҲФга ўтиш корхонада қабул қилинган бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш ва имзолаш тизимига таъсир кўрсатмайди.

7. Юклаб жўнатиш интернетга боғланиш мумкин бўлмаган зонада амалга оширилганда нима қилиш керак?

- 522-сон Низомда бу саволга жавоб мавжуд эмас.

Солиқ кодексида ЭҲФ тизимидаги техник носозликлар билан боғлиқ вазиятлар кўрсатилган. Бироқ носозликлар бартараф этилганидан кейин қоғоз шаклида тузилган ҳисобварақ-фактуралар ҳар қандай ҳолатда ҳам 5 кун ичида ЭҲФ тизимига киритилади. Улар етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактуралар ёзиб берилган сана ёки товарлар юклаб жўнатилган сана билан киритилади.

8. ЭҲФ хато ёзиб берилганда нима қилиш керак?

- Оператор сайтида харидор имзолашга улгурмаган, жўнатилган ЭҲФга тузатиш киритиш, тўғрилаш ва ўчириб юбориш имконияти мавжуд. Яъни, битимнинг бошқа тарафи ҳисобварақ-фактурани имзолагунига қадар барча зарур тузатишларни киритишга улгуриш лозим.

Ҳисобварақ-фактура имзолаб бўлинган тақдирда, тузатишнинг ягона йўли -  тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура бўлади.

9. Электрон ишончномани расмийлаштириш ва қабул қилиш тартиби қандай?

- Ишончномалар ТМЗ олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича олиш тартиби тўғрисидаги 1245-сон Низомга мувофиқ расмийлаштирилади.

10. Юкларни етказиб беришда ҳайдовчиларга қандай ҳужжатлар ёзиб берилади? Электрон ҳужжат айланишида қоғоз шаклидаги ишончнома ва товарнинг кузатув ҳужжатлари расмийлаштирилиши лозиммиТоварнинг кузатув ҳужжатлари корхона харажатларини оширадиган тарзда икки марта электрон кўринишда ва қоғоз шаклида расмийлаштирилишига тўғри келмайдими?

- Ишончномалар ва товарнинг кузатув ҳужжатларини электрон кўринишда расмийлаштириш ихтиёрий ҳисобланади. Фақат ЭҲФни расмийлаштириш мажбурийдир.

Бугунги кунда юк ташийдиган транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида ташиладиган юкнинг ҳужжатлари бўлиши ва ИИО ходимларининг талабига кўра текширув учун уларни тақдим этиши шарт . Шу сабабли ташиладиган юкнинг электрон ҳужжатларидан (ТТЮ) уларни қоғозга чиқармасдан ва имзоламаган ҳолда фойдаланиш имконияти юқорида кўрсатилган норматив ҳужжатларда назарда тутилиши лозим.

11. Харидорларга тақдим этиладиган пул (молиявий) чегирмаларда реализация қилишга тузатиш киритилиши қандай акс эттирилади?

- Бундай чегирма тури товар сотувчининг ялпи тушумини камайтириш томонига тузатиш киритилишига олиб келади . Шу боис ЭҲФ тизимида тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш лозим.

12. Харидорларга тақдим этиладиган товарга оид чегирмаларда реализация қилишга тузатиш киритилиши қандай акс эттирилади? Товарга оид чегирмалар харидорга реализация қилиш чоғида тақдим этилади.

- Товар бонус (бепул) кўринишида берилаётган бўлса, бу солиқ солинадиган базани бепул жўнатиладиган товарнинг таннархигача оширади . Тегишинча, ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

13. ЭҲФ тизимида товар қайтарилиши қандай акс эттирилади?

- Товар қайтарилганда етказиб берувчи аввал ёзиб берилган ҳужжатга қўшимча ҳисобварақ-фактурани тузади, у харидор томонидан тасдиқланади.  Ушбу қўшимча ҳисобварақ-фактурада етказиб берувчи томонидан тузатишлар (ижобий ёки салбий) сони кўрсатилиши шарт.

Шунингдек товар қайтарилганда қуйидагиларда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага тузатиш киритилиши камерал текширув эътиборига тушиши мумкинлиги ҳақида унутмаслик керак:

  • етказиб берувчида – реализация ва ҳисобланган ҚҚСга тузатиш киритиш;
  • харидорда – ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритиш.

Шу сабабли товар қайтарилиши, ишлар (хизматлар) рад этилиши юзасидан барча ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилиши лозим:

  • шартномада товар қайтарилиши, ишлар (хизматлар) рад этилиши шартлари қайд этилиши лозим;
  • қўшимча ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш.

 14. Қурилиш ва фармацевтика компаниялари ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобварақ-фактураларни қандай расмийлаштириши лозим?

- 2020 йил 1 январдан айрим тармоқлар учун ЭҲФ тизими платформасини такомиллаштириш режалаштирилган. Шу жумладан – қурилиш, фармацевтика, воситачилик ва дилерлик хизматлари соҳалари учун ҳам.

15. Оддий ҳисобварақ-фактурадан фарқ қиладиган бензин реализациясига ҳисобварақ-фактурани қандай расмийлаштириш керак?

- ЭҲФ тизимида якуний истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишда тўланадиган акциз солиғини тўловчилар учун махсус ҳисобварақ-фактуралар шакли мавжуд.

16. Қайта ишлаш хизматларини кўрсатишда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади?

- Қайта ишлаш хизматларини кўрсатишга ҳисобварақ-фактура бошқа турдаги хизмат кўрсатилганидаги сингари расмийлаштирилади.

17. Ижарага берувчи ижарага олувчига коммунал харажатларини қоплашга ҳисобварақ-фактура ёзиб берса, ижарага берувчининг коммунал харажатларини қоплашга ЭҲФ автоматик тарзда  реализация қилиш бўйича айланма ва ҚҚС, фойда солиғи ва ЯСТ бўйича ҳисобланмаларни ошириб юбормайдими?

 - Ижарага олувчи томонидан коммунал харажатларнинг қопланиши ижарага берувчининг даромади ҳисобланганлиги сабабли санаб ўтилган солиқлар бўйича солиқ солинадиган базани оширмайди.

Бу 3126-сон Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибининг 49-бандида назарда тутилган. 

18. Йирик корхонада бош бухгалтер ва директор ЭҲФни ўз вақтида расмийлаштира олмасалар, бу вазифани бошқа ходимларга ишониб топширса бўладими? Масалан, ҳисобварақ-фактуралар ёзиб бериладиган идора бир жойда, товарлар юклаб жўнатиладиган омборлар бошқа жойда жойлашганда.

Корхона, бўлинмалар, филиаллар ходимлари учун ЭҲФ оператори сизга тақдим этадиган қўшимча чекланган кириш имкониятидан фойдаланинг. Чекланган кириш ЭҲФга ахборотни киритишга имкон беради, бироқ уларни имзолаш ва контрагентга жўнатиш ҳуқуқини бермайди.

Бундай ходимларга (масалан, минтақавий менежер ёки моддий бухгалтерга) ЭҲФни имзолаш ҳуқуқи бериладиган бўлса:

  • ёки унга корхона ЭРИсидан фойдаланиш ҳуқуқини беринг;
  • ёхуд унга алоҳида ЭРИ олинг.

19. Ҳисобварақ-фактурани бекор қилиб, худди шундай рақамли янги ҳужжатни тузиш мумкинми?

- Ҳа, агар харидор ЭҲФни имзоламаган бўлса, етказиб берувчи ушбу ҳужжатни ўчириб, шундай рақамли янги ҳужжатни тузиши мумкин. ЭҲФ харидор томонидан қабул қилинган бўлса, етказиб берувчи тузатиш киритилган ЭҲФни ёзиб беради.

20. Корпоратив пластик карталар бўйича реализация қилинганда, ЭҲФ қандай расмийлаштирилади? Ҳар куни чакана савдо тармоғида, шу жумладан юридик шахсларда КПК бўйича реализация амалга оширилади.

- КПК бўйича тўлов тўлаш орқали товарлар реализация қилинган ёки хизматлар кўрсатилган тақдирда  бухгалтер ҳисобварақ-фактурани ЭҲФ тизимида расмийлаштириши лозим. Натижада харидор қуйидагиларни олади:

  • ҚҚС бўйича ҳисобга олиш кўрсатилган ҳолда тўлиқ расмийлаштирилган ҳужжатни;
  • корпоратив пластик картадан пул маблағлари мақсадли сарфланиши бўйича бўнак ҳисоботини тузиш учун тасдиқланган маълумотларни.

21. Операторнинг сайти ҚҚС ҳисоб-китоби харидлар ва сотув реестрида олинган ва берилган ЭҲФни расмийлаштирадими? Ёки ушбу реестр қайтадан тўлдирилиши лозимми?

 - Оператор тизими бухгалтерия дастури билан бирлаштирилган бўлса, ЭҲФни шакллантириш ва маълумотларни ҳисоб маълумотлари билан солиштириш, солиқ ҳисоботини, шу жумладан ҚҚС ҳисоб-китобини тўлдириш учун чиқувчи ва кирувчи ҳисобварақ-фактуралар реестрини автоматик тарзда шакллантириш мушкул бўлмайди.

22. Товар таннархидан паст нархда ҳадя ёки реализация қилинганда ЭҲФда қўшимча маълумотларни акс эттириш зарурми?

- Йўқ, ЭҲФда реализация қилиш қиймати ҳақиқатда юклаб жўнатиш қиймати бўйича тўлдирилади 

23. ЭҲФни реализация қилинган сана билан айнан ўша куни эмас, балки кейинроқ расмийлаштириш мумкинми?

- Ҳисобварақ-фактурани ўтиб кетган олдинги сана билан расмийлаштириш имконияти қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

ЭҲФни харидор ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда расмийлаштириш, ЭРИ билан тасдиқлаш ва ЭҲФ оператори орқали роуминг-операторга жўнатиш реал вақт режимида амалга оширилади.

Бунда, аввал таъкидлаганимиздек, 522-сон Низомда ҳисобварақ-фактура санаси ҳақидаги масала тартибга солинмаган. Шу сабабли тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар ҳисобварақ-фактура санаси деб уни ЭҲФ тизимида шакллантириш санаси ҳисобланади.

24. Солиқ тўловчилар электрон айланма жараёнини тушунишлари учун барча жиҳатларни босқичма-босқич ўз ичига олган Йўриқнома зарур.

soliq.uz ва www.rouming.uz сайтида ЭҲФни тўлдириш бўйича шундай босқичма-босқич кўрсатилган йўриқнома ҳамда ўзбек ва рус тилларида видео-дарслар бор.

25. Кимлар ЭҲФни расмийлаштирмайди?

         ЭҲФ тўғрисидаги талаблар қуйидагиларга татбиқ этилмайди : 

  • йўловчилар ташишни йўл чипталари билан расмийлаштиришга (шу жумладан авиа ва темир йўлларда);
  • товарлар (ишлар, хизматлар) нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция беришга;
  • товарларнинг экспорт-импорт тарзида етказиб берилишини расмийлаштиришга;
  • қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси расмийлаштириладиган молиявий ижара (шу жумладан лизинг) шартномаси бўйича мол-мулкни топширишга, ҚҚСни тўлаш мажбуриятлари юзага келадиган ҳоллар бундан мустасно .
  • банк операцияларини мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма бериш орқали расмийлаштиришга;
  • суғурта хизматларини топшириқ шартномаси ва (ёки) суғурта полиси орқали расмийлаштиришга;
  • Солиқ кодексининг 222-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ишларни (хизматларни) ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштириш.

26. Ҳисобварақ-фактураларни қабул қилувчи томон саналамиз. Ҳисобварақ-фактураларни қабул қилганлигимиз (электрон имзо қўйганлигимиз) учун ҳар бир қабул қилинган ЭҲФ бўйича тўлов тўлаймизми? Ёки ойлик абонентлик тўлови бўладими?

- Ёзиб берилган ЭҲФ учун етказиб берувчи (сотувчи) тўлов тўлайди. Қабул қилувчи томон (харидор, буюртмачи) олинган ЭҲФ учун тўлов тўламайди.

27. Буюртмачи норезидент, ҚҚС ставкаси 0% бўлганда, ЭҲФ қандай расмийлаштирилади?

- 25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига мувофиқ БЮДни расмийлаштиришда ЭҲФ расмийлаштирилмайди.

28. E-factura гуруҳида тижорат банклари учун ҳисобварақ-фактураларни пакетли юклаш имкониятини сўраб мурожаат қилганлар бўлди. Бу амалга оширилдими?                                                                     

- E-factura тизимида ЭҲФни Excel шаклидан юклаб олишга имкон берувчи опция пайдо бўлди.

29. Ҳисобварақ-фактура электрон шаклда расмийлаштирилган ва 28 декабрда жўнатилган деб фараз қилайлик. Объектив сабабларга кўра олувчи шу куни уни олганлигини тасдиқлаб олмайди. Масалан, у олганлигини 6 январдан тасдиқлади. ЭҲФни  расмийлаштириш муддатини байрам саналари, Интернет-алоқадаги техник узилишлар туфайли кейинга суриш назарда тутилганми? Қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани ва юкхатни ёзиб бериш, кейинроқ ЭҲФни шу рақамлар билан киритиш мумкинми?

- Бухгалтерия ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган санаси бўйича ҳисобга олинади. Ҳисобварақ-фактурада товарни (хизматларни) реализация қилиш санаси 28 декабрь акс эттирилган бўлса, ҳисобварақ-фактура 28 декабрь ёки кейинги йилнинг 6 январида қабул қилинганлигидан қатъи назар, жўнатувчи ва олувчининг бухгалтериясида у ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган операциялар содир этилган сана, яъни 28 декабрь бўйича акс эттирилади.

30. Жисмоний шахс юридик шахсга офисни ижарага беради. ЭРИга эга бўлган жисмоний шахс электрон ҳисобварақ-фактурани ёзиб бериши мумкинми?

- ЭРИга эга бўлган жисмоний шахс ЭҲФни factura.soliq.uz сайт орқали ёзиб бериши мумкин.

31. Контрагент томонидан қабул қилинган ЭҲФ қандай бекор қилинади ёки ўзгартирилади?

- Мазкур ҳолатда тузатиш киритилган (тузатилган) электрон ҳисобварақ-фактура юборилади.

32. Тизим ҳисобварақ-фактура имзоланган ёки имзоланмаганлигини тўғри аниқлаб оладими?

– Албатта, сиз ҳисобварақ-фактура мақомини қараб кўришингиз мумкин. ЭҲФ қуйидаги ҳолатларда бўлиши мумкин: «Сақланган», «Бекор қилинган», «Тасдиқланган», «Жўнатилган», «Контрагент имзолашини кутмоқда», «Рад этилган», «Кутиш ҳолатида», «Хато берилган», «Ишончли шахс имзолашини кутмоқда», «Ишончли шахсга юборилган», «Ишончли вакил томонидан тасдиқланган», «Ишончли шахс томонидан рад этилган».

ЭҲФ имзоланиб контрагентга юборилганидан кейин уни «Жўнатилган» деб номланган жўнатилган ҳужжатлар папкасида кўриш мумкин бўлади. Контрагент ЭҲФни имзолаганидан кейин ҳужжат сотувчи ва харидорга юборилади. У «Тасдиқланган» мақомига ўтади.

33. Тизимда янги йилда ҳужжатларни (ЭҲФ, шартномалар ва бошқалар) янгидан рақамлашга имкон бериладими? Яъни, солиқ тўловчининг ички ҳисоб сиёсатига мувофиқ биринчи ҳужжатга «1 рақами» бериладими?

– Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида ҳар бир ҳужжат учун глобал ноёб рақам генерацияланади. У ташкилот учун ЭҲФда ҳужжатларни ҳисобга олиш ва сақлаш учун керак бўлади, фойдаланувчилар унинг шаклланишига таъсир ўтказа олмайдилар. Бунинг уларга кераги йўқ.

Бундан ташқари, ҳар бир ЭҲФга уни ёзиб берадиган ташкилот томонидан ўз тартиб рақами берилади. Бундай рақамлаш тартиби хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатида тасдиқланади ва белгиланади.

34. Воситачи томонидан электрон ҳисобварақ-фактура қандай тўлдирилади?

Воситачи комитентнинг товарларига (ишлар, хизматларига) ҳисобварақ-фактура ўз номидан ёзиб беради, бироқ уларни ўзида сотув реестрида акс эттирмайди. Ушбу реализация:

  • воситачига тааллуқли бўлмайди;
  • сотув реестрида ҳам акс эттирилмайди.  

Электрон тизимда воситачи томонидан харидорга ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура уни реализация қилиш, комитентдан олингани эса – харид қилинган товар (ишлар, хизматлар) сифатида акс эттирилади. Бу нотўғри.

Комитент ва воситачи ўртасидаги муносабатларда воситачининг харажатларини қоплашга доир операциялар ҳам мавжуд. Масалан,  воситачилик шартномасида қайд этилган товарни (ишлар, хизматларни) сотиб олиш, конвертация ва маблағларни ўтказиш бўйича харажатлар ва бошқалар.

Мисол

Воситачилик шартномасида воситачи комитентнинг товарларини исталган нархда, бироқ товарни бериш қийматидан паст бўлмаган нархда сотиш мумкинлиги кўрсатилган. Воситачилик ҳақи реализация қилинадиган товарларга белгиланган қўшимча нарх суммасига тенг бўлади.

Товар комитентдан воситачига ўтказилганда,қабул қилиш-топшириш далолатномаси қуйидагича бўлади:

 

Товар номи

Ўлчов бирлиги

Миқдори

Нархи

 

Қиймати

 

 


1

2

3

4

5

 

 Ручка

 дона

1 000

200

200 000

 

 

 

 

 

 

Комитентга тегишли товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилишда воситаси ўз номидан ҳисобварақ-фактурани икки нусхада ёзиб беради.

Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» кўрсатилади.

Товарлар (ишлар, хизматлар) номи

Ўлчов бирлиги

Миқдори

Нархи

Етказиб бериш қиймати

 

ҚҚС

 

ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда етказиб бериш қиймати

 ставка

 

сумма

1

2

3

4

5

6

7

8

 Ручка

 дона

1 000

221

221 000

15%

33 150

254 150

 

Ушбу операциялар ЭҲФ тизимида акс эттирилса, ҚҚС ҳисоб-китобига Сотув реестрини автоматик шакллантириш чоғида воситачида реализация қилишдан соф тушум 221 000 сўмга тенг бўлиб чиқади. Қонун ҳужжатлари бўйича ушбу ҳисобварақ-фактура воситачи томонидан ёзиб берилиши, лекин сотув реестрида ҳисобга олинмаслиги лозим.

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш тартибида ҳам шулар назарда тутилган.

Комитент воситачи орқали реализация қилинган товарга ҳисобварақ-фактурани ёзиб берадиган ҳолатларда ҳам шундай муаммолар юзага келиши мумкин. Сотув реестри автоматик тарзда шаклланганда ушбу ҳисобварақ-фактура воситачидан харид сифатида ўтади, бу қонун на ҳужжатларига, на операциянинг иқтисодий моҳиятига мувофиқ бўлади.  

Муаммони қандай ҳал этиш мумкин?

Комитентнинг товарларини реализация қилишда воситачи ҳисобварақ-фактурада «Етказиб берувчи» сатридаги номга қўшимча равишда «Воситачи»ни кўрсатади.

ЭҲФ тизимида қуйидагилар таклиф этилади:

1) воситачининг ҳисобварақ-фактурасида «Етказиб берувчи» реквизитларига «Воситачи» сўзини қўшиш имконини бериш учун қўшимча катакча (сатр) очиш;

2) тузилган ҳисобварақ-фактурани Сотув (харидлар) реестрига киритишни тасдиқлаш учун катакчани (белги) назарда тутиш. Воситачи ушбу катакчани фаоллаштириб, «Реестрда акс эттирилмасин» деган белгини қўядиган бўлса, ҳисобварақ-фактура ундаги ҚҚС ҳисоб-китоби учун Сотув ва харидлар реестрида акс эттирилмайди.

Бундай қўшимча катакчаларда нафақат «Комитент-Воситачи-Харидор» занжирини акс эттириш имкониятини назарда тутиш, балки Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш тартибига асосан воситачилик тусидаги бошқа битимларни ҳам ҳисобга олиш лозим. Айнан, - қуйидаги позицияларни рўйхатга киритиш лозим: «Экспедитор», «Ишончли вакил», «Агент», «Дилер» ва бошқалар.

Бундай имкониятни ижарага берувчи, воситачи ёки агент товар ёки хизматларни комитентга ёки ижарага олувчига қоплаш учун берадиган ҳолатларни ҳам назарда тутиш лозим. Айни пайтда ЭҲФни расмийлаштириш чоғида Реестр автоматик тарзда шакллантирилганда бу яна реализация қилиш сифатида акс этади. Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш тартибига мувофиқ бундай операциялар қайта сотув ҳисобланмайди, тегишинча, улар бўйича ҳисобварақ-фактуралар сотув реестрида акс эттирилмайди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал