Хизматлар импортида ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

19.10.2020

Хизматлар импорти қисмида мазкур тартиб-таомилнинг ўзига хос жиҳатлари Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда баён этилмаган. Ва бошқа норматив ҳужжатларда ҳам ушбу масала юзасидан махсус аниқлаштиришлар мавжуд эмас. Бухгалтерлар учун ёрдам тариқасида buxgalter.uz солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАдан йўриқнома олди.

- Бундай вазиятларда импорт қилувчи хорижий ҳамкорнинг номи, унинг мамлакати, банк реквизитларини кўрсатган ҳолда – бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак. “Етказиб берувчи” устунида хорижий ҳамкорнинг реквизитлари, “буюртмачи” устунида эса – ташкилот – хизматларни олувчининг маълумотлари тўлдирилади.

СКнинг 255-моддасига асосан реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланган хизматлар импортида солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти солиқ агенти сифатида хизматларни олган резидент зиммасида бўлади. Бунда хизматларни реализация қилиш жойини тўғри аниқлаш муҳимдир, сабаби ҚҚСни (29-кодли) ушлаб қолиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш шунга боғлиқ. Бу масалада СКнинг 241-моддасига мўлжал олинг.

Агар Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилса ва СКнинг 243-245-моддаларида назарда тутилган имтиёзлар ва озод этишлар мавжуд бўлмаса, ҚҚСни 15% ставка бўйича тўлаш ва буни ЭҲФда акс эттириш зарур.

Агар Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи бўлмаса, ҚҚСни сиз тўламайсиз.

Шундан келиб чиқиб ЭҲФ устунлари тўлдирилади, уларда ҚҚС ставкаси ва суммасини, шунингдек харид қийматини кўрсатиш зарур.

Харид қиймати кўрсатилиши лозим бўлган устун хизматлар импорти бўйича шартнома маълумотлари асосида расмийлаштирилади, шу боис уни тузиш чоғида ҚҚС қисмида шартларга эътибор қаратиш зарур.

Контрактлар шартларига мувофиқ хизматлар чет эллик шахслар томонидан ёки ҚҚС билан ёхуд усиз тақдим этилади.

Агар ҚҚС контрактда келишилган бўлса, у шунчаки ушлаб қолинади ва бюджетга тўланади. Агар – келишилмаган бўлса, солиқ агентининг ўзи ҚҚСсиз кўрсатилган хизматлар қийматидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлайди, тегишли солиқ суммани ҳисоблаб чиқаради ва бюджетга тўлайди.

Ҳам биринчи, ҳам иккинчи ҳолда ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СКнинг 37-бобига мувофиқ тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради.

Мисол учун, хорижий ҳамкор Ўзбекистон компаниясига ўз мамлакатининг 20% ҚҚС ставкасини инобатга олган ҳолда 120 ш.б. миқдорида электрон хизматлар кўрсатди ва шу суммага инвойс тақдим этди. Ўзбекистон хизматлар кўрсатиш жойи ҳисобланади. Воқеаларнинг иккита сценарийси бўлиши мумкин:

1-вариант: шартнома бўйича 120 ш.б.га 15%  (18 ш.б.) “бизнинг ҚҚС” қўшилади, Ўзбекистон компанияси уни ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади.

2-вариант: шартнома бўйича хизматлар қиймати “бизнинг ҚҚС”сиз 120 ш.б.га тенг (15% – 18 ш.б.). Бу ҳолда Ўзбекистон компанияси уни ўзи ҳисоблаб чиқаради ва бюджетга тўлайди.

Эътибор беринг
Ҳисобварақ-фактурада солиқ базаси ва ҚҚС суммасини ҳисобварақ-фактурани (инвойс) тўлдириш санасида МБ курси бўйича эквивалентда акс эттиринг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал