Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ноль даражали ставка қандай қўлланилади

25.04.2020

Солиқ кодекси билан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқи берилади. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан уни қўллаш тартиби ва шартларини «Норма» эксперти Олег ЦОЙ аниқ мисолларда тушунтириб берди.

Ноль даражали ставкани кимлар қўллаши мумкин

Фойда солиғининг 0%лик ставкасини қуйидагилар қўллаши мумкин:

1) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари – ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича;

2) ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар;

3) қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари;

4) экспорт қилувчилар – товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича;

5) ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган субъектлар;

6) Халқ банки – фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган даромадлар бўйича.

Солиқ тўловчилар фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш учун муайян шартларга мувофиқ келишлари керак. Фақат шундагина Фойда солиғи ҳисоб-китобига 6-«Ноль ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар фойдаси» иловасини тўлдирадилар.

Ушбу шартларни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қандай қўллайдилар

Корхонангиз бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарса ва унга бирламчи қайта ишлов берса. Бунда жами даромадда уни реализация қилишдан улуш солиқ даврида камида 80%ни ташкил этади;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш учун ер участкаларига эга бўлиб, улар бундай ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига қуйидаги маҳсулотлар киради:

  • қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;
  • чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;
  • ипакчилик маҳсулотлари;
  • балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.

 

Эътибор беринг
Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди. Шу сабабли уни реализация қилишдан олинган даромад ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улушини аниқлаш чоғида ҳисобга олинмайди.

 

Юқорида кўрсатилган шартларга мувофиқ келсангиз, ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.

Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 90%идан ошса, фаолиятнинг барча турлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.

 

Эътибор беринг
Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда улуши ва суммасини тўғри аниқлаш учун даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг қўлланилаётган усулини – тўғридан-тўғри ёки мутаносиб – ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, сабаби турли усулларнинг қўлланилиши ҳар хил натижа беради ва тегишинча, фойда солиғи суммасига таъсир кўрсатади.

 

Мисол
Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш
Корхона ҳисобот даврида 100 млн сўмлик реализация қилиш ҳажмига эга, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг мутаносиб усулини қўллайди. Корхона бошқа даромад олмаган. I вариант: ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан ошади Жами даромад қуйидагиларни реализация қилишдан олинган даромадларни ўз ичига олади: ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 92 млн сўм; саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 млн сўм; сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 3 млн сўм. Жами даромаддаги ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улушини аниқлаймиз: 92 : (92 + 5 + 3) х 100 = 92%. Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан ошгани боис корхона бутун фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин. II вариант: ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан кам Жами даромад қуйидагиларни реализация қилишдан олинган даромадларни ўз ичига олади: ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 82 млн сўм; саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 млн сўм; сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 13 млн сўм. Жами даромаддаги ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улуши қуйидаги миқдорга тенг: 82: (82 + 5 + 13) х 100 = 82%. Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан кам эканлиги боис корхона фақат ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин. Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага 15%лик ставкада фойда солиғи солинади.

 

 

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал