Ҳисобот даври тугагач ҳисобварақ-фактуралар тақдим этганлик учун жарима солишадими

05.10.2020

ДСҚ солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига ҳисоботлар топширилган давридан кейин ушбу даврлар учун ЭҲФ расмийлаштирилиб (солиқ қонунчилилигига мувофиқ солиқ солиш  базасига тузатиш киритиш бундан мустасно), лекин аниқлаштирилган ҳисоботлар тақдим этилмаган тақдирда, СКнинг 223-моддасига мувофиқ солиқ солиш базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) бўйича молиявий жарима қўлланилиши тўғрисида эслатма йўллади. Экспертлар бундай ифодалашни нотўғри, деб ҳисоблашади.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига биноан бухгалтерлар юзага келган вазиятда нималар қилишлари лозимлигини гапириб берди.

- Ҳа, СКнинг 223-моддасига мувофиқ солиқ тўловчини товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни кейинги ҳисобот даврига ўтказилганлиги учун жаримага тортадилар. Кодекс буни реализация ҳажми ва даромад (фойда)ни қасддан камайтириш сифатида талқин қилади. Бунда анча катта миқдордаги жарима қўлланилади – яширилган (камайтирилган) сумманинг 20%и.

Лекин “тушумни ўтказиш” нима дегани? Мисол учун, корхона тушумни, фараз қилайлик, қачонки барча ҳисоб регистрларида у сентябрь ойига тегишлилиги кўриниб турсада, қасддан сентябрдан октябрга ўтказади.

Эслатма муаллифлари эса ушбу норма ва мазкур тушунча остига ҳисобот даври тугагандан кейин ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилган барча ҳолларни киритадилар. Ва бу нотўғри!

Кўп корхоналар, хусусан – хизмат кўрсатувчи корхоналар ойнинг охирги санаси билан ЭҲФни тизимга киритишга улгурмайдилар. Улар буни қонуний асосларга биноан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белигиланган муддатларда амалга оширадилар, яъни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 ёки 10 санасига қадар.

Низомда ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади дейилган . Бироқ бунда истиснолар ҳам мавжуд.

Биринчидан, товарлар (хизматлар) юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт.

Иккинчидан, электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади. Бунда, ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.

Учинчидан, объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади. Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.

Тўртинчидан, умумлаштирилган ҳолдаги ҳисобварақ-фактуралар календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 кунига қадар шакллантирилади. Уларни етказиб берувчи ойда бир марта (ҳар бир ҳужжат тури бўйича) қуйидаги ҳолларда шакллантиради:

  • сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда НКМ ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;
  • хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат НКМ таъмирлашга топширилганда ёки савдо шахобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;
  • товарлар экспорти бўйича божхона юк декларациялари расмийлаштирилганда;
  • банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;
  • товарлар текинга оммавий тарқатилганда;
  • ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;
  • кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда.

Бундай ҳолларда бухгалтер ҳисобварақ-фактурани ЭҲФ тизимига сентябрь ойи учун октябрда, бироқ “30 сентябрь” санаси билан киритиши келиб чиқади. Бундай тартиб солиқ ҳисоботини ҳам, солиқларнинг тўғри тўланишини ҳам бузиб кўрсатмайди. Бинобарин, ушбу вазиятлар СКнинг 223-моддасида назарда тутилган жарималар остига тушмайди.

Солиқ тўловчилар нима қилишлари лозим?

Ҳар доим Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга амал қилинг ва сиз ҳақ бўласиз.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал