Полезное для бухгалтера в декабре:
ЭҲФни рақамлаш тартибини бузганлик учун жазолашлари мумкинми
«Солиқ текшируви давомида инспектор корхонада ҳисобварақ-фактураларни рақамлаш тартибига риоя этилмаслигини камчилик сифатида кўрсатиб ўтди. Бунинг учун жазолашлари мумкинми?».
Вuxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, бошланғич бухгалтерия ҳужжатларини қандай тўғри рақамлаш лозимлиги юзасидан тушунтириш берди:
– Ушбу масалада «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга ва 1297-сон Ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисидаги низомга амал қилинг.
Хусусан, бошланғич ҳужжатларни рақамлашга қуйидаги талаблар белгиланган :
- муайян ҳисоб регистрига тегишли бўлган, ишлов берилган жорий ойнинг бошланғич ҳужжатлари хронологик тартибда жамланади;
- касса ордерлари, бўнак ҳисоботлари, банк кўчирмалари уларга тааллуқли бўлган ҳужжатлар билан биргаликда хронологик тартибда йиғилиши ва муқоваланиши керак.
Рақамлашга аниқ талаблар қўйилмаган, буни тушунса бўлади: рақамлаш вариантлари кўп бўлиши мумкин, ҳар бир корхона ўзи учун энг қулай вариантни танлашга ҳақли.
Ҳужжатларни рақамлашнинг энг кенг тарқалган вариантларини кўриб чиқамиз:
- тартиб рақами қўйиш;
- бошланғич ҳужжат, хусусан – ҳисобварақ-фактура рақами уни ижро этишда тузилган шартномага ҳам қўйилади;
- узоқ муддатли шартномалар бўйича бошланғич ҳужжат рақами у тузилган даврни кўрсатган ҳолда шартномага ҳам қўйилади.
Бунда корхонада ҳужжатларни рақамлаш тартибига риоя этиш учун ҳам, текширув чоғида корхонадаги ҳужжатлар айнан шундай рақамланишини, қабул қилинган шартли бирликлар нимани англатишини асослаш учун ҳам ушбу тартибни ё корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этишни, ё раҳбар буйруғи билан корхонада тегишли низомни тасдиқлашни тавсия этаман.
Тартиб рақамларида хатога йўл қўйиш, нотўғри рақамлаш текширувчиларга доим қўл келади, – улар нима учун бундай қилинганини аниқлашга ҳаракат қиладилар.
Рақамлашда хатога йўл қўйганлик ёки бунинг тартибини бузганлик учун, бунда барча ҳужжатлар хронологик тартибда жамланган бўлса, жавобгарлик назарда тутилмаган. Бироқ, рақамлашдаги хато ортида йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик яширилган бўлиб, назорат қилувчи орган уни фош этса, қонун бўйича жавоб беришга тўғри келади.
❖
ЭҲФда ҚҚС ставкаси ва дисконтни қандай акс эттириш керак: янги қоидалар, алоҳида мақолада батафсил ўқинг
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.