Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илова қандай тўлдирилади

preview

“Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи   ўзининг ҳисобрақамига келиб тушган пул маблағлари бўйича маълумотлар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида кўрсатилган даромадга тўғри келмаётганлиги ҳақида хат олди. Солиқ органи Ҳисоб-китобни қайта топшириш ёки юзага келган фарқни асослашни сўрамоқда.

Солиқ тўловчи нима қилиши керак?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан бундай хат олгандан сўнг қандай ҳаракат қилишни “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ тўловчилар кўпинча солиқ органидан шундай мазмундаги хат олишади. Хат учун асос – солиқ тўловчининг ҳисобрақамига келиб тушган пул маблағлари ҳақида банкдан олинган ахборот. Солиқ органи банк маълумотларини солиқ тўловчининг ҳисоботидаги кўрсаткичлар билан солиштиради.

Агар сиз шундай хат олган бўлсангиз:

1. Ҳисобрақамига келиб тушган пул маблағларини таҳлил қилинг. Солиқ даври мобайнида солиқ тўловчининг ҳисобрақамига турли тушумлар келиб тушиши мумкин, масалан:

  • буюртмачи ёки харидордан бўнак (олдиндан тўлов);
  • таъсисчидан пулли ҳисса;
  • пул қарзини олиш ва қайтариш;
  • қарздорликни (илгари реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар учун) тўлаш ва ҳоказо.

2. СКнинг 304 ва 464-моддаларида келтириб ўтилган солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган даромадлар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-иловада акс эттирилган ёки эттирилмаганлигини текширинг. Агар акс эттирилмаган бўлса, мазкур иловани тўлдириш лозим.

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-иловани қандай тўлдиришни амалиётда кўп учрайдиган мисолларда кўриб чиқамиз.

Эслатиб ўтамиз
Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби ва унга илова солиқ даври мобайнида ўсиб борувчи якун билан тўлдирилади.

 

Таъсисчи устав фондига қўшимча ҳисса киритди

Бундай тушумлар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 020-сатрида кўрсатилади.

Вазият

Жамиятнинг ягона таъсисчиси унинг УФни қўшимча ҳисса ҳисобига кўпайтиришга қарор қилди ва ҳисобрақамига 50 млн сўм киритди.

Устав фондига (устав капиталига) ҳисса тарзида олинган маблағлар

020

50 000 000,00

 

Юклаб жўнатилган товарлар учун маблағлардан ташқари, корхона ҳисобот даврида келгусида етказиб беришлар ҳисобига бўнак тўловларини ҳам олди

030-сатрда жорий солиқ даврида харидорлардан келиб тушган, ҳали ҳисобга олинмаган ёки қайтарилмаган бўнаклар акс эттирилади.

Вазият

Ҳисобот даврида корхонанинг ҳисобрақамига товар учун бўнак тарзида 485 млн сўм миқдорида пул маблағлари келиб тушди. Ҳисобот даври учун юклаб жўнатиш 420 млн сўмни ташкил этди. Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 030-сатрида 65 млн сўмни (485 – 420) кўрсатиш лозим:

Бошқа шахслардан реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) учун олдиндан тўлов (бўнак) тарзида олинган маблағлар

030

65 000 000,00

 

Лизинг компанияси лизинг объектининг қиймати ўрнини қоплаш ва фоизли даромаддан иборат лизинг тўловини олди

Одатда лизингга олувчилар лизинг объектининг қиймати ўрнини қоплаш ва фоизли даромад суммаларини битта тўлов билан ўтказишади. Лизингга берувчи учун лизинг объектининг қиймати ўрнини қоплаш суммаси даромад ҳисобланмайди .

Шу боис лизинг тўлови суммасидан лизинг объектининг қиймати ўрнини қоплаш суммасини ажратиш ва уни Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 080-сатрида кўрсатиш керак.

Вазият

Лизинг компанияси саноат корхонасига қиймати 600 млн сўм бўлган ускунани лизингга берди. Лизинг контракти йиллик 10% тўлаш шарти билан 5 йилга тузилган. Лизинг тўловлари ҳар ойда тенг улушларда тўланади.

Лизингга олувчи ҳар ойда лизингга берувчига 11 млн сўм тўлайди, шундан:

  • 10 млн сўм – қоплаш суммаси;
  • 1 млн сўм – фоизли даромад.

Лизинг объектининг ўрнини қоплаш корхонанинг даромади ҳисобланмайди, шу боис унинг чораклик суммасини (10 млн сўм х 3 ой) Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 080-сатрида кўрсатиш лозим:

Молиявий ижара (лизинг) объектининг қиймати ўрнини ижарага берувчи (лизинг берувчи) томонидан олинган ижара (лизинг) тўловининг қисми тарзида қоплаш

080

30 000 000,00

 

Корхона қарз олди ёки унга илгари берилган қарзни қайтаришди

Қарз шартномаси бўйича келиб тушган маблағлар суммасини Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 100-сатрида кўрсатиш лозим.

Фақат қайтариладиган жалб қилинган маблағлар даромад ҳисобланмайди . Агар сиз қайтарилмайдиган молиявий ёрдам олган бўлсангиз, уни жами даромадга киритиш лозим .

Вазият

Корхона ишлаб чиқариш линиясини кенгайтиришга қарор қилди ва бунинг учун йиллик 10% билан 200 млн сўм миқдорида қарз маблағларини жалб қилди.

Қарз маблағлари даромад ҳисобланмаганлиги сабабли улар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг 100-сатрида кўрсатилиши лозим.

Кредит ёки қарз шартномалари бўйича маблағлар ёки бошқа мол-мулк (маблағ жалб қилишни расмийлаштириш усулидан қатъи назар, бошқа шундай маблағлар ёки бошқа мол-мулк, шу жумладан қарз қимматли қоғозлар), шунингдек бундай жалб қилинган маблағларни тўлаш ҳисобидан маблағлар ёки бошқа мол-мулк

100

200 000 000,00

Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариш шарти билан молиявий ёрдам) олиш чоғида қарз олувчининг даромади қарз (қайтариш шарти билан молиявий ёрдам) олиш санасида Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

 

3. Агар сизда СКнинг 304 ва 464-моддаларида келтириб ўтилмаган тушумлар бўлса, бироқ ўз моҳиятига кўра солиқ солинадиган даромадлар жумласига киритилмаса, уларни Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 5-илованинг бўш 120-сатрида кўрсатиш мумкин деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ушбу сатрда кўрсатилган сумма тўғрисида ахборотни ёритиб берган ҳолда, солиқ органига хат юборинг.

Мисол

Юридик шахсда солиқ даври бошида кўрсатилган хизматлар учун дебиторлик қарзи мавжуд бўлган. Буюртмачи жорий йилда қарздорликни сўндирди.

Юридик шахс учун бу даромад эмас, сабаби ушбу сумма ўтган йилда солиқ солинадиган базага киритилган. Аммо солиқ органи мазкур фактни таҳлил қилмайди, у умуман барча тушумларни кўради. Шу боис, хатда сўралаётган давр мобайнида ўтган йил қарздорлигини сўндириш учун қанча пул маблағлари келиб тушганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (ҳисобварақ-фактура, банк кўчирмаси) илова қилган ҳолда кўрсатиш лозим.

 

 

 

 

Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ /en/publish/doc/text193679_aylanmadan_olinadigan_soliq_hisob-kitobiga_5-ilova_qanday_tuldiriladi