Ипотекани сўндиришда ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланилади

preview

“Ходим (35 ёш) 2022 йилда бирламчи бозорда квартира сотиб олди. Квартиранинг қиймати – 490 млн сўм. Бошланғич бадал – 76 млн сўмни – у ўз маблағларидан, 60 млн сўмни – бюджетдан субсидия ҳисобидан, қолган 354 млн сўмни – банк кредити ҳисобидан тўлади”. 

Корхона СКнинг 378-моддаси 16-банди бўйича имтиёзни ходимнинг ипотека кредитини ва у бўйича фоизларни сўндиришга йўналтирилган иш ҳақи суммасига қўллаши мумкин ёки мумкин эмаслигини buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ тушунтирди:


2022 йилда имтиёзни қўллаш мумкин эмас

– 2022 йилда жисмоний шахсларнинг  ипотека кредити ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни сўндириш учун йўналтириладиган жами 15 млн сўмгача иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммасига йил мобайнида ЖШДС солинмаган .

Имтиёзни қўллаш шартлари:

1) якка тартибдаги уй-жой ёки квартиранинг қиймати 300 млн сўмдан ошмайди;

2) уй-жой дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан субсидия ажратилганлигини ҳисобга олган ҳолда сотиб олинган.

Бунда ёш оилаларга имтиёз уй-жой қиймати ва бюджет субсидияси бўйича шартлар ҳисобга олинмаган ҳолда қўлланилган.

Ёш оила – бу :

  • эр-хотиннинг иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила

ёки

  • фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл).

Ходимнинг ёши 30 дан ошганлиги боис, корхона ёш оила сифатида ЖШДС бўйича имтиёзни уй-жой қийматини ҳисобга олмаган ҳолда қўллашга ҳақли эмас.

Ходим томонидан сотиб олинган квартиранинг қиймати 300 млн сўмдан ошганлиги боис, 2022 йилда ҳам имтиёзни қўллаш мумкин эмас.

 

2023 йилдан бошлаб имтиёзни қўллаш мумкин

2023 йилдан бошлаб ушбу имтиёз уй-жой қиймати бўйича шартларсиз қўлланилади. Лекин ипотека кредити бўйича асосий қарз ва фоизларнинг максимал имтиёзли суммаси календарь йил давомида МҲЭКМнинг 80 бараваригачани ташкил этади. Бунда дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан субсидия ажратилиши шарти сақлаб қолинган .

Ёш оилаларга нисбатан имтиёз бюджетдан субсидия ажратилиши шартисиз қўлланилади. Ёш оилаларни аниқлаш мезонлари ўзгармаган.

Ходим бюджетдан субсидия олганлиги боис, корхона унинг 2023 йилдан бошлаб кредит ва фоизларни сўндириш учун йўналтириладиган даромадларига нисбатан календарь йил мобайнида МҲЭКМнинг 80 баравари доирасида имтиёзни қўллашга ҳақли.

Эътибор беринг
Имтиёз қарз олувчи ва (ёки) бирга қарз олувчиларга ҳам татбиқ этилади, башарти уларнинг жами солиқ солинмайдиган даромадлари белгиланган миқдордан ошмаса.

Агарда 2023 йил 1 январдан кейин ипотека кредити ҳисобидан сотиб олинган, қурилган ёки реконструкция қилинган турар жой кўчмас мулки  кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг 36 ой ичида бошқа шахсга ўтказилса :

1) солиқ имтиёзининг амал қилиши бекор қилинади;

2) солиқни тўлаш бўйича мажбурият имтиёз қўлланган бутун давр учун тикланади.

 

ЖШДС бўйича имтиёзлар ҳақида қуйидаги тавсияда батафсил ўқинг:

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /en/publish/doc/text188253_ipotekani_sundirishda_jshds_buyicha_imtiez_qanday_qullaniladi