Солиқ солиш мақсадида ҳисоб сиёсатини қандай тузиш керак

preview

Январь ойида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигида улкан ўзгаришлар бўлади. Хусусан, унга солиқ солиш мақсадида ҳисоб сиёсатини тузишга оид махсус модда киритилди.

2020 йилга қадар биз солиқ солиш мақсадларига доир алоҳида ҳужжатга эга бўлмай туриб, солиқ сиёсатини юритганмиз. Энди у солиқ солинадиган базани ҳисоблаб чиқиш, солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисоблаш, солиқ ҳисоботини тузиш учун концептуал асос сифатида тузилади.

Солиқ солинадиган ҳисоб сиёсати қачон тузилади ва у қайси муддатда амал қилади

Солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб сиёсати (кейинги ўринларда – солиқ ҳисоб сиёсати, СҲС) ушбу ҳисоб сиёсати тасдиқлангач, жорий йилдан қўлланилади. Бу – қоидаси. Бироқ объектив сабабларга кўра СҲС-2020ни Солиқ кодексининг янги таҳрири  эълон қилинган кундан сўнг икки ой ичида тузинг. Қисқа муддат - 1 апрель, шу вақтга келиб ҳисоб сиёсатингиз тузилган бўлиши лозим.

СҲСда белгиланган қоидалар календарь йил мобайнида амал қилади. СҲС йил давомида ўзгартирилмаслиги лозим. Бироқ бир истисно мавжуд: солиқ қонунчилиги ёки солиқ солиш шартлари ўзгартирилган тақдирда, ҳисоб сиёсатининг фақат тегишли қисмига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Барча ўзгартириш ёки қўшимчалар 1-сон БҲМС талабларига мувофиқ киритилади.

Қандай шаклда тузиш керак?

СҲСни алоҳида ҳужжат ёки корхонанинг ҳисоб сиёсатининг бир бўлими кўринишида тузиш мумкин. Тасдиқланган шакли мавжуд эмас, бухгалтерия ҳисоби (БҲС) учун ҳисоб сиёсатида баён этиладиган шакл ва услубни олинг.

СҲС директорнинг буйруғи ёки фармойиши билан тасдиқланади.

Нималар акс эттирилиши керак?

СҲСда солиқларни ҳисоблаш ва солиқ ҳисоботини тузиш билан боғлиқ барча жиҳатларни қайд этамиз. У алоҳида ҳужжат кўринишида тузиладиган бўлса, кириш қисмида ташкилотнинг фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтинг:

  • ташкилот номи;
  • рўйхатдан ўтказилган сана;
  • фаолият тури;
  • ўртача йиллик ходимлар сони.

Кейин СҲСда қуйидагиларни кўрсатинг:

1) Ўзингиз (солиқ тўловчи, солиқ агенти) мустақил равишда ишлаб чиққан солиқ регистрларини тузиш шакллари ва тартиби;

2) Солиқ ҳисобини юритиш учун масъул шахслар;

Дастлабки масъул шахслар директор ва бош бухгалтер ҳисобланади. Бироқ сиз, масалан, солиқ маслаҳатчисини ёллашингиз ва унинг зиммасига солиқ ҳисобини юритиш мажбуриятини юклашингиз мумкин. Бу ҳолат албатта қайд этилиши лозим.

3) Қайси солиқларни тўловчи ҳисобланасиз;

4) Солиқ солиш мақсадида қабул қилинган алоҳида ҳисоб юритиш тартиби;

Фаолиятингиз турлари бўйича ҳар хил солиқ солиш тартиби назарда тутилган бўлса, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бўйича алоҳида ҳисоб юритиш лозим. Масалан, солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган операцияларни амалга оширади ёки оборотдан солиқ тўловчи бир нечта фаолият турини (савдо, воситачилик фаолияти, хизматлар кўрсатиш) юритади ҳамда улар бўйича солиш солиш объектлари ва солиқ ставкалари ҳар хил белгиланган бўлади. Буни СҲСда акс эттиринг.

5) Фойда солиғини ҳисоблаш ва ҚҚСни ҳисобга олиш учун харажатларни чиқимларга киритишнинг танланган усули;

6) Ҳар бир гуруҳдаги ва кичик гуруҳдаги активлар бўйича амортизация нормалари (ҳисоблаш усуллари);

7) Ҳар бир солиқ кесимида солиқ сиёсати; 

Ушбу бўлим бутун ҳисоб сиёсатида муҳим ҳисобланади. Сиз тўлаётган ҳар бир солиқни батафсил баён этишингиз лозим:

  • Нималар солиқ солиш объекти ҳисобланади?
  • Имтиёзлар мавжудми, қайсилари?
  • Солиқ ставкаси қандай?
  • Ҳисобот топшириш муддати қандай?

Масалан, солиқ солиш мақсадида фойда солиғини ҳисоблашда харажатлар ҳужжатлар билан асосланиши ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлиши лозим. Харажатларни қайси ҳужжатлар билан расмийлаштиришингизни акс эттиринг, уларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги мезонларни санаб ўтинг.

Шунингдек солиқ солиш мақсадида Солиқ кодексида кўрсатилган нормалар доирасидаги амортизация суммаси чегириладиган харажатларга киритилади. Бошқа нормаларни қўллайдиган бўлсангиз, сизда бухгалтерия са солиқ ҳисоби маълумотлари ўртасида фарқ юзага келади. Шу боис ҳар бир гуруҳ бўйича амортизация нормаларини (ҳисоблаш усулларини) кўрсатишни тавсия этамиз.

ҚҚС қисмида, солиқ тўловчи солиқ солинадиган ва солинмайдиган фаолият турларини амалга оширадиган бўлса, у солиқ солинадиган оборотга тўғри келадиган сумманигина ҳисобга олиши мумкин. Ҳисобга олинадиган сумма қуйидаги икки усулда аниқланади: алоҳида ва (ёки) мутаносиб усулда. СҲСда қайси усулни қўллашингизни қайд этинг.

8) Молиявий таваккалчиликлар билан боғлиқ операциялар;

Сизда молиявий таваккалчиликлар билан боғлиқ операциялар (хеджирлаш) мавжуд бўлса, СҲСда хеджирланадиган таваккалчиликларни, хеджирланадиган моддаларни ва уларга нисбатан фойдаланилган хеджирлаш воситаларини ёритишни тавсия этамиз. Хеджирлаш самарадорлиги даражасини баҳолаш услубиятини кўрсатинг.

9) Ўзаро алоқадор шахслар;

10) Бошқа муҳим жиқатлар.

СҲС тузилмаса қандай ҳолат юз бериши мумкин?

Ҳозирча қонун ҳужжатларида солиқ солиш мақсадида ҳисоб сиёсатининг мавжуд эмаслиги учун санкциялар белгиланмаган. Бироқ, биз ушбу ҳужжат, биринчи навбатда, ўзимизга солиқ сиёсатида қўлланиладиган усулларни асослаш учун керак эканлигини англашимиз керак. Солиқ кодекси бизга мустақил қарор қабул қилиш имконини берадиган вазиятлар ушбу ҳужжатда ёритилиши лозим. Солиқчилар билан мулоқотда айнан шуларни кўрсатиш мумкин.