Полезное для бухгалтера в ноябре:
Товарни сотишда унинг номини ўзгартириш мумкинми
«Супермаркет харид қилинган товарларни етказиб берувчиларнинг ЭҲФларида кўрсатилган номлар ва МХИК бўйича кирим қилади. Чакана савдо корхонаси товарни балансга кирим қилиб, кейин уни сотганда, уларни корхонада қабул қилинган номлар бўйича, етказиб берувчиларнинг ЭҲФларида кўрсатилган номлар бўйича эмас, бошқа ном билан акс эттиришга ҳақлими?».
Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗОМУТДИНОВА жавоб берди:
Мутахассис тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Захиралар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантириш, шунингдек уларнинг мавжудлиги ва ҳаракати устидан тегишли назоратни таъминлаш учун корхона товар-моддий захираларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлигини мустақил равишда белгилашга ҳақли. ТМЗларнинг хусусиятига, сотиб олиш ва фойдаланиш тартибига қараб, уларнинг бирлиги номенклатура рақами, партия, бир турдаги гуруҳ ва ҳоказо бўлиши мумкин .
Бу шуни англатадики, бухгалтерия ҳисоби мақсадларида корхона товарнинг келиб тушиши ва сотилишини ўзининг ҳисоб сиёсати ёки ТМЗларни ҳисобга олиш бўйича бошқа маҳаллий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ номенклатура бўйича ҳисобга олишга ҳақли.
Бироқ солиқ ҳисоби мақсадларида ЭҲФ ва НКТ чекларида товар номларини Маҳсулотларнинг (товарлар ва хизматларнинг) ягона электрон миллий каталогига мувофиқ МХИК бўйича, етказиб берувчиларнинг ЭҲФларида кўрсатилганидек акс эттириш керак.
Агар товарнинг номи жуда узун бўлса, уни қисқартириш ва ЭҲФ ҳамда НКТ чекларида акс эттириш мумкин. Асосийси, қисқартирилган ном бўйича ассортиментдаги қайси товар ҳақида гап кетаётгани тушунарли бўлиши керак.
Масалан, дўкон етказиб берувчидан 15% ёғлиликдаги 400 граммлик стаканчаларда «Доброе деревенское утро» қаймоғини сотиб олди. Товарнинг бундай узун номи НКТ чекидаги унинг учун ажратилган майдонга сиғмайди. Ҳисобда товарнинг қисқартирилган номини ишлатиш мумкин – «Доброе утро» қаймоғи 15%, 400 г.
Эсда тутиш керакки, ҳисоб-фактураларда ёки НКТ чекларида сотиб олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёки амалга оширилаётган фаолият турлари ва хусусиятларига мос келмайдиган идентификация кодларини (МХИК) акс эттириш солиқ базасини яшириш деб баҳоланади ва ЭҲФ ёки НКТ чекларида кўрсатилган сотилган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи миқдорида жарима қўлланилади .
Шундай қилиб, шартномалар, ҳисоб-фактуралар ва НКТ чекларини расмийлаштиришда товар номларини етказиб берувчилар ҳужжатларида кўрсатилган МХИК кодларига мувофиқ акс эттиринг.