Нима учун ишлайдиган пенсионер шахсан келиб, пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаши лозим?

13.01.2021

Пенсиялари банк карталарига ўтказиладиган ишлайдиган пенсионерлар ҳар 6 ойда шахсан келиб пенсияга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлашлари лозим. Фаолият юритаётган иш берувчи, электрон ҳужжат айланиши, шахсни рақамли идентификациялаш ва ниҳоят, электрон ҳукумат мавжуд бўлган шароитда, нима учун ишлайдиган пенсионерлар бунга вақт сарфлаши ва Пенсия жамғармасига шахсан келиши талаб этилади?

Вuxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидагилар тушунтириб беришди.

Пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш тартиби 10 йил олдин қабул қилинган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган . Мазкур ҳужжатда пенсионернинг Пенсия жамғармасига шахсан келиши талаб этилади. Пенсионер прописка жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига белгиланган муддатларда келмаса, идора ходимлари 10 кун ичида унинг уйига боришлари ва ҳаёт эканлигини; яшаш жойини ўзгартирмаганлигини ёки хорижга чиқиб кетмаганлигини; жазони ўташ жойларида эмаслигини; нуронийлар ва ногиронлар интернат-уйларига жойлаштирилмаганлигини текшириб кўришлари керак бўлади.

Ҳаммаси жойида бўлса, пенсия тўлаш яна 6 ойга узайтирилади. Акс ҳолда – далолатнома тузилади ва пенсия тўланиши тўхтатиб турилади ёки бекор қилинади.

Иш ҳақидан мунтазам ажратмалар далили пенсия олишга бўлган ҳуқуқдан маҳрум этувчи ёки уни тўлашни бекор қилувчи барча ҳолатларни истисно этишига қарамай, ушбу тартиб ишлайдиган пенсионерларга ҳам татбиқ этилган.


Қачонгача бу тартиб амал қилади?

Пенсия жамғармаси вакилининг маълум қилишича, идора томонидан махсус мобиль иловалар ишлаб чиқилади, улар орқали пенсия ва нафақа олувчиларга тегишли ҳуқуқларини тасдиқлаш, банк карталарини очишга ариза тақдим этиш ҳамда пенсия ва нафақаларни олиш усулини масофадан туриб ўзгартириш имконияти яратилади.

Вuxgalter.uz таҳририяти Пенсия жаимғармаси яқин кунларда ўз режаларини амалга оширишига ва бу билан нафақат пенсионерларни пенсия олишга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлашга боришдан, балки ходимларини ортиқча иш юкламасидан халос этишига ҳам ишонади.


Саида ЖАНИЗАКОВА.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь