Ижарага берувчи ижарага олувчи томонидан коммунал хизматлар қийматини қоплаши учун ҳисобварақ-фактурани қандай расмийлаштириши лозим

preview

ҚҚС тўловчи бўлмаган ижарага берувчи ҚҚС тўловчи ижарага олувчига у ҚҚС тўловчи эмаслиги ҳамда ДСҚ колл-маркази ходимининг оғзаки тушунтиришига ҳавола келтирган ҳолда электр энергияси қийматини қоплаш учун ҚҚСсиз электрон ҳисобварақ-фактура тақдим этди. Бу тўғрими? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тушунтирди:

- ҚҚС тўловчиси бўлмаган ижарага берувчи ҚҚС тўловчи ижарага олувчига электр энергияси қийматини қоплаш учун ҚҚСсиз электрон ҳисобварақ-фактура тақдим этди. Нима учун ЭҲФда ҚҚС кўрсатилмаган, ахир электр энергиясини етказиб берувчи – ҚҚС тўловчи ҳисобланадику, деган саволга жавоб берган ҳолда, ижарага берувчи ДСҚ колл-марказидан олинган ахборотни далил қилиб кўрсатган. Колл-марказ мутахассисининг тушунтиришича, ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлмаганлиги сабабли у ҳисобварақ-фактурани ҚҚС билан тақдим этишга ҳақли эмас.  Шу жумладан – ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган электр энергиясини қоплаш учун. Бунда электр энергияси, коммунал хизматлар ва алоқа хизматларини ижарага берувчидан ижарага олувчига беришда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш хусусиятларини назарда тутган Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби кучини йўқотган. Янги Солиқ кодексида ҳам ЭҲФда коммунал хизматларни қоплашни акс эттиришнинг махсус тартиби назарда тутилмаган. Шу боис ҚҚС тўловчиси бўлмаган ижарага берувчи, колл-марказ ходимининг фикрига кўра, ЭҲФни ҚҚС суммасини электр энергияси қийматига киритган ҳолда тақдим этиши, шунингдек ЭҲФ бўйича барча суммага – ижара тўлови ва қоплаш суммасига айланадан олинадиган солиқ солиши шарт. Мазкур ҳолатда ДСҚ колл-маркази мутахассиси ҳақми?

- “Йўқ, колл-марказ ходими ноҳақ.

Электр, иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлари ва алоқа хизматларини (кейинги ўринларда – коммунал хизматлар) ижарага берувчидан ижарага олувчига беришда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш тартиби ўзгармаган.

Агар ижара шартномасига асосан коммунал хизматлар қиймати ижара тўловига киритилмаса, балки ижарага олувчи томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган миқдорда қопланса, ижарага берувчи томонидан ижарага олувчи номига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада алоҳида сатрларда қуйидагилар кўрсатилади:

  • ижара шартномасига мувофиқ ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган ҳолда (агар ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлса) ижара ҳақи суммаси;
  • ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун ушбу хизматлар қийматига тўғри келувчи ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма.

Шартномага мувофиқ қиймати ижарага олувчи томонидан қопланиши лозим бўлган, ижарага берувчи томонидан тўланган (тўланиши лозим бўлган) коммунал хизматлар ижарага берувчининг харажатлари ҳисобланмайди. Мазкур хизматлар бўйича ҚҚС суммаси ижарага берувчида ҳисобга олинмайди.

Истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун ижарага олувчидан олинган қоплаш суммаси ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди.

Ижарага олувчида ижарага берувчига қопланадиган коммунал хизматлар қиймати харажат ҳисобланади. Ушбу хизматлар бўйича ҚҚС суммаси СКнинг 37-бобида назарда тутилган тартибга мувофиқ у томондан ҳисобга олинади.  Ижарага берувчидан олинган ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма алоҳида сатрда кўрсатилган ҳисобварақ-фактура ижарага олувчи томонидан коммунал хизматлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг мазкур тартиби ҳам янги Ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасида назарда тутилган.