Штрихли кодлашга харажатларни чегирса бўладими

preview

Бугунги кунда деярли ҳар қандай товар ўзининг штрихли кодига эга. Штрихли кодлашга харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатлар ҳисобланадими? Ушбу саволга аниқ норматив жавоб мавжуд бўлмаганда қандай йўл тутиш кераклигини “Норма” эксперти Наталья МЕМЕТОВА айтиб берди:

- Ҳақиқатан штрихли кодлар ҳар жойда учрайди. Бу товарни идентификация қилиш учун қулай ихтиро, демак – сотиш ҳажмлари ҳисоби ва уларни назорат қилишнинг дастаги.

Штрихли код  махсус сканер ёрдамида ўқилади, товар ҳаракати тўғрисидаги ахборот корхонанинг ҳисобга доир маълумотлар базасига тушади, шунингдек касса чекида акс этади, бу харидорларга хизмат кўрсатиш вақтини қисқартиради.

Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, штрихли кодлашга харажатлар иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан мутлақо асосланган.

Шуниси қизиқки, маҳсулотга штрихли кодни тушириш учун корхона GS1 Uzbekistan уюшмасига киришига тўғри келади. Бу – ўзининг иштирокчиларининг аъзолик бадаллари ҳисобига фаолият юритадиган ва пуллик хизматлар кўрсатмайдиган ихтиёрий нотижорат ташкилоти.

Штрихли кодлар ҳар жойда учрашига қарамай, уюшмага мурожаат қилиш – ихтиёрий иш . Корхонани ўз маҳсулотларига штрихли кодларни туширишга мажбур қиладиган қонуний нормалар мавжуд эмас.

Нотижорат ва халқаро ташкилотларга бадаллар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади . Бу қоидадан қуйидагилар истисно ҳисобланади, агар бадалларни тўлаш:

  • қонун ҳужжатларида (шу жумладан – чет давлатлар қонун ҳужжатларида) назарда тутилган бўлса;
  • ва (ёки) корхона фаолиятини амалга оширишнинг шарти бўлса;
  • ёки бундай ташкилотлар томонидан корхона фаолияти учун зарур бўлган хизматлар тақдим этишнинг шарти бўлса.

Бир томондан, штрихли кодлаш аксарият корхоналар учун заруратга айланди. Ахир “зарурат”сўзининг маъноларидан бири – қандайдир иш учун жуда муҳим. Шунда бу – чегириладиган харажат, дейиш лозим.

Бошқа томондан, штрихли кодлаш қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан мажбурий ҳисобланмайди ва моҳиятан, усиз ҳам уддаласа бўлади. Бундай ёндашувда бу – чегирилмайдиган харажат. Тўғри, бугун штрихли кодсиз маҳсулотлар бозорда талабга эга бўлиши – катта масала...

СК 137-моддаси 29-бандини талқин қилишда ноаниқликларни олдини олиш мақсадида, “зарур бўлган” иборасини “мажбурий” сўзига алмаштириш таклиф қилинмоқда.

"Ўзстандарт" агентлигининг штрихли коднинг оригинал-макетини тайёрлаш ва бериш бўйича хизматлари шартнома асосида кўрсатилади . Лозим даражада расмийлаштирилган тақдирда ушбу хизматлар қиймати – бу чегириладиган харажат.