Полезное для бухгалтера в ноябре:
Хориждан пул ўтказмаларига қандай солиқлар солинади
2023 йилда хориждан пул ўтказмаларини олган жисмоний шахсларга солиқчилар ушбу тушумлар суммасига солиқ ҳисоблаш тўғрисида хабарнома йўллашди. Бу талай саволлар туғдирди. Улар орасида кенг тарқалганлари: “Солиқчилар ахборотни қаердан олишди ва нима учун банк сири тўғрисидаги қонун ишламаяпти?”, “Хориждан пул ўтказмаларига солиқлар солинадими?”.
Солиқ қўмитаси ушбу саволларга жавобларни тақдим этди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА солиқчиларнинг хулосасига рози бўлмаганингизда нима қилиш кераклиги ҳақида гапириб берди.
Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Солиқ қўмитаси тушунтирди:
“Тижорат банклари жисмоний шахснинг ҳисобрақамига хориждаги чет эл юридик шахсидан пул маблағлари келиб тушганлиги тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни солиқ органларига тақдим этади .
Жисмоний шахс пул маблағларини жисмоний шахсдан олган бўлса, ушбу даромадларга солиқ солинмайди ва жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация тақдим этилмайди .
Агар жисмоний шахс чет эл юридик шахсидан даромадлар олган бўлса, ушбу даромадларга декларация асосида солиқ солиниши лозим, уни 1 апрелга қадар тақдим этиш зарур .
Солиқ тўловчи ушбу даромадлар бўйича декларацияни 1 апрелга қадар бўлган муддатда тақдим этмаса, солиқ органи ўзида мавжуд ахборот асосида солиқни ҳисоблаш ва бу ҳақда солиқ тўловчини хабардор қилишга ҳақли. Ҳисобланган солиқ тўғрисида батафсил ахборот билан хабарнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетида мавжуд. Солиқ 1 июнга қадар тўланади .
Агар солиқ тўловчи ҳисобланган солиқ суммасига рози бўлмаса ва унда асословчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, у my3.soliq.uz сайти орқали ушбу ҳужжатларни илова қилган ҳолда декларация бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этиши лозим”.
Гулнора ЭРГАШЕВА:
– Солиқ қўмитаси солиқчиларнинг юридик шахслардан хорижий ўтказмаларга нисбатан ҳаракатларининг қонунийлигини тасдиқловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни келтирган ҳолда ўз ҳаракатларини асослаб берди. Аммо менга маслаҳат юзасидан мурожаат қилганлар орасида солиқчиларнинг маълумотлари хато эканлиги, улар юридик шахслардан пул ўтказмаларини олмаганликлари, бу жисмоний шахснинг пули эканлигини таъкидлаганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу вазиятда нима қилиш керак?
Ҳар қандай ҳолатда ўз позициянгизни исботлашингизга, яъни солиқ органига пул жисмоний шахсдан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингизга тўғри келади.
Назаримда, солиқ органининг позицияси ғалати, сабаби эътироз билдириш учун жисмоний шахс томонидан жисмоний шахсдан олинган пул ўтказмаси дастлаб даромад тоифасига киритилиши керак. Яъни солиқ органида айнан ушбу пул ўтказмаси СКнинг 393-моддасига биноан Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар жумласига кириши юзасидан далиллар бўлиши керак. Буни амалга ошириш мушкул, чунки жисмоний шахс пулни қарзга, қарзни сўндириш ҳисобига юбориши, ҳадя қилиши, учинчи шахсларга юбориш мумкин ва ҳоказо.
СКнинг 42-моддасига асосан нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф даромад деб эътироф этилади.
Аммо, ҳатто далиллар (ёзма битим, мисол учун пулни ҳадя қилиш) мавжуд бўлса ҳам, ушбу сумма СКнинг 378-“Солиқ солинмайдиган даромадлар” моддаси 11-банди таъсири остига тушади.
Шуни таъкидлаб ўтаманки, СКнинг 212-моддасига асосан солиққа оид ҳуқуқбузарлик факти ва шахснинг уни содир этишда айбдорлиги тўғрисида далолат берувчи ҳолатларни исботлаш мажбурияти солиқ органларининг зиммасига юклатилади.
Солиқ тўловчи юзага келган вазиятда нима қилиши керак
Тўламаслик ва солиқчиларга жавоб бермаслик, солиқчилар сизни судга беришини кутиш мумкин. Судда сиз ҳужжатларни тақдим этишингиз ва ўтказма жисмоний шахс томонидан бўлганлигини исботлашингизга тўғри келади.
Бошқа вариант – ҳозир ҳаракат қилиш. Солиқ қўмитасига сизга билдирилган эътирозлар асосланмаганлиги юзасидан шикоят билан мурожаат қилинг. Ўтказма жисмоний шахсдан бўлганлигини исботловчи ҳужжатларни илова қилинг.
Buxgalter.uz тавсия қилади