Қоғоз шаклдаги қайси ҳисобварақ-фактураларни электрон форматга ўтказиш зарур

14.10.2020

2020 йил 1 январдан бошлаб ўтиш даврида ташкилотларда баъзи битимлар ҳали ҳисобварақ-фактуралар билан қоғоз шаклда расмийлаштирилган. Энди ушбу ҳужжатларни ЭҲФ тизимига киритиш зарурми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

- Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 12-бандига асосан фақат давлат сирига тааллуқли бўлган битимлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар қоғоз шаклда расмийлаштирилади. Уларнинг улуши ҳисобварақ-фактураларнинг умумий миқдорида – жуда оз. Барча қолганлари, асл мақсадига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклда расмийлаштирилиши керак . Бироқ йил бошидан бошлаб бизда ўтиш даври бўлди. У май ойида тугаганига қарамай, шундан кейин ҳам баъзи ҳисобварақ-фактураларни турли сабабларга кўра қоғоз шаклда расмийлаштириш давом этди.

Қоғоз шаклдаги ҳисобварақ-фактуралар тарихида қуйидагилар ҳақиқий нуқтани қўйишди:

  • солиқ ҳисоботини автоматик тарзда тўлдиришга ўтиш – аввал ҚҚС бўйича ва ҳозир айланмадан олинадиган солиқ бўйича;
  • Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг қабул қилиниши.

Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда қаердадир солиқчиларнинг талаби билан кимдир қоғоз шаклда тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни электрон форматга ўтказишига тўғри келганлиги юзасидан мунозаралар бўлиб туради. Бундай   хабарлар муаллифлари солиқчилар буни қачон ва қандай сабабга кўра илтимос қилишганини аниқлаштиришмайди. Натижада бу қолган бухгалтерларнинг диққатини оширади ва қуйидаги сингари саволларни туғдиради: ҳамма ҳам 2020 йил учун қоғоз шаклдаги ҳисобварақ-фактураларни электрон форматга ўтказиши зарурми ва буни қанчалик тез амалга ошириш лозим?

Фақат солиқ тўловчининг ўзи ушбу ойлардан бирини ўз ичига олган давр учун ҳисоботни қайта топшириш (аниқлаштирилган ҳисоб-китобни топшириш) ташаббуси билан чиққан тақдирдагина жорий йилнинг январь-июнь ойлари учун ҳисобварақ-фактураларни кўтариш зарурати юзага келади. Ҳа, бу ҳолда қайта топшириш остига тушадиган ой учун барча ҳисобварақ-фактураларни электрон форматга ўтказишга тўғри келади. Чунки ҳисобот шакллари ва камерал текширув фақат ЭҲФ билан ишлайди ва агар қайсидир ҳужжат фақат қоғоз шаклда мавжуд бўлса, ахборот тизимларидаги маълумотлар тўғри келмайди.

Бугунги кунда жуда долзарб бўлган бошқа вазият – айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар билан боғлиқ. Улар III чорак учун солиқ бўйича ҳисоботни биринчи марта автоматик тарзда тўлдириш билан топширишади. Хато чиқиб келмаслиги учун июль, август ва сентябрь ойлари учун барча ҳисобварақ-фактуралар электрон форматда расмийлаштирилган бўлиши зарур.

Ва учинчи ҳолат – бу ахборот тизимидаги носозликлар туфайли қоғоз шаклда тақдим этилган янги ҳисобварақ-фактуралар. Бундай ҳисобварақ-фактуалар маълумотлари техник носозликлар бартараф этилган пайтдан эътиборан 5 кун ичида ЭҲФ тизимига киритилган бўлиши керак.

Мен қоғоз шаклда расмийлаштирилган 2020 йил ҳисобварақ-фактуралар юзасидан безовта бўлишнинг бошқа  асосларини кўрмаяпман. Ҳаммасини ўз ҳолича қолдириш мумкин, ахир ҳисоботлар топшириб бўлинганку.

Кузатишларимга кўра, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларда ҳисоботни автоматик тарзда тўлдиришга ўтишда мураккабликни нафақат қоғоз шаклдаги ҳисобварақ-фактураларни электрон форматга ўтказиш, балки умумлаштирилган бир томонлама ЭҲФ ҳам келтириб чиқаради. Улар учун бу – янгилик, зарур бўлмаганлиги учун уларни ҳеч қачон расмийлаштиришмаган.

Эслатиб ўтаман, бир томонлама умумлаштирилган ЭҲФ :

  • сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;
  • хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда ёки савдо шохобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;
  • банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;
  • товарлар текинга оммавий тарқатилганда;
  • ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;
  • кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда ҳар бир календарь ой якуни бўйича бир марта тақдим этилади.

Товарлар экспорти бўйича БЮД расмийлаштирилган ҳолатлар бундан мустасно. Товарлар (хизматлар) экспорти (БЮД расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар) бўйича етказиб берувчи электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг фақат номи қайд этилади ҳамда “норезидент” сўзи қўшиб ёзилади.

Бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда қуйидагиларни ёдда тутинг:

  • сотиб олувчининг талабига асосан тақдим этилган ЭҲФлар қиймати (корпоратив пластик карта ёрдамида сотиб олинган товарлар ва хизматлар бўйича) умумлаштирган ҳолда бир томонлама шакллантириладиган электрон ҳисобварақ-фактуранинг қийматига киритилмайди;
  • умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг 5 кунига қадар, календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади.

Яна битта вазият: товарлар (хизматлар) экспорти (БЮД расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар) бўйича етказиб берувчи электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг фақат номини қайд этади ҳамда “норезидент” сўзини қўшиб ёзади .

Техник нуқтаи назардан бир томонлама ҳисобварақ-фактурани шакллантириш жараёни одатдаги ҳисобварақ-фактурани яратишдан мураккаб эмас. Шаклни тўлдириш чоғида ЭҲФ тизимида “бир томонлама ҳужжат” вариантини танлаш зарур. Тегишли тугманинг жойлашган жойини сизнинг ЭҲФ операторингиз call-марказида сизга айтиб беришади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал