Полезное для бухгалтера в ноябре:
Доимий муассаса ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида маълумотномани қандай қилиб тезроқ олиш мумкин
“Доимий муассаса Ўзбекистонда ўз фаолиятини якунлади, сабаби барча шартнома мажбуриятлари тўлиқ ҳажмда бажарилди. Қандай муддат давомида солиқ органлари ҳисобдан чиқарилганлик тўғрисида маълумотномани бериши керак? Ариза берилган пайтдан эътиборан бир ойдан ортиқ вақт ўтди, солиқ органида эса биз қачон мазкур ҳужжатни олишимизни ҳеч ким аниқ айтиб беролмаяпти”.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди. Эксперт ушбу вазиятдаги кўп муаммоли жиҳатлар ваколатли органларнинг эътиборини талаб қилади, деб ҳисоблайди:
– Чет эл корхоналарининг доимий муассасалари ва алоҳида бўлинмалари фаолиятини якунлаганидан сўнг солиқ органларида солиқ ҳисобидан чиқарилганлиги тўғрисида маълумотнома олиши керак. Ушбу ҳужжат моҳиятига кўра, улар фаолиятининг якуни ҳисобланади. У мазкур муайян хўжалик юритувчи субъект ўзининг барча шартнома мажбуриятларини бажарганлиги ва тегишли барча солиқлар ва йиғимларни тўлаганлигини тасдиқлайди.
Бундай маълумотнома солиқ тўловчи қуйидаги шартларни бажарган тақдирда 1 иш куни ичида берилиши керак :
1) Солиқ кодексида белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбуриятини тўлиқ сўндирган. Солиқ қарзи – мавжуд эмас;
2) фаолиятини доимий муассаса ёки алоҳида бўлинма орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини ёпган (улар мавжуд бўлган тақдирда) ва бу Марказий банк томонидан солиқ органига электрон шаклда юборилган ахборот асосида тасдиқланади.
Бунда Чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳамда алоҳида бўлинмаларини ДСХОда ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилганлиги қандай тасдиқланган бўлиши кераклигини аниқ ойдинлаштирмайди.
Буни фақат солиқ текшируви натижасида тасдиқлаш мумкин. Мазкур ҳолда тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатишдаги каби айнан шундай муаммоларга дуч келамиз, бунда солиқчиларнинг ўзлари юқори даражада бандликлари боис муддатлар чўзилиб кетаётганлигини тушунтиришади.
Фақат ДМ ва алоҳида бўлинмалар билан боғлиқ вазиятда бу бирмунча мураккаброқдир. Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тўғрисида низомда солиқ органи хабардор қилинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида текширувни тайинлаши кераклиги белгиланган. Агар ушбу муддат ўтказиб юборилса, юқори турувчи солиқ органи ёки судга шикоят билан бориш мумкин бўлган далиллар пайдо бўлади. Доимий муассасалар ва алоҳида бўлинмаларда ушбу муддат ҳам ёзилмаган.
Ҳаммаси жуда ноаниқлиги маълум бўлади, бу қандай амалга оширилиши, муддатлар ва албатта назорат қилишни тушуниш нуқтаи назаридан бу жараённи жуда мураккаблаштиради.
Мазкур вазиятда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига амал қилиш ўринли бўлади. Агар 15 иш куни мобайнида сизнинг мурожаатингизга муносабат билдирилганлиги юзасидан ҳеч қандай аломат бўлмаса, фаолликни намоён қилиш керак. Солиқ инспекциясида аризангиз кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборотни талаб қилиб олинг.
Агар “иш кўп”, “улгурмаяпмиз” ва ҳоказо қабилидаги жавоб берилса – ариза билан инспекция бошлиғига мурожаат қилинг, агар натижа бўлмаса, шикоят билан Солиқ қўмитасига мурожаат қилишдан маъно бўлади.
Қоидага кўра, тиришқоқлик масалани кўриб чиқишнинг боришини жадаллаштиради. Агар шикоят ёрдам бермаса, прокуратурага мурожаат қилинг.
Муаммони тизим даражасида қандай ҳал қилиш мумкин
Назаримда, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун қонунчиликни такомиллаштириш керак:
1) Чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳамда алоҳида бўлинмаларини ДСХОда ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламентида солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилганлиги ҳолати айнан қандай тасдиқланишини аниқ ёзиш керак. Агар бу – солиқ текшируви бўлса, у тайинланиши ва ўтказилиши керак бўлган муддат мажбурий тартибда белгиланиши керак;
2) ДМ ва алоҳида бўлинмаларни ёпишда уларда СКда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилганлиги ва солиқ қарзининг мавжуд эмаслиги камерал солиқ текшируви асосида белгиланишини ўрнатиш лозим. Солиқ текширувининг мавжуд эмаслиги уларни рўйхатдан чиқариш учун белгиланган ярим йиллик муддатнинг узайтирилишига сабаб бўлмаслиги учун худди шу амалиётни тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.
Камерал текширув – бу солиқ органларидан юкламани камайтирадиган анча самарали восита деб ҳисоблайман, сабаби бу ҳолда турли манбалардан олинган маълумотлар таҳлил қилинади. Солиқчилар ҳам бунда фақат камерал текширув натижалари бўйича жойида аниқлаштиришни талаб қиладиган кўп масалалар ва номувофиқликлар аниқланган тақдирда жисмонан объектга чиқишлари мақсадга мувофиқдир.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади