Полезное для бухгалтера в ноябре:
Аудитнинг халқаро стандартлари текширувлар амалиётида нималарни ўзгартиради
Аудитнинг халқаро стандартларини (АХС) тан олиш тартиби тўғрисида янги низом яқин вақтда аудитни қандай ўзгартиради ва бизнес нимага тайёрланиши керак? Buxgalter.uz илтимосига биноан бу ҳақда “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА сўзлаб берди:
– Тартиб 2021 йил 25 февралдаги ЎРҚ-677-сон Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ тасдиқланган. Умуман, бу узоқ кутилган ҳужжатдир. У аудитнинг халқаро стандартларини амалиётга янада фаол ва самарали жорий этиш учун ҳуқуқий асосни яратади. У нималарни ўзгартиради?
Биз учун одатий бўлган Аудитнинг миллий стандартлари ва АХСни таққослаймиз. Бироқ бу Аудитнинг миллий стандартлари - ёмон дегани эмас. Бозор муносабатларига ўтишнинг дастлабки босқичларида улар вазифаларини муваффақиятли уддалашди. Кейинчалик ривожланишга эса Халқаро стандартлар ёрдам беради, улар аудитни ташкил этиш ва ўтказишга энг яхши, вақт давомида текширилган ёндашувларни, сифат назоратини, таҳлилий текширувлар, топшириқларнинг стандартларини ўз ичига олган. Буларнинг ҳаммаси ички ва ташқи инвесторлар учун аудиторлик хулосаларининг ишончлилигини оширади.
Халқаро стандартлар корхонани синчиклаб пухта ўрганишни назарда тутади. Ушбу мақсадларда, айниқса йирик корхоналар аудитида махсус компьютер дастурларини қўллаш амалиёти жиддий кенгайтирилади. Дастурлар муҳим нарсаларни эътибордан қочирмасликка, ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя қилишга, маълумотларнинг бир қисмини таҳлил қилишни автоматлаштиришга ёрдам беради. Бу - аудитор иши сифатини ўзига хос тарзда назорат қилиш.
Текширувлар анча батафсил бўлади. Албатта, бу кимгадир ёқмайди, лекин бунга тайёр бўлиш керак.
Ҳар қандай аудиторлик текширувининг мақсади:
- ташкилотнинг фаолиятини қонунчиликка мувофиқ йўлга қўйишга ёрдам бериш;
- бизнес учун хавф-хатарларни камайтириш;
- тадбиркорга инвесторлар учун анча тўлиқ ва муҳим бўлган маълумотларни тўплаш ва тақдим этишда ёрдам бериш ҳисобланади.
– Корхонада янги мажбуриятлар ва чиқимлар пайдо бўлдими?
– Текширилаётган субъектдан, аввалгидек, аудиторларга аудиторлик текширувини ўтказиш шартномасида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаши талаб қилинади.
Тадбиркорларнинг аудиторлик текширувига бўлган муносабати ўзгаришини хоҳлардик. Бугунги кунда кўпчилик қонун буни талаб қилгани учун текшириш учун пул тўлайди. Ва шу билан аудиторлик текширувининг “миссияси” тугайди... Лекин тадбиркор бу харажатлар унинг бизнеси манфаати учун қандай ишлашини тушуниши керак. Аудиторлик хулосаларида - хатолар ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун корхонада қандай масалаларга биринчи навбатда эътибор бериш кераклиги ҳақида талай йўл-йўриқлар мавжуд.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади