АССА «DipIFR Rus»: имтиҳонни қандай қилиб аъло натижага топшириш мумкин (1-қисм)

preview

Июнь ойида Ирина Завалишинанинг курсини тугатганлар АССА «DipIFR Rus» имтиҳонини топширдилар. Уларнинг баъзилари катта миқдорда балл тўплаб, имтиҳондан аъло даражада ўтдилар.

Buxgalter.uz янги диплом эгаларидан уни олишга эндигина тайёргарлик кўраётганларга илҳом бериш ва рағбатлантиришни сўради. Жумладан, ўз маслаҳатларини бериш, шахсан уларга имтиҳонни топширишда нима ёрдам берганини айтиб беришни таклиф қилди. Улар қандай стратегияга риоя қилишди? Ҳақиқатан ҳам "кўчириш", шпаргалка олиб кириш мумкинми? Мураккаб саволни ўтказиб юбориб, кейингисига ўтиш керакми?

Бугун биз йирик логистика компаниясининг бош бухгалтери Нигина ЗИЯЕВА билан суҳбатлашамиз:

Нигина Мансуровна, нима учун сиз ДипИФР дипломини олишни хоҳладингиз?

Бизнинг компаниямиз йирик солиқ тўловчилар қаторига кирди ва МҲХС ишлаб чиқариш зарурияти бўлиб қолди. Бундан ташқари, халқаро сертификатга эга бўлиш билан мен шахсан ўзим учун касбда янада ўсиш истиқболларини кўряпман. Умуман олганда, МҲХС мен учун қизиқарли, шу йўналишда ривожланишни хоҳлайман.

Ҳамма нарса биринчи уринишдаёқ амалга ошдими?

Биринчи уринишда мен ҳеч қандай натижага эриша олмадим. 2022 йилда иш билан бандлигим туфайли яхши тайёргарлик кўрмаган эдим, лекин имтиҳон учун тўловни амалга оширганим учун, ҳеч бўлмаса у қандай ўтишини тушуниш учун имтиҳонга бордим. Ўшанда мен бу мураккаб имтиҳон эканлигини ва у жиддий тайёргарликни талаб қилишини тушундим. Бу ерда кўчириб бўлмайди, кимнингдир ёрдамидан фойдаланиб бўлмайди, шпаргалкалар олиб кириб бўлмайди...  Сиз фақат ўзингизга ва билимларингизга ишонишингиз мумкин.

50 балл ўтиш баллари ҳисобланади, лекин бу 50% жавобларингизга ишонишингиз мумкин дегани эмас. Биринчи 30 балл осон тўпланади, лекин ўтиш учун 50 баллни олиш - осон эмас. Менимча, камида 80% жавобларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш керак.

2022 йилда 19 балл тўплаган биринчи синов имтиҳонимдан сўнг 2 йиллик пухта тайёргарлик даври бошланди. Бутун стандартларни, алоҳида тушунча ва атамаларни ёдлаш, кўплаб мураккаб масалаларни таҳлил қилиш, тестларни ечишга тўғри келди.

Сиз масалалар ҳажмли, жуда чалғитувчи ва мураккаб тузилган бўлиши мумкинлиги билан тўқнашасиз. Уларни ечишда бир стандартдан ёки бир нечта стандартдан бўлиши мумкин бўлган таърифларга ҳам, шартларда кўрсатилган саналарга ҳам эътибор бериш керак. Имтиҳон топширувчи шартларда белгиланган барча вазифаларни  тўғри таҳлил қилиши ва тушунишига қараб ечим келиб чиқади. Шу билан бирга, энг қийини - охир-оқибат профессионал фикр билдириш. Бундай масалаларни ечишда муваффақият қозониш учун ҳам амалий тажриба, ҳам ёдланган назария, ҳам мантиқ, ҳам вақтни тўғри тақсимлаш қобилияти керак бўлади.

Ёзги сессияга тайёрланиб, мен максимал даражада жамланишга ҳаракат қилдим. Натижа - 70 балл - ўзим учун ҳам кутилмаган бўлди! Сессия доирасида имтиҳон топшириш спортдаги катта сакрашга ўхшаш эди. Бу сакрашни амалга оширишга ёрдам берган асосий омиллар деб олдингисини ечмасдан туриб кейинги топшириққа ўтмаслик ва вақтни тўғри тақсимлашни ҳисоблайман.

Илтимос, иккиланаётган ва уддалай олишига шубҳаланаётганларга бирор маслаҳат беринг.

Менимча, имтиҳонга тайёргарликка етарлича вақт ажратса, ҳар ким уддалай олади. Бухгалтер сифатида профессионал иш тажрибасига эга бўлганлар учун, албатта, осонроқ бўлади, янги бошловчилар учун қийинроқ. Лекин янги бошловчи ҳам, агар тайёргарликка кўпроқ вақт ажратса, уддалай олади. Маърузаларга қатнашишдан ташқари, кунига 2-3 соат вақтни стандартларни ўрганиш ва масалалар ечишга ажратишингиз керак.

Йирик компанияда бош бухгалтери сифатида ишдаги бандлик ва тайёргарликка кўп вақт ажратиш зарурати - мана шу мен учун энг қийини эди. Иш ва кечки маърузалардан кейин мустақил тайёргарликка умуман куч қолмас эди. Лекин уни ўтказиб юбориш мумкин эмас, режага қатъий амал қилиш керак. Курсда берилган топшириқлар ўз-ўзидан ечилмайди. Ва ёд олиш керак бўлган нарсалар - ўз-ўзидан ёдланиб қолмайди.

Ўқитувчи ва ўқув курси жамоаси юкламани енгишга ёрдам берди. "Норма" профессионал ривожланиш марказида тайёргарлик курсини топгунимча, мен учта бошқа ўқув марказида бўлган эдим.

Имтиҳонни топшириш муваффақиятининг гарови 70% ўқитувчига боғлиқ деб ҳисоблайман. Агар мен умуман тайёр бўлмаган биринчи имтиҳонга боришимни ҳисобга олмасак, мен учинчи уринишда муваффақиятга эришдим. Ва эҳтимол, агар Ирина Александровна Завалишина бўлмаганида, бу муваффақиятли уриниш бўлмас эди. Мен аллақачон қўлларимни тушириб, рад этиб, давом эттирмаган бўлардим.

Ирина Александровна шунчаки ўз соатларини ўқиб бериши ва талабаларнинг саволларига жавоб бериши керак бўлган ўқитувчи-маърузачи эмас. У буни ажойиб тарзда бажаради. Лекин маърузачилик истеъдодидан ташқари, у ҳар бир тингловчига алоҳида ёндашув топади. Биз - тингловчилар эса ҳаммамиз турлича, турли тажриба, ёш, мавқе, ютуқларга эгамиз. 20 ёшли талабалар эмасмиз. Шу билан бирга Ирина Александровна ҳар биримиз учун ўз фарзандидек қайғуради.

Унинг катта амалий хизмати сабабли биз имтиҳонга қандай самарали тайёргарлик кўриш ва  уни қандай топшириш кераклигини ўзлаштирдик. У  вақтни қандай тақсимлаш, ҳеч нарсани ўтказиб юбормаслик кераклигини тушунтиради. Бу тавсияларнинг барчаси жуда муҳим бўлиб чиқди. Албатта, Ирина Александровнага мағлубиятлардан кейин кетишимга йўл қўймагани учун ҳам катта миннатдорчилигим бор. "Сен буни охиригача етказишинг керак", деди у ва мана бу йил шундай бўлди.

Ўқиш давомида юзага келган муҳитни катта илиқлик билан эслайман. Тушунарли тарқатма материаллар, кофе-брейклар ва танаффусларда ҳамкасблар билан мулоқот. Бу илиқ муҳитга қайтгим келади, лекин олдинга ҳаракатланиш керак.

Имтиҳонда ўзини қандай тутиш керак?  

Биринчи марта боришга тайёрланаётганларга ва бир вақтлар топшира олмаган ва яна имтиҳонга бормоқчи бўлаётганларга маслаҳатим - ҳеч қачон умидсиз бўлманг, ҳеч қачон! Бу - асосийси. МҲХС дунёси ажойиб ва қизиқарли. Касбингизни севинг, унга бўлган муҳаббат бу оғир йўлдаги барча қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради.

Имтиҳонда:

  • вақтни беҳуда сарфламанг, ҳар бир дақиқани ҳисобланг;
  • ҳаяжон ва қўрқувларга чалғиманг, бунда тўлиқ диққатни жамлаш вақтни тақсимлашга ҳам ёрдам беради;
  • топшириқни ечмасдан туриб кейингисига ўтманг. Фақат ечимни билмасангизгина ўтиб кетишингиз мумкин.

Тиришқоқлик билан тайёргарлик кўриш, ўз-ўзини назорат қилиш ва машғулотларга етарли вақт ажратиш - бу умуман олганда муваффақият гаровидир!

Buxgalter.uz дан:

Суҳбатдошимизга маслаҳатлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва яна бир бор имтиҳонларда аъло натижаларга эришгани билан табриклаймиз!

Давоми бор...

 Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /en/publish/doc/text201509_assa_dipifr-rus_imtihonni_qanday_qilib_alo_natijaga_topshirish_mumkin_1-qism