Жисмоний шахслар учун бир томонлама ЭҲФ бекор қилинса, нима бўлади

preview

4 апрель куни электрон ҳужжат айланиши операторлари бир томонлама ЭҲФни, шунингдек - давлат сирига тааллуқли бўлган етказиб беришлар бўйича ЭҲФни шакллантириш ва уларни жисмоний шахсларга жўнатиш имконияти бекор қилинганлигини эълон қилди. Бироқ шу куни кечқурун ДСҚ бундай имконият тикланганлигини маълум қилди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бу борада ўз хавотирлари билан ўртоқлашди:

 

– Биз 4 апрель куни кузатган ҳодиса солиқ идораси жисмоний шахслар учун бир томонлама ва “давлат сирига тааллуқли” етказиб беришлар бўйича ЭҲФни бекор қилиш  масаласини ишлаб чиқаётганлигидан  далолат бермоқда.

Агар ДСҚ ушбу турдаги ҳисобварақ-фактураларни бекор қилишга қатъий қарор қилса, бу 4 апрелдаги каби кутилмаган воқеа бўлмаслигига эътибор бериши зарур. Дастлаб бухгалтерларга одатдаги бир томонлама ҳисобварақ-фактураларсиз қандай ишлашни батафсил тушунтириш лозим. Шубҳасиз, бунда  ахборот тизимлари ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни талаб қилувчи жиҳатлар намоён бўлади. Шу боис, янгиликни жорий этишда муайян “мослашувчанлик” бўлиши керак.

Бу айнан шундай бўлишини истардик, сабаби бир томонлама ЭҲФга бўлган эҳтиёжни қисқартиришнинг аянчли тажрибаси мавжуд - бу онлайн-НКМга ўтиш ҳисобланади. Онлайн-НКМ маълумотлари айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида автоматик тарзда акс эттирилиши  эълон қилингандан кейин дастлабки соатлар онлайн-НКМ тизими бунга  тайёр эмаслигини кўрсатди. Ўша пайтда тизим фақат харидор сотувчига пулни бериб, товар ёки хизматни оладиган энг содда операцияларни акс эттириши мумкин эди.

Шундан буён олти ойдан кўп вақт ўтди. Шу вақт ичида онлайн-НКМ тизимига жиддий ўзгартиришлар, кўплаб янги функционаллар киритилди албатта. Уларсиз солиқ бўйича Ҳисоб-китобда онлайн-НКМ бўйича тушумни тўғри акс эттириш имконсиздир. Бироқ, шунга қарамай, ҳатто бугунги кунда ҳам техник ечимга эга бўлмаган жиҳатлар мавжуд. Улар солиқ тўловчига ДСҚнинг манзилли ёрдамисиз уддалаш имконини бериши мумкин бўларди. Масалан, комитент - чет эл компанияси ёки  дўкон жисмоний шахсдан реализация қилиш учун битта товарни қабул қилиши билан боғлиқ масалалар ҳали ҳам техник жиҳатдан ҳал қилинмаган.

Жисмоний шахслар учун бир томонлама ЭҲФни бекор қилиш - бу ниҳоятда эрта қабул қилинган қарор, деб ҳисоблайман. Аксарият ҳолларда уларни одатдаги икки томонлама ҳисобварақ-фактуралар билан алмаштиришга тўғри келади. Мен давлат учун ҳам, солиқ тўловчилар учун ҳам бундан наф кўрмаяпман. Бу фақат бухгалтерлар учун иш ҳажмининг ошишига ва мураккаблашишига олиб келиши мумкин.

Юридик шахс  иштирокчилари таркибидан чиқувчига  маълум бир товарлар берилади. Ёки  акционерга юридик шахс - эмитент томонидан ўз акцияларини қайтариб сотиб олишда ҳам товарлар берилиши мумкин. Товарни олишда жисмоний шахсга даромаднинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжат зарур бўлган бу ва бошқа шунга ўхшаш вазиятларда ҳозир ҳам икки томонлама ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришни ҳеч ким тақиқламайди. Бу ҳолда  қоидага кўра, бухгалтерларда ҳужжатни тасдиқлаш билан боғлиқ муаммолар йўқ, чунки жисмоний шахс уни олишдан манфаатдор.

Энди эса сиз иш ҳақи ҳисобига товарларни беришни (хизматлар кўрсатишни) расмийлаштиришингиз керак бўлса, нима бўлишини тасаввур қилинг. Корхонада бу 1-2 нафар ходим билан эмас, балки уларнинг кўплиги билан содир бўлади. Агар ходимга ҳеч қандай ҳужжат керак бўлмаса, унинг манфаатдорлиги товар ёки хизматни олиш билан чекланади.

Бугунги кунда бухгалтерда мазкур вазиятда жисмоний шахсга умумлаштирилган ҳолда бир томонлама ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш имконияти бор. Агар ушбу имконият бўлмаса, одатдаги икки томонлама ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга тўғри келади. Битта ҳужжат ўрнига, бундай тўловларни неча нафар ходимлар олган бўлса, шунча ҳужжатни расмийлаштиришга тўғри келади. Кейин уларнинг ҳар бири ўз ҳисобварақ-фактурасини имзолаши зарур. Буни ҳамма ҳам қила олмайди, чунки фақат уларнинг айримларида ЭРИси мавжуд, бир нечтаси электрон ҳужжат айланиши тизимида ишлай олади. Қисқача айтганда, ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда тасдиқланган деб эътироф этилгунча, бухгалтер 10 кун кутишига тўғри келади. Бундан ким фойда кўриши тушунарсиз.

Тўловни қабул қилувчи таълим муассасалари билан боғлиқ бошқа мисол. Барча қоидаларга биноан бу ҳолда онлайн-НКМ ва виртуал кассани қўллаш зарур. Агар мижоз ойма-ой тўловни амалга оширса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Лекин жуда кўп ҳолларда жисмоний шахслар бир неча ой учун олдиндан бир йўла тўловни амалга оширади. Ёки аксинча - ўқишдан кейин бир неча ойдан сўнг амалга оширади. Онлайн-НКМ тизимининг мавжуд функционали, афсуски, ушбу вазиятлар учун ҳали ечимга эга эмас. Бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш - ушбу вазиятдан чиқиш йўли ҳисобланади. Мижоз тўловни амалга оширди ва ҳужжатлар уни унчалик қизиқтирмайди. Бу ягона мисол эмас, деб ўйлайман. Шу каби вазиятларни аниқлаш, ахборот тизимлари функционалини такомиллаштириш ва бухгалтерларга қандай тўғри ҳаракат қилиш борасида батафсил йўл-йўриқлар бериш лозим.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади