“Ҳисоб-китобни қайта топширишни истамайман. Ҳисобварақ-фактурани рад этиш мумкинми”?

preview

Солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни қайта топширишни хоҳламаслик асосида контрагент томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани рад этиш мумкинми? Агар тузатилган ёки қўшимча ҳисобварақ-фактуралар мавжуд бўлса, ҳисоботни ҳар доим ҳам қайта топшириш зарурми?

Ўқувчилар томонидан бундай вазиятларда нотўғри қарорлар қабул қилинишининг олдини олиш мақсадида buxgalter.uz шарҳлар юзасидан мутахассисларга мурожаат қилди.

Асаблар таранг – ўртача бухгалтернинг ҳисоботларни топширишнинг сўнгги кунидаги одатий ҳолатини айнан шундай тасвирлаш мумкин. Нега шундай?

Альфия Н., бош бухгалтер:

– Менинг ҳаёлимга – биз октябрь ойида хизмат автомобили учун эҳтиёт қисмлар сотиб олган дўкон томонидан тақдим этилган тузатилган ҳисобварақ-фактурани рад этиш фикри келди. Сотувчи ҚҚС тўловчиси эканлигини дафъатан эслаб қолди. Мен, албатта, бу ҳолда ҳисобварақ-фактурани маъқулламаслик – ҳар тарафдан нотўғри эканлигини тушунаман. Бироқ, умуман менинг ҳисоботларим муваффақиятли топширилган!

Бу вазиятда менинг омадим келди, фақат октябрь ва ноябрь ойлари учун ҳисоботни қайта топширишимга тўғри келди. Ҳа – ноябрь учун ҳам, сабаби мен  my.soliq.uz сайти ҳисоботларни топширишнинг сўнгги кунларида ишламай қолишини билганим ҳолда, якунни чиқардим ва ҳисоботни олдинроқ – 16 санада топширдим. Тузатилган ҳисобварақ-фактура эса кейинги кун эрталаб тақдим этилди... Лекин икки ой – ҳар қандай пайтда ҳар ким деярли исталган давр – ҳам беш ой, ҳам олти ой ... олдинги давр учун тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишини инобатга олган ҳолда, ҳеч нима эмас.  Бу шуни англатадики, ҳисоботларни ушбу беш-олти ойдан ҳар бири учун қайта топшириш зарур.

Очиғини айтганда, рад этиш истаги мен томондан тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни қабул қилишни рад этган бошқа контрагентларнинг менга бўлган муносабатлари туфайли юзага келди. Биз улар билан йил бошидан буён низолашмоқдамиз. Гап шундаки, бизда шартномалар бир йилга тузилади ва қоидаларга биноан, биз етказиб берувчи сифатида, уларга ўтган ой учун етказиб берилган ҳажмлар учун ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишимиз керак. Бироқ улар ўз ҳужжатларига асосан барчасини шартномалар бўйича тўловни амалга оширган 2019 йилдаёқ ўтказиб бўлганликлари туфайли уларни рад этишмоқда. Мен уларга қоидаларга биноан қандай бўлиши кераклигини тушунтирдим, уларни солиқ маслаҳатчиларининг тушунтиришлари билан таништирдим. Менга бир-биримизни тушунгандек туюлди. Бироқ кейинги куни мен ҳисоботни топширгандан кейин, рад этишлар ёғила бошлади... Улар моҳиятан ўз хатоларини тузатишни хоҳлашмаяпти.

Қоидалар бўйича ишлашни истаётган мен ва бошқалар қандай йўл тутишимиз лозим? Менга имзолашни рад этишган ҳисобварақ-фактураларни инобатга олган ҳолда менинг ҳолатимда кейинчалик қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш мураккаб бўлади. Контрагент у ноҳақлигини эшитишни ҳам хоҳламаётган вазиятларда олдинги ойлар учун чиқувчи ЭҲФ реестри қандай шакллантирилади?

Ольга БУСАРОВА, «Норма» эксперти:

– Ҳисобварақ-фактурани қабул қилишни рад этиш асосланган ва холис бўлиши керак. Амалдаги қонунчиликка биноан солиқ тўловчи ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш чоғида хато ва камчиликларни даъво қилиш муддати давомида ҳар қандай пайтда тузатиш ҳуқуқига эга. Рад этишни ҳисоботларни қайта топширишни истамаслик билан асослаш – бу нотўғри. Бунда, фикримча, муаммога «Янги технологиялар» ИАМ ЭҲФ тизими регулятори сифатида эътибор қаратиши керак.

Тузатилган ҳисобварақ-фактура тузатиш киритилаётган илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуранинг ўша рақами ва санаси билан расмийлаштирилади . Ўйлайманки, агар унинг мазмунига эътироз бўлмаса, сотиб олувчининг бухгалтери уни қабул қилиши шарт. Қолаверса, шунга эътиборингизни қаратишни хоҳлардимки, сотиб олувчи томонидан ЭҲФнинг қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги сотувчининг ўз хатоларини тузатиш имкониятида акс этмаслиги керак.

ЭҲФ тизими уларни 10 календарь куни ўтгач, автоматик тарзда “қабул қилиши” керак . Эҳтимол, тузатилган ЭҲФни қабул қилиш технологиясида сотиб олувчига ЭҲФни кўпроқ муддат давомида рад этиш имкониятини бериш адолатли бўлар эди. Фараз қилайлик, 10 кун эмас, балки масалан 15 ёки 20 кун. Сабаби тузатишларнинг асосланганлигини ўрганиш ва аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоб-китобини топширишга тайёрланиш зарур. Бироқ ҳар қандай ўзгартиришларга қадар бу масалада умумий тартиб – 10 кун амал қилиши керак.

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:

– Агар туридан қатъи назар, ҳисобварақ-фактуранинг мазмунига эътироз бўлмаса, уни қабул қилиш зарур.

Эътибор беринг: тузатилган ҳисобварақ-фактурани қабул қилиш ҳар доим ҳам солиқ ҳисоб-китобларини қайта топширишга олиб келмайди. Ҳисоб-китобларни айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар қайта топширишмайди. ҚҚС тўловчилар ҳам агар киритиладиган тузатишлардан бюджет зарар кўрмаса, уларни қайта топширмасликлари мумкин . Яъни агар ҳисобга олинадиган ҚҚС кўпроқ бўлса, ҳеч нарсани қайта топширмаса бўлади, агар ҳисобга олинадигани – камроқ бўлса, аниқ қайта топшириш зарур .

Шунингдек, камерал текширувга тайёр бўлиш зарур, айниқса қайта топширишда бюджет зарар кўрса.

Кўриб чиқилаётган вазият яна бир бор қанчалик биз ишга ўз муносабатимизни ўзгартиришимиз, анча масъулиятли бўлишимиз зарурлигини кўрсатади. Электрон ҳисобварақ-фактураларни тузиш ва кўриб чиқиш чоғидаги ҳар қандай хато ва ноаниқликлар нафақат солиқ тўловчининг ўзи учун, балки контрагентларнинг ўзи учун ҳам кўнгилсиз оқибатларга айланиши мумкин.

Светлана ГОЛОСОВА, аудитор, «TRI-S-AUDIT» МЧЖ директори:

– Агар ҳисобварақ-фактурани шакллантиришда ҳеч қандай хатога йўл қўйилмаган бўлса, контрагент томонидан уни қабул қилишни рад этилиши – бу, камида, бемаънилик. Гарчи амалиётда ҳар нарсага, шу жумладан  - ҳисоботларни қайта топширишни хоҳламаслик билан асослантирилган рад этишларга ҳам дуч келиш мумкин.

ЭҲФ тизими ва электрон ҳисобот туфайли амалиётда юзага келадиган барча номувофиқликлар солиқчиларга кўринади. Ва маълумотлардаги ҳар қандай номувофиқлик – бу вазиятни ўрганиш ва муҳокамалар учун сабаб бўлади. Бундан ташқари, агар сизнинг ғайриқонуний ҳаракатларингиз бугун сезилмай қолган бўлса, вақти билан муаммо фақат оғирлашади. Узрли сабабсиз ҳисобварақ-фактурани рад этган ҳолда, сиз фақат муаммони ҳал қилишни ортга сурасиз ва ҳам хатонинг ўзини, ҳам унинг оқибатларини бартараф этиш учун албатта бўладиган чораларни мураккаблаштирасиз.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади