Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2025 й. 838-сон қарорига 4-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 30 декабрдаги
4-ИЛОВА
Суд бошқарувчилари малака аттестатини
бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом суд бошқарувчилари талабгорларига суд бошқарувчиси аттестатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш ва малака аттестатини бериш хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
махсус ўқув курсида ўқигани ҳақидаги гувоҳнома (кейинги ўринларда - гувоҳнома) - суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсида ўқигани ва суд бошқарувчиси аттестатини олишга асос бўлувчи ҳужжат;
малака имтиҳони - малака аттестатини олиш учун қўйилган талабларга талабгорнинг мос келишини аниқлашга йўналтирилган ва тегишли ваколатли ташкилот томонидан ўтказиладиган имтиҳон;
суд бошқарувчиси - ваколатли ташкилот томонидан суд бошқарувчиси аттестати берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
суд бошқарувчиси аттестати (кейинги ўринларда - аттестат) - Ўзбекистон Республикаси фуқаросига суд ҳужжатига мувофиқ тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш - суд бошқарувчисининг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари ёки малака аттестати талабларини бузганлик ёки Давлат активларини бошқариш агентлигининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатмасини бажармаслик (Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) қарорига асосан суд бошқарувчилари аттестатининг амал қилиши олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатилади);
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш - суд бошқарувчисининг малака аттестати ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлик ёки малака аттестати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани (суд қарорига, ушбу Низомда кўрсатилган бошқа ҳолларда Агентликнинг қарорига асосан суд бошқарувчилари аттестатининг амал қилиши бекор қилинади);
суд бошқарувчиларининг аттестация комиссияси - комиссия таркиби Агентлик томонидан тасдиқланадиган суд бошқарувчилари фаолиятини кўриб чиқувчи коллегиал орган;
Суд бошқарувчилари рейтинги - суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш натижасида эълон қилинадиган рўйхат;
талабгор - аттестатни олишга даъвогар бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси;
ваколатли ташкилот - Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси.
3. Суд бошқарувчилари талабгорларига аттестат бериш хизмати (кейинги ўринларда - хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали малака аттестатини беришга масъул бўлган ваколатли ташкилот томонидан кўрсатилади.
4. Марказ ва ваколатли ташкилот ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда - ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
5. Иқтисодий суд тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилидан келиб чиқиб қуйидаги турдаги суд бошқарувчиларини тайинлайди:
кузатув тартиб-таомилини амалга ошириш учун - муваққат бошқарувчи;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга ошириш учун - санация қилувчи бошқарувчиси;
ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга ошириш учун - ташқи бошқарувчи;
тугатиш ишлари тартиб-таомилини амалга ошириш учун - тугатиш бошқарувчи;
жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - молиявий бошқарувчи.
6. Суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси суд бошқарувчиси ҳисобланади ва у иқтисодий суд томонидан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолаш ва суд бошқарувчилари аттестат тоифаси ҳисобга олинган ҳолда:
кузатув ва жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини жорий этишда - кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади. Муваққат бошқарувчи номзоди кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилмаган тақдирда, у Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси ёхуд ваколатли ташкилот ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширишда - кредиторлар йиғилиши ёки қарздорнинг мажбуриятлари бўйича таъминот берган шахслар ёхуд Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширишда - кредиторлар йиғилиши ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда тўловга қобилиятсизликнинг ҳар қандай тартиб-таомилларини амалга оширишда - Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади.
7. Ваколатли ташкилот Агентлик томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолайди ва суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштиришни таъминлайди.
ТАЛАБГОРЛАРИГА МАЛАКА АТТЕСТАТИНИ
БЕРИШ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ
8. Суд бошқарувчилари талабгорларига малака аттестатини бериш хизмати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
Талабгор хизматдан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни йигирма тўрт соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли ташкилотга тушган ва ваколатли ташкилот томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
9. Талабгор ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровномани электрон равишда тўлдиради.
Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади.
10. Сўровномада қуйидагилар кўрсатилади:
ариза берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми (ўзгарган бўлса, бу ҳақида маълумотлар кўрсатилади);
паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса);
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
туғилган санаси;
яшаш манзили;
электрон почта манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами;
хизматдан фойдаланиш сабаби (аттестат олиш, аттестатни қайта расмийлаштириш, аттестат тоифасини ошириш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш).
11. Қуйидаги ҳужжатлар ваколатли ташкилот томонидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда сўраб олади:
олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари;
меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;
хорижий таълим муассасасида ўқиганини тасдиқловчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳақида маълумотлар (мавжуд бўлса);
суд бошқарувчисини тайёрлаш бўйича ўқув курсида ўқигани тўғрисидаги маълумотлар;
фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича адвокат лицензияси тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлса).
судлангани бекор бўлганлиги ёки олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот;
ариза кўриб чиқилгани учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи маълумот;
талабгорнинг паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари.
12. Суд бошқарувчиси қуйидаги асосий малака талабларига мос келиши зарур:
олий маълумотли бўлиши;
иқтисод, молия, бухгалтерия ҳисоби ёки аудит, солиқ маслаҳатчиси ёхуд ҳуқуқ соҳасида камида икки йил меҳнат стажига эга бўлиши;
ваколатли ташкилотда малака имтиҳонидан ўтиши.
Мазкур бандда кўрсатилган асосий талаблардан ташқари суд бошқарувчиларига қуйидаги қўшимча малака талаблари қўйилади:
ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - иккинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида икки марта суд санацияси ва (ёки) икки йил тугатишга доир ишларни юритиш тартиб-таомилини амалга оширишда суд бошқарувчиси сифатида меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида юқори даражадан тушмаган бўлиши ёки иккинчи тоифада суд бошқарувчиси сифатида ўн икки ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, хўжалик жамиятларида раҳбар ва бошқалар) лавозимида беш йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида юқори даражани қайд этган бўлиши;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - учинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида етарли даражадан тушмаган бўлиши ёки учинчи тоифада суд бошқарувчиси сифатида ўн икки ойдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, хўжалик жамиятларида раҳбар ва бошқалар) лавозимида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида етарли даражани қайд этган бўлиши;
кузатув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширувчиларга - тўртинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида ўрта даражадан тушмаган бўлиши ёки тўртинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида ўн икки ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (республика даражасидаги ташкилотларда бўлим бошлиғи ва бошқалар) лавозимларида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида ўрта даражани қайд этган бўлиши;
тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини ҳамда жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - иқтисод, молия, бухгалтерия ҳисоби ёки аудит, солиқ маслаҳатчиси ёхуд ҳуқуқ соҳасида икки йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш.
Аттестат тоифасини ошириш учун мурожаат қилган суд бошқарувчиси суд бошқарувчилари рейтингида уч чоракда кетма-кет паст даража қайд қилган бўлса, унинг амалдаги аттестати тоифаси оширилмайди ва у имтиҳонга қўйилмайди.
13. Уч йилдан кам бўлмаган узлуксиз иш стажига эга "фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш" ихтисослашувидаги адвокатлар суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курсида ўқимасдан, имтиҳонга киришга ҳақли.
Суд бошқарувчиси:
қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши;
бухгалтерия ҳисоби, мол-мулкни баҳолаш ва менежментга оид билимлар асосига эга бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосларини билиши;
қарздорни молиявий соғломлаштириш ва кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қондириш ечимларини топиши;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида профессионал билимларга эга бўлиши, уларни доимий равишда такомиллаштириши;
юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши - топширилган ишга виждонан муносабатда бўлиши, ўз фаолиятини амалга оширишда ижрочи, ташаббускор, интизомли, босиқ, эмоционал ва руҳий барқарор бўлиши зарур.
14. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
15. Сўровномани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда йиғим ундирилади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу бандда белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланади.
Хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўловлари Ягона биллинг тизими орқали тўланади.
16. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар - ваколатли ташкилотга;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
17 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,75 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (жумладан 0,5 фоизи - Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар - ваколатли ташкилотга ўтказилади.
17. Талабгор хизматдан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматдан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
18. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада ваколатли ташкилотга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборилади.
19. Ваколатли ташкилот сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.
20. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, ваколатли ташкилот талабгорга беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.
Бунда талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган бўлса, ваколатли ташкилот унинг шахсий кабинетига сўровномани қабул қилмаслик тўғрисида асослантирилган хабарнома юборади ёки талабгор Марказ орқали мурожаат этган бўлса, Марказ уни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Талабгор беш иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янги берилган деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.
21. Қуйидагилар талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилмаслиги учун асос бўлади:
талабгор ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
талабгорнинг судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судлангани олиб ташланмаганлик ҳолати аниқланганда;
талабгор томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган муддатда ҳужжатлар қайта тақдим этилмаганда.
Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
22. Ваколатли ташкилот томонидан талабгордан малака имтиҳонини олиш бўйича имтиҳон комиссияси тузилиши мумкин. Бунда имтиҳон комиссияси таркибига тегишли соҳадаги мутахассислар, нодавлат ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.
Ваколатли ташкилот томонидан имтиҳон комиссияси таркиби, унинг фаолияти тартиби ва тест саволлари тасдиқланади ҳамда тест саволлари жавоб вариантлари билан расмий веб-сайтида мунтазам тарзда жойлаштириб борилади.
23. Малака имтиҳони сўровнома ваколатли ташкилотга келиб тушган кундан бошлаб икки ойдан кечикмай имтиҳон шаклида ўтказилади.
24. Имтиҳон компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгор танлаган тилда 50 та тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.
Тест саволлари ва жавоблар вариантлари ваколатли ташкилот томонидан суд бошқарувчиларини ўқитиш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган махсус ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.
Тест саволларининг мазмуни ва жавоблар вариантлари тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида мунтазам равишда қайта кўриб чиқилади.
Имтиҳон ваколатли ташкилот томонидан экстерриториал тамойил асосида ўтказилиши мумкин.
25. Имтиҳон топшириш вақтида имтиҳон комиссиясининг камида икки аъзоси кузатувчи сифатида иштирок этади.
26. Имтиҳон якунлангандан кейин талабгор натижалар билан танишиб, кузатувчилар билан биргаликда имтиҳон натижалари бланкасини имзолайди.
27. Агар аттестат талабгори имтиҳон натижаларидан норози бўлса ёки натижалар бланкасини имзоламаса, бланка ваколатли ташкилотнинг кузатувчилари томонидан имзоланади. Ваколатли ташкилотнинг иштирок этган ходимлари томонидан имзоланган натижалар бланкаси имтиҳони натижаларини қайд этиш учун асос ҳисобланади.
28. Имтиҳон якунлари бўйича талабгор олинган натижалар асосида малака имтиҳонидан ўтган ёки малака имтиҳонидан ўтмаган деб тан олинади.
Имтиҳон натижалари баённома билан расмийлаштирилади ва ваколатли ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
29. Талабгор аттестат олиш ёки суд бошқарувчиси аттестати тоифасини ошириш ёхуд аттестатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тест саволларининг камида 70 фоизига тўғри жавоб берганда аттестациядан ўтган ҳисобланади.
Агар талабгор раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмаларида раҳбар ҳамда бошқалар) лавозимида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлса, учинчи тоифадаги аттестат олиш учун тест саволларининг камида 70 фоизига тўғри жавоб берганда аттестациядан ўтган ҳисобланади.
Иккинчи ва (ёки) учинчи тоифадаги аттестати мавжуд бўлган суд бошқарувчиси аттестати тоифасини ошириш учун такрорий тест имтиҳонидан ўтмаганда, унинг амалдаги тоифаси бир поғона пасайтирилади.
Малака имтиҳонининг натижалари имтиҳон ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида ваколатли ташкилотнинг веб-сайтида жойлаштирилади.
Ваколатли ташкилот малака имтиҳонининг натижалари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида ушбу Низомга 2 - 4-иловаларга мувофиқ шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган аттестатни расмийлаштиради.
Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиш муддати беш йил, ушбу муддат яна беш йил муддатга узайтирилиши мумкин.
30. Малака имтиҳонидан ўтмаган ёки аттестат тоифасини ошириш истаги бўлган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг белгиланган тартибда имтиҳондан ўтишга ёки аттестат тоифасини ошириш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Аттестат тоифасини ошириш учун талабгор имтиҳондан ўта олмаса, у тоифасини ошириш учун камида олти ойдан кейин такроран мурожаат қилиши мумкин.
31. Малака имтиҳони топшириш якунларига кўра талабгор имтиҳондан ўтмаган тақдирда, талабгор навбатдаги имтиҳонга фақат суд бошқарувчиларини тайёрлаш дастури бўйича ўқув курсида белгиланган тартибда такроран ўқигандан кейин қўйилади.
Талабгор имтиҳон натижалари юзасидан охирги имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб, бир ой мобайнида апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Талабгор асосли эътирозлари баён қилинган апелляцияни ваколатли ташкилот раҳбари номига беради. Апелляцияни кўриб чиқиш муддати у берилган кундан бошлаб уч кундан ошмаслиги керак. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси баённома билан расмийлаштирилади.
32. Суд бошқарувчиси аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида Агентликнинг қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч йил давомида малака имтиҳонидан қайта ўтишига йўл қўйилмайди, суд бошқарувчисининг аризаси асосида унинг аттестатининг амал қилиши тўхтатилган (бекор қилинган) ҳоллар бундан мустасно.
33. Суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият ваколатли ташкилот томонидан қуйидаги тўрт тоифага мувофиқ берилган аттестат асосида амалга оширилади:
кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - биринчи тоифадаги аттестат;
кузатув, суд санацияси, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - иккинчи тоифадаги аттестат;
кузатув, тугатишга доир иш юритиш, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - учинчи тоифадаги аттестат;
юридик шахслар тўловга қобилиятсизлигининг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - тўртинчи тоифадаги аттестат.
34. Малака имтиҳонига қўйилиши рад этилган талабгор Марказ ёки ЯИДХП орқали рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг ўн иш кунида қайта сўровнома бериши мумкин.
Такрорий топширилган ҳужжатлар кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди.
Камчиликлар бартараф этилгани ҳақидаги сўровнома олинган кундан бошлаб уч иш куни давомида ваколатли ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар такроран кўриб чиқилади.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли ташкилот томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.
35. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида белгиланган имтиҳон санасидан беш кун олдин жойлаштирилади.
36. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида белгиланган имтиҳон санасидан ўн кун олдин жойлаштирилади.
37. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
38. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга хизмат кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Ҳужжатлар мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
39. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда овозли видеотасвирга туширилади, видеотасвир ваколатли ташкилотда камида бир йил мобайнида сақланади.
Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун ваколатли ташкилот малака имтиҳонларини ташкил этган ҳолда, алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
40. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
малака имтиҳони хонасидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синови ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.
41. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаат умумий тартибда кўриб чиқилади.
42. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида ваколатли ташкилотнинг буйруғи билан тасдиқланади ҳамда ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
43. Талабгорнинг тест жавоблари ҳамда малака имтиҳони якунлари бўйича тузилган баённомалар ваколатли ташкилотда сақланади.
44. Ваколатли ташкилот малака имтиҳонининг натижалари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака аттестатини расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) орқали юборади, ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида юридик кучга эга бўлади.
45. Ваколатли ташкилот малака аттестатини расмийлаштиради ҳамда уни суд бошқарувчилари реестрига киритиш учун бир иш кунида Агентликка идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали юборади.
46. Марказ малака аттестати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ҳамда талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
3-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
47. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида ваколатли ташкилотга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ЯИДХП орқали тақдим этилади.
Ваколатли ташкилот ўн иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ЯИДХП орқали хабар беради.
48. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ваколатли ташкилот қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорни такроран малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида.
49. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
50. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.
51. Ваколатли ташкилот томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.
Бунда малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани аниқланган тақдирда, апелляцияга берган талабгор учун малака имтиҳони такроран ўтказилишини инобатга олган ҳолда, малака имтиҳони такроран бепул ўтказилади.
52. Ўтказилган бир малака имтиҳони юзасидан такроран апелляция берилмайди.
53. Ваколатли ташкилотнинг қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.
4-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИСИ МАЛАКА
АТТЕСТАТИНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ
ВА УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ
УЗАЙТИРИШ
54. Малака аттестатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор малака аттестатини қайта расмийлаштириш учун ваколатли ташкилотга ўн иш куни ичида, Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
55. Малака аттестатини қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
56. Ваколатли ташкилот талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака аттестатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 32-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни ваколатли ташкилотнинг веб-сайтига жойлаштиради.
57. Ваколатли ташкилот малака аттестатини қайта расмийлаштирганидан сўнг уч иш кунида бу ҳақида суд бошқарувчилари реестрига тегишли ўзгартириш киритиш учун Агентликни хабардор қилади.
Амал қилиш муддати чекланган малака аттестатини қайта расмийлаштиришда илгари берилган малака аттестатининг амал қилиш муддати ўзгармайди.
58. Малака аттестатини қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.
59. Малака аттестатининг амал қилиш муддати талабгорнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.
60. Талабгор малака аттестатининг амал қилиш муддати тугашига қадар ваколатли ташкилотга, Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
61. Малака аттестати муддатини узайтирганлик учун ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, Паспортларда белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Тўловлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
62. Талабгор хизматдан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматдан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
63. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўн дақиқада ваколатли ташкилотга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборилади.
5-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ РЕЕСТРИ
64. Агентлик Суд бошқарувчилари реестрини юритади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
малака аттестати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи маълумотлар (ЖШШИР маълумотлари), яшаш манзили;
иш жойи (мавжуд бўлса);
боғланиш учун маълумотлар;
малака аттестатининг ҳисобга олиш серияси, рақами, берилган санаси;
малака аттестати тоифаси ёки тури;
малака аттестатининг амал қилиш муддати (агар аниқ муддатга берилиши назарда тутилганда);
малака аттестатининг амал қилиш муддати узайтирилгани, амал қилиши тўхтатилгани, бекор қилингани ва қайта расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар.
Реестр электрон шаклда юритилади.
Реестр шакли Агентлик томонидан тасдиқланади.
65. Реестрга киритилган, талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар улар билан танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, Агентлик ва ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
66. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари суд бошқарувчиси томонидан ўз вазифаларига риоя этилишини назорат қилади.
67. Агентлик ўз ваколатлари доирасида:
суд бошқарувчиси фаолиятини қонунчиликка мувофиқ текшириш;
текширишлар ўтказишда пайдо бўладиган масалалар юзасидан суд бошқарувчисидан зарур тушунтиришлар ва материалларни сўраш;
текширишлар натижаларига асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;
суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш ҳамда уларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
суд бошқарувчисини огоҳлантириш;
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) ёки тўхтатиб туриш;
суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
68. Суд бошқарувчиси Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан текширишлар ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаши, шу жумладан, зарур ахборот ва материалларни тақдим этиши шарт.
Суд бошқарувчиси унинг фаолиятини текшириш жараёнида ваколатли ташкилот ёки унинг ҳудудий бўлинмаси ходими кузатувчи сифатида иштирок этишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
69. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида:
қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари мониторингини юритади;
қонунчиликка мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилади;
қонунчиликка мувофиқ суд бошқарувчиси фаолиятини текширади;
қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари ҳақида керакли бўлган маълумот ва материалларни суд бошқарувчисидан сўраб олади;
текширишлар натижалари асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатнома тузади ва Суд бошқарувчилари аттестация комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади;
суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
7-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ АТТЕСТАЦИЯ
КОМИССИЯСИНИНГ ИШ ФАОЛИЯТИ
70. Суд бошқарувчилари аттестация комиссияси (кейинги ўринларда - Аттестация комиссияси) суд бошқарувчилари фаолиятини кўриб чиқувчи коллегиал орган ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби Агентлик томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига Агентлик раҳбар ходимлари, Солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Ўзбекистон суд бошқарувчилари ваколатли ташкилот раиси (келишувга кўра) киритилади.
71. Аттестация комиссияси таркиби раис, бир нафар раис ўринбосари, тўрт нафар аъзо ва комиссия котибидан иборат бўлади. Комиссия котиби овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Агентлик директорининг ўринбосари лавозимига кўра аттестация комиссияси раиси ҳисобланади.
72. Аттестация комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ва кўрсатмалари мазкур Низомга мувофиқ суд бошқарувчилари учун мажбурий ҳисобланади.
73. Аттестация комиссиясининг мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади. Аттестация комиссияси раиси унинг мажлисларини ўтказади, баённомаларни ва бошқа ҳужжатларини имзолайди. Аттестация комиссияси раиси йўқлигида, унинг ваколатларини ушбу комиссия раисининг ўринбосарларидан бири амалга оширади. Аттестация комиссияси котиби комиссия мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
Аттестация комиссияси мажлиси зарурат бўлганда, комиссия раисининг рухсати билан масофадан туриб онлайн тарзда ўтказилиши мумкин.
74. Аттестация комиссияси мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади ва унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатга эга бўлади.
75. Аттестация комиссиясининг қарорлари Аттестация комиссияси мажлисида қатнашадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади.
76. Аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш (санаси, жойи ва вақти) тўғрисида Аттестация комиссияси аъзоларига комиссияси котиби томонидан хабар берилади.
Аттестация комиссияси мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси мажлис бошланишидан камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади. Агар суд бошқарувчиси хабардор қилинган бўлиб мажлисга келмаган бўлса, Аттестация комиссияси ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқиши мумкин.
77. Аттестация комиссияси суд бошқарувчиси томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади.
78. Аттестация комиссияси суд бошқарувчиси томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилади. Қуйидагилар суд бошқарувчилари томонидан содир этилган қонун бузилиши юзасидан ишнинг кўрилиши учун асос ҳисобланади:
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари назорат қилиш бўйича ўз ваколатларини амалга оширишда суд бошқарувчилари фаолиятида қонун бузилиши аломатлари тўғрисидаги маълумот ва текшириш далолатномалари;
давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тушган ахборот, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятлари, оммавий ахборот воситаларидаги қонун бузилиш аломатлари тўғрисидаги маълумотлар ва хабарлар;
суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан суд бошқарувчиси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани тўғрисидаги хабарлар, тақдимнома ва хусусий ажримлар.
79. Ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси иш материаллари билан танишишга ва улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, ишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга, илтимосномалар тақдим этишга ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
80. Аттестация комиссияси ишни кўриш натижалари бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқлаган ҳолларда, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма юбориш ёки суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда мазкур қарорни Агентликка киритади.
81. Агентлик суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилиши тўғрисида Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва иқтисодий судни ёзма равишда хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида иқтисодий судга аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилган суд бошқарувчисининг ўрнига номзодни тақдим этади.
82. Агентлик иқтисодий суд томонидан янги тайинланган суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма беради.
83. Агентликнинг ҳудудий бошқармаси ваколатли ташкилотнинг ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда суд бошқарувчисининг аттестатини тиклаш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида Аттестация комиссиясига кўриб чиқиш учун таклиф киритади.
84. Аттестация комиссиясининг қарори суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тиклаш ёки тўхтатишга (бекор қилишга) асос бўлади.
85. Суд бошқарувчилари томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш натижалари Аттестация комиссияси баённомаси билан расмийлаштирилади.
86. Агентликнинг қарори (кўрсатмаси) ишда иштирок этувчиларга иш бўйича қарор (кўрсатма) чиқарилган кундан бошлаб уч кун ичида юборилиши керак.
87. Суд бошқарувчиси кўрсатмада белгиланган муддатда қонун бузилиши ҳолатларининг бартараф этилгани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи далиллар билан бирга Агентликка тақдим этиши лозим.
8-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИСИ АТТЕСТАТИНИНГ
АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ
ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ
88. Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
суд бошқарувчисининг аризаси;
суд бошқарувчиси ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари ёки малака аттестати талабларини бузганда;
суд бошқарувчиси томонидан Агентликнинг унинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатмаси бажарилмаганда.
89. Аттестатнинг амал қилиши Агентлик томонидан тўхтатиб турилади. Аттестатнинг амал қилиши Агентлик томонидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Талабгор ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган аттестатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Агентлик белгилаган муддатда бартараф этмаганда, Агентлик аттестатни бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
90. Агентликнинг аттестат амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича бир иш куни ичида суд бошқарувчиси хабардор қилинади ва аттестатнинг амал қилиши тўхтатиб турилгани ҳақида Агентлик томонидан юритиладиган Суд бошқарувчилари реестрига тегишли ёзув киритилади.
91. Аттестатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда Агентликнинг қарорига биноан бекор қилинади:
суд бошқарувчиси аттестатини амал қилишини бекор қилиш бўйича мурожаат қилганда;
аттестат бериш тартиби бекор қилинганда;
суд бошқарувчисининг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
суд бошқарувчиси вафот этганда;
суд бошқарувчиси томонидан Агентликка аттестатининг амал қилишини бир йилгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур муддат давомида аттестатининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида Агентликка мурожаат қилинмаган тақдирда.
92. Агентлик қуйидаги ҳолларда аттестатнинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Агентлик белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
ваколатли ташкилотнинг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
суд бошқарувчиси қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
суд бошқарувчиси аттестати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланганда.
93. Агентликнинг суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори ёхуд мазкур Низомнинг 62-бандида назарда тутилган асосларда Агентлик томонидан суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, аттестатининг амал қилиши бекор бўлган шахс иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
94. Агентликнинг суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида аттестати амал қилиш бекор бўлган шахс хабардор қилинади ва унинг аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилгани ёки бекор қилинганлиги ҳақида Агентлик томонидан юритиладиган Суд бошқарувчилари реестрига тегишли ёзув киритилади.
95. Марказ ва ваколатли ташкилот ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
96. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Марказ ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.
97. Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
98. Суд бошқарувчиларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонуни ва ушбу Низомда назарда тутилган ҳолларда тўхтатилади.
99. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
100. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
1-ИЛОВА
Суд бошқарувчилари талабгорларини
малака имтиҳонидан ўтказиш ва уларга малака
аттестатини бериш хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
|
Субъектлар
|
Тадбирлар
|
Муддатлар
|
|||
1-босқич |
Талабгор |
Малака аттестатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади.
|
Ўз хоҳишига кўра |
|||
2-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли ташкилотга юборади.
|
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ўн дақиқа мобайнида |
|||
ЯИДХП |
2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборади.
|
Аниқ вақт режимида |
||||
3-босқич |
Ваколатли ташкилот |
1. Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
|
Паспортларнинг 6-бандида белгиланган муддатларда |
|||
2. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхатини ваколатли ташкилотнинг веб-сайтида жойлаштиради.
|
Имтиҳон санасидан беш кун олдин |
|||||
4-босқич |
Ваколатли ташкилот |
Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг, малака аттестатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
|
Уч иш куни муддатда |
|||
5-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Малака аттестатини талабгорнинг электрон манзилига юборади, бу ҳақида талабгорни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
|
Ўн дақиқа муддатда |
|||
2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.
|
Талабгор сўровига кўра |
2-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ ___________-тоифали |
СУД БОШҚАРУВЧИСИНИНГ АТТЕСТАТИ |
-сон |
|
Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг |
20___ йил ___ ________даги ____-сон буйруғига биноан |
|
Фамилияси: |
Исми: |
Отасининг исми: |
Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами: |
|
СУД БОШҚАРУВЧИСИ |
аттестати берилди |
|
Мазкур суд бошқарувчиси аттестати унинг эгасини: |
сифатида тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади. |
|
Берилган сана: |
Амал қилиш муддати: |
Ваколатли шахс: |
|
QR-код |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 30 декабрь

Наша страница