Қандай қилиб устав фондини кўпайтириш орқали корхонанинг айланма маблағларини тўлдириш мумкин

07.05.2020

Хўжалик  фаолияти юритишнинг жорий шароитларида кўп корхоналар молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Илгари buxgalter.uz айланма маблағларни тўлдириш варианти сифатида қарз олиш тартиби ҳақида сўзлаб берганди. Бугун қўшимча бадаллар ҳисобига устав фондини кўпайтириш ҳақида сўз боради. Устав фондини қандай кўпайтириш, бу солиқ оқибатларига олиб келиши ёки олиб келмаслиги ва операцияларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш лозимлиги ҳақида гаплашамиз.

УФ қандай кўпайтирилади

Масъулияти чекланган жамиятнинг УФ ҳам унинг таъсисчиларининг, ҳам учинчи шахсларнинг қўшимча ҳиссалари ҳисобига кўпайтирилиши мумкин . Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қуйидагиларнинг аризалари асосида унинг устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

  • жамият иштирокчиси (иштирокчилари)нинг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси;
  • агар бу жамиятнинг таъсис ҳужжатларида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахснинг уни жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси. 
Эътибор беринг
УФ тўлиқ тўлангандан, яъни таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлиқ шакллантирилгандан кейин уни кўпайтириш мумкин.

УФни кўпайтириш учун:

1) МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унинг якунлари бўйича баённома тузинг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • қўшимча ҳиссаларнинг умумий қиймати;
  • жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси ёки учинчи шахснинг қўшимча ҳиссаси миқдори;
  • ҳиссаларни тўлиқ киритиш муддати.

2)  таъсисчилар қарорида белгиланган муддат давомида таъсисчилар УФга қўшимча ҳиссаларни киритадилар;

3) қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унда қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилинг:

  • УФга қўшимча ҳиссалар якунларини тасдиқлаш ҳақида;
  • УФ миқдори кўпайиши билан боғлиқ ўзгартишларни таъсис ҳужжатларига  киритиш тўғрисида;

4) таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан 30 кун давомида рўйхатдан ўтказувчи органга зарур ҳужжатларни тақдим этинг (Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, 09.02.2017 йилдаги 66-сон ВМҚга 1-илова);

5) таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин УФнинг кўпайишини 8330-счётда “Пай ва улушлар”да акс эттиринг.

Эътибор беринг
Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради.
Мисол
УФ кўпайтиришини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш
1 та юридик шахс ва 1 нафар жисмоний шахс МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади, уларнинг ҳар бирига корхона устав фондининг 50%идан тегишли. УФнинг миқдори – 340 млн сўм.
Таъсисчилар учинчи шахснинг ҳиссаси ҳисобига 160 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари билан УФни кўпайтиришга қарор қилишди. Қўшимча ҳисса иштирокчиларнинг умумий йиғилиши баённомасида белгиланган муддатда киритилди.
Қўшимча ҳиссани киритиш якунлари тасдиқлангандан кейин жамият УФ кўпайтирилиши бўйича таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилди.
УФ миқдори кўпайтирилгандан кейин 500 млн сўмни (340 + 160) ташкил этиб, ундаги улушлар энди қуйидаги тарзда тақсимланди:
  • 1-таъсисчи – 170 млн сўм, ёки 34%;
  • 2-таъсисчи – 170 млн сўм, ёки 34%;
  • 3-таъсисчи – 160 млн сўм, ёки 32%.
Бухгалтерия ҳисоби:
Операциянинг номи

Суммаси

(млн сўм)

Дебет Кредит
УФга қўшимча ҳисса киритилди

160

5110 «Ҳисоб-китоб счёти»

6630 "Устав капиталини

кўпайтириш бўйича

муассисларнинг улушлари"

УФнинг кўпайтирилган миқдори рўйхатдан

ўтказилди (таъсис ҳужжатларига

ўзгартиришлар давлат рўйхатидан

ўтказилган санада)

160

4610 "Устав капиталига

таъсисчиларнинг улушлари бўйича

қарзи"

8330 "Пай ва улушлар"
Қўшимча ҳисса суммаси ҳисобга олинди

160

6630 "Устав капиталини кўпайтириш

бўйича муассисларнинг улушлари"

4610 "Устав капиталига

таъсисчиларнинг улушлари

бўйича қарзи"

Солиқ оқибатлари

УФга олинган ҳиссалар қуйидагилар бўйича даромад сифатида инобатга олинмайди:

  • фойда солиғи ;
  • айланмадан олинадиган солиқ .

Агар сиз – ҚҚС тўловчи бўлиб, асосий восита, материаллар, товарлар ёки бошқа мол-мулк тарзида ҚҚС тўловчидан қўшимча ҳисса олган бўлсангиз, ҚҚСни ҳисобга олиш учун барча шартларга риоя қилинган тақдирда таъсисчининг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин .

Агар сиз ҚҚС тўловчи ҳисобланмасангиз, таъсисчининг ҳисобварақ-фактурасидаги ҚҚС суммасини олинган мол-мулкнинг бошланғич қийматига (таннархига) киритинг.

Агар УФнинг кўпайтирилиши рўй бермаган бўлса

УФнинг кўпайтирилиши рўй бермаган деб тан олинган ҳолатда жамият қўшимча ҳиссаларни қайтариб бериши даркор:

  • пул ҳиссаларини – 10 кун давомида;
  • пулсиз ҳиссаларни – 3 ой давомида.

Қуйидагилар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда:

  • пул ҳиссалари – жамият ҳисса киритувчиларга ўзгаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз тўлаши шарт ;
  • пулсиз ҳиссалар – жамият бой берилган фойдани қоплаши керак .

УФга олинган ҳиссалар жамиятнинг даромади ҳисобланмайди . Бироқ, УФ кўпайтирилиши рўйхатдан ўтказилмаган, шу боис солиқ органлари олинган суммаларни фоизсиз қарз деб эътироф этишлари хатари мавжуд.

Фоизсиз қарзларга солиқ солиш ҳақида бу ерда ўқинг.

Агар таъсисчиларнинг қарорига биноан киритилган маблағлар (воситалар) корхонада қолса, уларни қуйидаги тарзда акс эттиринг:

  • пул маблағлари билан киритилган тақдирда текин қайтарилмайдиган молиявий ёрдам (9380-счёт) сифатида;
  • бошқа мол-мулк билан киритилган тақдирда текинга олинган мулк (8530-счёт) сифатида.

Пул маблағлари суммасини ва (ёки) мол-мулкнинг қийматини фойда солиғи  ёки айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда жами даромадга киритинг .

 

Олег ЦОЙ,

«Норма» эксперти

УФ кўпайтирилиши рўйхатдан ўтказилмаган,...
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал